Бўлим мудири: Жалолиддин Нуриддинов

|
Қабул вақтлари |
Душанбадан Жумагача |
|
Телефон рақами |
+99871 240-17-98 |
|
Электрон почта |
Бўлим Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент Ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларида таълим-тарбия ишларини ташкил этиш ва такомиллаштириш, ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиб-қоидалари ва режаларини ишлаб чиқиш, қабул ҳамда имтиҳон ҳайъатлари таркибини тасдиқлаш учун тавсия этиш, диний таълимнинг янгича шакл ва услубларини жорий қилиш каби масалалар билан шуғулланади. Мударрислар малакасини мунтазам ошириб бориш, бунинг учун махсус курслар ташкил этиш, талабаларни дарслик, ўқув қўлланмалари ва кўргазмали қуроллар билан таъминлаш, диний таълим бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш, хорижлик ҳамкасблар билан алоқалар ўрнатиш, тажриба алмашиш ҳам бўлимнинг асосий вазифалари сирасига киради.
Истиқлол туфайли диний таълим соҳасини ислоҳ қилиш, ривожлантириш учун кенг имкониятлар очилди. Таълим муассасаларида дарсларни энг замонавий техника воситалари ва кўргазмали қуроллар ёрдамида ўтказиш, талабаларнинг компютер саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда барча билим юртларида компютерлар ва бошқа замонавий керакли воситалар билан жиҳозланган информатика асосларини ўргатиш хоналари, ахборот-ресурс марказлари ишлаб турибди.
Ўқув юртлари кутубхоналарининг зарур диний, илмий, адабий-маърифий китоблар, дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминланиши доимий назоратга олинган. Ҳозир мазкур кутубхоналарнинг жами китоб захираси 110 минг жилддан ортиб кетди, уларнинг 40 мингдан зиёди диний адабиётлар, қолганлари дунёвий ва илмий-маърифий нашрлар, қўлланмалардир.
Талабаларнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб етишувини кўзлаб билим юртларида ёғоч ўймакорлиги, наққошлик, саҳҳофлик, дурадгорлик, компютер оператори, ҳисобчилик, пазандалик, бичиш-тикиш, зардўзлик каби ҳунарларни ўргатиш ҳам йўлга қўйилган.
Қорилар мусобақаси, “Йил ўқитувчиси”, “Йил кутубхоначиси”, “Моҳир қўллар” кўрик-танловлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Идора тизимидаги таълим масканларида “Баркамол авлод” дастури бўйича спорт мусобақалари ўтказиш яхши анъанага айланган. Институт ва билим юртларида спортнинг шоҳмот, шашка, кураш, стол тенниси, футбол турлари бўйича мусобақалар ташкил этилмоқда. Якуний босқич “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуида ўтказилиб, ғолиблар махсус совринлар билан тақдирлаб борилади. Шунингдек, ўн йилдан буён таълим тизимида фанлар бўйича ягона олимпиада ўтказишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бўлимга ҳозир Жалолиддин Нуриддинов раҳбарлик қилади.
Бўлимда
Дўсматов Акбар Хидирович-Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири ўринбосари
Ходжаев Умиджон Ражаббоевич- Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими етакчи мутахассиси
Абдураҳимов Давронбек Мухамадаминович- Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассислари фаолият олиб боришмоқда.
Бўлим фаолиятидан фотолавҳалар:


Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди.
Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.
Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати