Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Октябр, 2026   |   17 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:30
Қуёш
06:49
Пешин
12:12
Аср
15:42
Шом
17:27
Хуфтон
18:41
Bismillah
28 Октябр, 2026, 17 Жумадул аввал, 1448

“Суннатларнинг онаси”

28.05.2017   21826   5 min.
“Суннатларнинг онаси”

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Бир куни Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Бизларнинг бирортамиз уни танимадик ҳам. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  тўғриларига ўтирди.  Икки тиззасини У зотнинг тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва “Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга Ислом  ҳақида ҳабар бер”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; “Ислом – Лаа илаҳа илаллаллоҳу Муҳаммадур  Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни  тўкис адо этмоғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг байтни ҳаж қилмоғинг, дедилар”. “Тўғри айтдинг”, -деди. Биз унинг ишидан ажабландик. Ўзи сўрар ва ўзи тасдиқ қилар эди.

“Менга иймон ҳақида ҳабар бер”-деди. “Иймон – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг”, дедилар. “Тўғри айтдинг”, деди.

У “Менга эҳсон ҳақида ҳабар бер”, деди. “Эҳсон – Аллоҳга ҳудди уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен уни кўрмасанг У сени кўриб турибди”, дедилар.

“Менга қиёмат ҳақида ҳабар бер”, деди. “Бу борада сўралинаётган киши сўраётган кишидан билгувчи эмас”, дедилар.  “Унда унинг аломатлари ҳақида хабар бер”, деди.  “Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларни бино қуришда бир-биридан ўзишга уринишларини кўрмоғинг”, дедилар. 

Сўнгра у қайтиб кетди. Бир муддат туриб қолдим.  Сўнг У зот менга “Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?”, дедилар. “Аллоҳ ва унинг Расули билгувчи”, дедим. “Албатта У Жаброилдир. Сизларнинг динингизни ўргатиш учун келибди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ибн Дақийқ ал-Ийд айтади: “Бу ҳадис жуда  муҳим ҳадис бўлиб, у барча зоҳирий ва ботиний амалларни ўзида мужассам этган. Шариат илмларининг барчаси бу ҳадисдан тўйинган. Чунки, бу ҳадис барча суннат илмларини  жамлаган. “Фотиҳа” сураси Қуръоннинг онаси деб номлангани каби бу ҳадис ҳам суннатнинг онасидир”.

“Жибрил ҳадиси” номини олган бу ҳадис мутавотир ҳадис ҳисобланади. Зеро, бу ҳадисни Абу Ҳурайра, Умар, Абу Зарр, Анас, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Омир Ашърий, Жарийр Балхий каби буюк саҳобийлар ривоят қилганлар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар;

Кийим бош ва кўринишни чиройли тутиш. Масжид ва илм мажлисларига бориш учун покиза кийимларни кийиш ва ҳушбўйликларни суриш мустаҳаб саналади. Шунингдек илм мажлисларида олимлар билан одоб доирасида муомилада бўлиш. Зеро, Жаброил алайҳиссалом инсонларга гаплари ва холатлари билан илм ўргатиш учун ташриф буюрган эдилар.

Эҳсон нима? Эҳсон – бирор ишни пухта ва ихлос билан қилишликдир. Яъни, Аллоҳ таолога ибодат шу даражада холис бўлиши керакки, гўёки банда ибодат вақтида Аллоҳни кўриб тургандек бўлиши керак. Агар бунинг уддасидан чиқа олмаса, шуни ёдига тутсинки, Аллоҳ таоло уни кўриб турибди ва ундан содир бўлаётган барча катта ва кичик амаллардан хабардор эканини ҳис қилиб туришидир.

Қиёмат ва унинг аломатлари. Қиёмат қачон қоим бўлиши фақатгина Аллоҳ таолонинг ўзигагина маълум бўлган ғайбий ишдир. Бироқ ҳадисда унинг аломатлари зикр қилинмоқда.

Илм ҳақида сўрашнинг зарурлиги. Мусулмон инсон ўзининг дунёси ва охирати учун фойдали нарсалар ҳақида сўраб ўрганиши ва бефойда нарсаларни тарк қилиши лозим. Шунингдек, бир илм мажлисига борса ва бу ердагилар бирор масалага мухтож эканликларини кўрса-ю, бироқ бу масала ҳақида ҳеч ким сўрамаётган бўлса, агарчи ўзи бу ҳақда билса ҳам ҳудди билмаган одам сингари бу ҳақда олим  одамга савол бериши керак. Чунки унинг  саволи натижасида шу масаладан бехабар бўлганлар унинг  моҳиятини билиб оладилар.

Кимки ўзи билмайдиган нарсалар ҳақида савол берилса унга “билмайман” деб жавоб қайтариши вожиб бўлади. Бу унинг тақвоси ва илмини тўғри йўналтирганининг далилидир.

Савол жавоб ҳам тарбия бериш усулларининг биридир. Бу услуб қадимда ҳам ҳозирда ҳам оммалашган усулдир. Шунингдек, бу усул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўп ҳадисларида ҳам такрорланган. Зеро, бундай услуб тингловчиларнинг назарини ўзига жалб қилади ва уларни жавобга ташна холатга келтиради.

Жалолиддин  Ҳамроқулов

"Новза" жоме  масжиди имом-хатиби,

ТИИ ”Таҳфизул Қуръон” кафедра мудири

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бокуда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг муштарак тарихий мероси ва илмий ҳамкорлигига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди

28.10.2026   18378   6 min.
Бокуда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг муштарак тарихий мероси ва илмий ҳамкорлигига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди

26 октябрь куни Боку шаҳридаги Халқаро Муғом марказида “Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирда икки мамлакатнинг тарихий ва маънавий алоқаларини чуқур ўрганиш, буюк алломалар меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, илмий-тадқиқот ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Анжуманда мамлакатимизнинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов, Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Исо Ҳабиббейли, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Мусулмонлар идораси вакиллари, музейлар раҳбарлари, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақидаги ҳужжатли фильм иштирокчиларга тақдим қилинди. Марказ нашрларидан иборат китоблар кўргазмаси орқали меҳмонлар мамлакатимизнинг бой тарихий, илмий ва маънавий мероси билан танишиш имконига эга бўлди.

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафхонов икки халқ ўртасидаги тарихий яқинлик, муштарак қадриятлар ва стратегик шериклик муносабатларининг аҳамиятини таъкидлади. У Буюк ипак йўли асрлар давомида халқлар ўртасида билим ва маданий ютуқлар алмашинувига хизмат қилганини қайд этиб, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий, Имодиддин Насимий ва Муҳаммад Фузулий каби алломалар мероси икки халқни бирлаштирувчи умуминсоний бойлик эканини таъкидлади.

Элчининг қайд этишича, олимлар ва тадқиқотчилар илмий факультетлар ва институтлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда. Умумий тарихий хотирани биргаликда ўрганиш ва ривожлантириш, ёш тадқиқотчилар учун дастурларни амалга ошириш ҳамда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Энг муҳими, мазкур конференция айнан шу мақсадларга хизмат қилди.

Таъкидланганидек, дипломатия эшиклари очиқ, илмий кўргазмалар фаолият юритмоқда. Маданий мерос галереялари ўз имкониятларини намоён этиш фурсати келишини кутмоқда. Ислом цивилизацияси маркази бу борада мулоқот учун янги ва чинакам ноёб майдонга айланди. Боку ва Тошкент ўртасидаги илмий, маданий ва гуманитар алоқалар янада мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов марказнинг асосий ғояси, унинг илм-маърифатни тарғиб этиш ва аждодлар меросини келажак авлодларга етказишдаги ўрнига тўхталди.

“Халқларимиз ўртасидаги тарихий алоқалар исломдан олдинги даврларга ҳам бориб тақалади. Сўнгги йилларда ислом цивилизацияси бу алоқаларни янада бойитди, – деди Фирдавс Абдухолиқов. – Олимлар бир-биридан ўрганди, китоблар бир юртдан бошқасига тарқалди, бир заминда туғилган ғоя бошқасида ривожланди. Ибн Сино ва унинг озарбайжонлик шогирди Баҳманёр, Насириддин Тусийнинг Мароғадаги ва Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги илмий мактаблари ана шу боғлиқликнинг ёрқин мисолидир.

Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си Алишер Навоийга илҳом берди. Навоий туркий тилда ўз “Хамса”сини яратди. Унинг ижоди эса озарбайжон шоири Кишварийга кучли таъсир кўрсатди.

Тошкентда сақланаётган бир қўлёзмада Навоий ва Фузулий асарлари бир муқова остида жамланган. Икки буюк шоир – бир китобда. Бугун бу яқинлик Президентларимиз Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг ўзаро ишончи ва амалий ишларида давом этмоқда.

Фузулий шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги мактабни икки давлат раҳбари биргаликда очди. Фузулий номидаги шаҳар. Улуғбек номидаги мактаб. Унда билим олаётган болалар. Тарих билан бугунги кун ана шундай учрашади. Буюк аждодларимизнинг номлари янги авлодни илмга чорлайди”.

Анжуман доирасида икки халқнинг мусиқий мероси, хусусан, Озарбайжон муғоми ва ўзбек мақоми ўртасидаги муштараклик ҳам эътироф этилди. Миллий мусиқа анъаналари халқларнинг маънавий яқинлигини ифода этувчи муҳим маданий бойлик сифатида намоён бўлди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларида ҳамкорлик учун янги имкониятларни яратмоқда. Тарихий яқинлик, муштарак маданият, маънавий қадриятлар ва ягона маданий маконга мансублик давлатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштирмоқда.

Айнан мана шу жиҳатларда Ўзбекистон ва Озарбайжон қардош халқларини бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий алоқаларни кўрамиз. Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби алломалар мероси туркий халқлар ўртасидаги диний ва маънавий муносабатлар асрлар давомида нақадар мустаҳкам бўлганини яққол намоён этади.

“Буюк мутафаккирларнинг маънавий камолот, инсонпарварлик ва ахлоқий тамойиллар ҳақидаги ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Озарбайжоннинг диний муассасалари ва уламолари билан диний-маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр”, – деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.

Тадбирнинг муҳим натижаларидан бири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Озарбайжон Миллий Фанлар академияси ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши бўлди. Мазкур келишув тарихий меросни биргаликда ўрганиш, илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

“Бизни қадимдан турли даврлар ва сулолалар бирлаштириб келган. Темурийлар, Сафавийлар, Хоразмшоҳлар ва бошқа кўплаб сулолалар даврида аждодларимиз бир заминда яшаб, муштарак тарих, дин, маданият ва маънавий қадриятлар асосида ривожланган, – дейди Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Исо Ҳабиббейли. – Бугун биз уларнинг бой мероси ва эзгу анъаналарини давом эттириб, қўшма лойиҳалар, илмий учрашувлар ва халқаро конференциялар орқали ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаяпмиз”.

Ўзбекистон ва Озарбайжон олимлари ҳамда тадқиқотчиларининг ўзаро ташрифлари, илмий мулоқотлари бу алоқаларнинг изчил ривожланаётганидан далолат беради. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат мамлакатингиз, балки бутун туркий дунё учун ҳам улкан аҳамиятга эга бўлган мегалойиҳадир.

Айниқса, бой тарихий мероснинг замонавий технологиялар ва ёш авлодга мос форматлар орқали тақдим этилиши алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги тадбир ҳам халқларимиз ўртасидаги тарихий ришталарни мустаҳкамлаш, илмий алоқаларни кенгайтириш ва келгусидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Анжуман якунида Озарбайжон муғоми ва ўзбек мақоми ижрочилари иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Миллий санъат намуналари икки халқнинг бой маданий мероси ва муштарак маънавий қадриятларини яна бир бор намоён этди.

Бокуда ўтказилган халқаро анжуман Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, буюк аждодлар меросини кенг тарғиб қилиш ва замонавий илмий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари