Муборак рамазон ойининг қутлуғ кунларида хайрия тадбирлари ўтказиш, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли фаолият кўрсатиш барчамизнинг олдимизга қўйган мақсадимиздир. Зеро, рамазон ойи рўза тутиш билан бир қаторда бағрикенглик, бирдамлик, тинчлик-осойишталикка сабаб бўлувчи меҳр-мурувват ойидир. Бу ойда қилинадиган меҳр-мурувватга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чорлаб: “Эҳсонларнинг афзали рамазон ойида қилинганидир”, деб марҳамат этганлар (Имом Термизий ривояти).
Яна бир ҳадиси муборакда рамазон ойида қилинган хайр-саховатлар бошқа ойларда қилинган хайр-саховатлардан афзаллигини билдириб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг сахийси эдилар. Айниқса, муборак рамазон ойида, Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетар эдилар”, деганлар.
Ривоятларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ойини “сабр ойи” деб номлаган бўлсалар бошқа бир ривоятда рамазони шариф инсоннинг ирода ва сабрининг ярми эканини таъкидлаб: “Рўза сабрнинг ярмидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатлари ҳар бир инсоннинг қалбидан жой олиши таҳсинга лойиқ. Шу маънода, қалблари таскинга муҳтож, эҳтиёжи чекланганларга эътибор қаратишдан кўра аъло фазилат бўлмаса керак.
Айнан шу неъматларга ҳамоҳанг вилоятимиздаги барча масжидларда таровеҳ ва хатми Қуръонлар бошлаб юборилди. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан тингламоқдалар. Қайси бир масжидга назар солсангиз муборак рамазон ойи шукуҳи давом этмоқда. Ана шу неъматлар ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва осойишталик неъматидир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва тараққиёт бўлади. Ибодатлар тинч ва осойишталик ила адо этилади. Фарзандларимизнинг қувноқ овозлари жаранглайди.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан