Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Октябр, 2026   |   25 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:25
Пешин
12:11
Аср
16:12
Шом
18:01
Хуфтон
19:15
Bismillah
06 Октябр, 2026, 25 Рабиъус сони, 1448

11

15.05.2017   7208   1 min.
11

1944 йили Фарғона туманида туғилган. Ўрта мактабни битирганидан сўнг ҳарбий хизматга чақирилди. Кейин Олтиариқ тумани, Марғилон шаҳридаги турли идораларда хизмат қилди. 1975–79-йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олди. Олий маъҳадни битиргач, “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали таҳририятида масъул котиб бўлди. 1980–81-йиллари Судан Республикаси Ислом университетида таҳсилни давом эттирди. 1982–2006 йиллари диний идора Фатво бўлими мудири, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим, “Мовароуннаҳр” нашриёти мудири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори каби масъул лавозимларда хизмат қилди. 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосаридир.

Шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” қайта-қайта нашр қилинди. Устоз “Саҳиҳи Бухорий”ни таржима ва шарҳ қилиб, икки жилдда нашр эттирган. Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида тузилган диний адабиётлар нашри бўйича махсус ҳайъат раисидир.

Шайх Абдулазиз Мансур Халқаро Ислом фиқҳи академияси, Мусулмон олимлари олий ҳайъати аъзоси. Кўплаб мақолалар, китоблар муаллифидир.

Идора фаолияти
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Устоз – қалб меъмори

30.09.2026   34548   5 min.
Устоз – қалб меъмори

                Устоз – муаллимсиз  қолганда  замон,

 Нодонликдан   қаро  бўларди  замон.

Абдураҳмон  Жомий

   Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Албатта, бу байрам Юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимиздан саналади. Бу ёруғ оламда онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот бу муаллим ва мураббийлардир. 


   Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга «пайғамбарларнинг меросхўрлари» деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:


“….Аллоҳ Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба) ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят). 


  Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амал бўлиб, бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиздир. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва ҳаттоки балиққача одамларга яхшиликни  таълим берувчига салавот айтадилар» (Имом Термизий ривояти).


  Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Устоз ва муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир.


   Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, ходиму тадбиркор каби кишилик жамиятига фойдаси тегадиган керакли ва фидойи инсонларни кутиш мумкин эмас.


   Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам бизда шогирдларига илм – ҳикматни танитувчи устозлар ҳурмат қилинган. Бу ҳақида қуйидаги ривоятларни келтириб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмас:


   Муҳаддислар султони Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.


   Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».


   Устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.


  Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.

 
Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.


     1-октябрь "Ўқитувчи ва мураббийлар" куни билан бугунги кунда динимиз равнақи, ёш авлодни соғлом эътиқод, ватанпарварлик ва юксак ахлоқ руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатаётган барча устоз ва мураббийларимизни чин қалбдан муборакбод этамиз!


   Аллоҳ таоло ҳар бир устозимизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, илмий ва маърифий фаолиятларида улкан зафарлар ато этсин. Қилган барча солиҳ амаллари ва ўргатган илмлари уларга садақаи жория бўлиб турсин!


 Ҳамиша эъзозда ва эҳтиромда бўлинг, қадрли устозлар!

 

 

Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл тумани “Қирсадақ” 
жоме масжиди имом хатиби

Кун мавзуси