Бўлимда Марям Абдуллаева ҳамда Мунира Абубакировалар фаолият юритишади.
Қабул вақтлари: душанба - жума кунлари соат 9-00 дан – 17-00 гача |
Телефон рақами: +99871 240-05-07 |
Электрон почта: umi_nisa@mail.ru |
Бўлимнинг вазифалари:
Хотин-қизларнинг диний маърифий салоҳиятини ошириш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, она ва бола саломатлигига эътибор қаратиш йўлида Хотин-қизлар қўмиталари, Республика “Оила” илмий-амалий маркази ва Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда иш олиб боради.
Идорага мурожаат қилиб келган аёл-қизларнинг диний-маърифий ва оилавий муаммоларини ҳал қилиш юзасидан тегишли маслаҳатлар беради ҳамда ваколати доирасида ёрдам кўрсатади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари билан ҳамкорликда қуйидаги ишларни олиб боради:
Аёллар ўртасидаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатиш, миллий қадрият ва ҳанафий мазҳаби таълимотига зид бўлган ғояларни тарғиб қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик чоралари кўриш;
Шунингдек, фолбинлик ва бидъат-хурофотларни олдини олиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориш;
Ўқув муассасалари, ташкилот ва маҳалла йиғинларида аёллар ва қизлар маърифатли, ватанпарвар, оила ва жамият манфаатига хизмат қилувчи шахс сифатида камол топишига ва уларни турли бузғунчи оқимлар таъсиридан сақлаш;
Аёллар орасида тўй ва маърака-маросимларнинг дабдаба ва исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тарғибот олиб бориш;
Жамиятда учрайдиган гиёҳвандлик, ахлоқсизлик ва ўз жонига қасд қилиш каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жойлардаги Хотин-қизлар қўмиталари ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб бориш;
Аёллар орасида оилавий ажримлар, қайнона-келин, эр-хотин можароларининг олдини олиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориш;
“Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетаси ва “muslim.uz” сайтида турли мавзуларда мақолалар билан иштирок этиш.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Қуръони карим оятлари ёзилган қоғозларни ерга ташлаш ёки улардан мева-чева, писта-бодом ва шунга ўхшаш нарсаларни ўрашда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Бунга динимизнинг муносабати қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони карим оятлари, ҳатто унинг бошқа тилга ўгирилган таржимаси ёзилган варақлардан сиз айтган ҳолатларда фойдаланиш нотўғри, балки оғир гуноҳ ҳисобланади. Чунки бу Қуръони каримни таҳқирлаш ва хорлаш демакдир. Бундай ишларни қасддан қилган киши иймонидан айрилади. Қуръони каримни улуғлаб эҳтиром қилиш, таҳоратсиз ҳолда ушламаслик, ножўя жойларга қўймаслик динимизнинг қатъий талабидир. Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай деганлар:
“Барча мусулмонлар Қуръон мусҳафини асраш ва уни ҳурмат қилиш фарз эканига ижмо (иттифоқ) қилишган. Бизнинг мазҳаб уламолари ва бошқалар ҳам бундай дейишган: "Агар бир мусулмон Мусҳафни ахлатхонага ташласа, у бу амали билан кофир бўлади (Аллоҳ сақласин)!” (“Ат-Тибён” китоби).
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, Қуръони каримни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг эътиқодий бурчидир. Қуръон саҳифаларини ҳар қандай ножўя мақсадда ишлатиш, уни камситиш — Аллоҳнинг Каломига нисбатан очиқ беҳурматлик бўлиб, бу иш катта гуноҳ бўлиши билан бирга иймондан айирувчи разил амалдир. Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.