Тўртинчи кун рўзасини ёруғ юз билан қиёмига етказдик, деб хурсанд бўлиб ифтор қилиб олдик, Аллоҳ таоло ибодатимизни қабул айлаган бўлсин. Икки пиёла чой ичиб танамиз роҳатлангач, таҳоратимизни янгилаб мушку анбарлардан суриб масжидга ошиқамиз. Бугун бешинчи таровеҳни ўқиймиз – Хатм ул-Қуръонни беш порага етказамиз, иншааллоҳ.
Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бандаларнинг бир қисми пойтахтимизнинг “Оқ-тунука” масжидида таровеҳга ҳозир бўлдилар. Бинобарин, Имом Термизий Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:
“Ўзингизга кечалари қойим бўлишни лозим тутинг. Зеро, у сиздан олдинги солиҳ зотларнинг одатидир. У Парвардигорингизга сизни яқинлаштирадиган, ёмонликлар учун каффорат бўладиган, гуноҳлардан қайтарадиган амалдир”.
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати