Абу Салама ибн Абдурраҳмон Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазонда ўқийдиган намози қандай эканлигини сўраганларида, уммул мўъминин Оиша онамиз разияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, ундан бошқасида ҳам ўн бир ракатга зиёда қилмас эдилар. Тўрт ракат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг яна тўрт ракат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг уч ракат (витр) ўқир эдилар”. – деб жавоб берганлар
Мазкур ҳадиси шарифга биноан пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таровеҳни саккиз ракат ўқиганликлари маълум бўлмоқда.
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан қилинган ривоят ҳам юқоридаги ҳадисни қувватлаб келган. Зеро, у зот “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойида бизга саккиз ракат намоз ўқиб бердилар ва витр ўқидилар. Эртаси куни биз масжидга йиғилдик, ул зоти шариф чиқади, деб ўйладик. Бас, тонг отгунча бизнинг олдимизга келмадилар. Сўнг келганларида, биз айтдикки: “Эй, Расулуллоҳ! Кеча масжидда тўпланган эдик, бизга намоз ўқиб берасиз деб умид қилган эдик”. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга фарз бўлиб ёзилишидан қўрқдим”, – дедилар”.
Шундоқ бўлса-да, таровеҳни йигирма ракат эканлигига саҳобалар, тобеъинлар, ҳамда улардан кейинги авлодлар ва барча фиқҳий мазҳабларнинг имомлари иттифоқ қилганлар. Жумладан, Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда йигирма ракат таровеҳ ўқиганлар ва витрни ҳам ўқиганлар. Имом Байҳақий ҳам мазкур ҳадисни ривоят қилиб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма ракатни жамоатсиз ўқир эди”, деб қўшимча қилганлар. Абу Абдураҳмон Суламийнинг ривоятида, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Рамазонда қориларни чақириб, улардан бирига одамларга йигирма ракат ўқиб беришни буюрган, Ҳазрати Али эса уларга витрни ўқиб берганлар.
Язид ибн Румон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттобнинг замонида одамлар йигирма уч ракат ила қоим бўлар эдилар”. Йигирмаси таровеҳ, учтаси витр. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврларида одамларнинг рамазон кечаларида масжидга тўплаб, таровеҳни йигирма ракат жамоат билан ўқишни жорий қилдилар. Саҳобалардан бирор киши бу ишга қарши чиқмади. Ҳатто ҳазрати Умардан кейинги ҳазрати Усмон ва ҳазрати Алийдек хулофои рошидинлар мартабасидаги зотлар ҳам бу амални тўхтатишмаган. Ваҳоланки, бу улуғлар диндаги бидъат амалларнинг рўпарасида ҳаргиз сабр қилиб турмаганлар, балки у бидъат бўлса, ўз ўрнида тўхтатардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилгандилар: “Ўзингларга менинг суннатимни ҳамда рошид ва маҳдий бўлган (яъни, ҳидоят, тўғри йўлда юрувчи) халифаларимни суннатини лозим тутинглар, буни ақл тишларинг билан маҳкам тишлаб олинглар”. (Абу Довуд ривояти). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур кўрсатмаларига мувофиқ Мулло Али қори раҳматуллоҳи алайҳ “Мишкатул масобиҳ”нинг шарҳи “Мирқотул мафотиҳ”да саҳобалар таровеҳ намозининг йигирма ракат эканлигига ижмо қилишганлигини келтирганлар.
Юқоридаги ривоятлардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, таровеҳ намозининг йигирма ракатлиги кеча ёки бугун пайдо бўлган нарса эмас, балки Ҳазрати Умарнинг халифалик даврларидан бошлаб жорий қилинган суннат экан. Ўтган аждодларимиз ушбу суннатга оғишмай амал қилиб келган. Аллоҳ таоло бизларга ҳам ана шундай мустаҳкам эътиқодда бўлишимизни насиб этсин.
Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдуғофур Ниязқулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эй азиз ёшлар!
Сиз гиёҳванд модданинг қулига айланиш учун дунёга келмагансиз.
Аллоҳ сизни буюк мақсадлар учун яратди. Сиз гўзал орзулар сари қадам ташлайдиган, илм олиш, Инсонийятга хизмат қилиш, ота-онангизнинг юзини ёруғ қилиш учун яратилгансиз.
Сизни онангиз тўққиз ой бағрида кўтариб, тунлари уйқусиз қолиб, кўз ёш тўкиб катта қилгани – бир кун келиб кўчаларда сарсон бўлишингиз учун эмас.
Отангизнинг пешона тери, машаққати ва умри – заҳар тутатиб ўтиришингиз учун эмас.
Бир лаҳза тўхтаб ўйлаб кўринг...
Агар бугун сиз қўлингиздаги гиёҳванд моддага қараётган бўлсангиз, бир четда онангиз сизнинг келажагингиз ҳақида дуо қилиб ўтиргандир. Агар сиз гуноҳга қадам қўяётган бўлсангиз, отангиз сизни одамлар ичида ҳурматли инсон бўлсин деб меҳнат қилаётгандир.
Сиз бунинг учун туғилмадингиз!
Сизнинг қўлингизда кашфиётлар калити бўлиши керак эди, заҳар эмас.
Сизнинг тилингизда шукру зикр бўлиши керак эди, дилларни оғритадиган гаплар эмас.
Сизнинг қалбингизда орзу ва мақсадлар бўлиши керак эди, пушаймонлик эмас.
Бугун сизни гуноҳга чорлаётган "дўстлар" қабрга сиз билан кирмайди. Ҳисоб-китоб кунида ҳам ёнингизда турмайди. Аммо қилган амалларингиз сиз билан бирга боради.
Шунинг учун ҳали вақт бор экан, ортга қайтинг!
Бир дона тавба баъзан йиллар давом этган гуноҳдан кучли бўлади.
Бир дона қатъий қарор баъзан бутун ҳаётни ўзгартириб юборади.
Эй ёш мусулмон! Сиз ТикТок ва Instagram лентасида адашиб қоладиган, нафсининг ортидан югурадиган авлод эмас, балки тарих ёзадиган авлодсиз.
Сиз умматнинг умиди.
Сиз ота-онангиз дуоси.
Сиз жонажон ватанингизнинг эртанги умидисиз.
Сиз илм мажлисларининг безагисиз.
Ўзингни арзон нарсаларга сотиб юборманг. Чунки Аллоҳ сизни жуда қиммат яратган.
Бир лаҳзалик кайф учун бир умр афсус чекишга арзимайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”.
Гиёҳванд моддага берилган инсон ҳам ўзига ҳам бошқаларга улкан зарардир.
Уламоларимиз айтадилар: “Маъсиятларнинг бошланиши шаҳватдир, охири эса ҳасрат ва надоматдир”.
Бугун гуноҳ лаззатдек кўринади, аммо эртага қалбни эзадиган пушаймонликка айланади.
Эй ёшлар! Бир лаҳзалик лаззат учун бир умр ҳасрат чекиб қолманг. Гиёҳвандлик сизга бахт ва эркинлик эмас, қуллик ва пушаймонлик олиб келади. Ўзингизни ҳам, ота-онангизнинг умидларини ҳам асранг!
Аллоҳ барча ёшларимизни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва ҳар бир ёмон иллатдан асрасин. Омин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби