Бугунги шароитларни таърифлашга тил ожиз. Йилдан йилга янги маиший ва бошқа техникалар ихтиро қилинмоқда. Замон билан ҳамнафас бўлиб яшаётган инсонлар янгидан-янги неъматлардан бахраманд бўлмоқда. Албатта, бу неъматлар учун Аллоҳ таолага қанча шукроналик қилсак ҳам камлик қилади. Замоннинг ривожланишини кўрингки, бугунги кунда телевизори бўлмаган оила бўлмаса керак. Ҳаттоки бир оилада икки, уч ёки ундан зиёд телевизорлар бор. Бу, шубҳасиз, тўқчиликни аломати. Бугун ётган жойимизда телевизорни ёқамиз, ўчирамиз, бошқа каналга оламиз, овозини паст ёки баланд қиламиз, рангларини ўзгартирамиз. Ҳатто баъзида масофадан туриб бошқарадиган мосламани яъни “пулт”ни кимгадир олиб бер деймиз. Чунки уни олиш учун узалишимиз керак бўлади. Ачинарлиси, шомдан кейин ҳазми оғир овқатларни истеъмол қиламиз ва кўпинча телевизор тагида ухлаб қоламиз. Ҳаракатсизлик оқибатида семизлик дардига мубтало бўламиз. Улуғ ҳаким Арастудан: «Сен нега сира касал бўлмайсан, бошқалардан фарқинг нима?» деб сўрашганида у: «Бошқалар ейиш учун яшашади, мен эса яшаш учун ейман», деб жавоб берган экан. Ҳозирги вақтда дунёнинг ҳамма ерида яхши ейиш учун яшаш, яхши ейиш учун пул топиш авж олиб кетган. Ўтмишдаги ва ҳозирдаги барча мутафаккирлар, шифокорлар, таниқли халқ табиблари кўп ейиш оқибатида семириб кетишнинг зарарлари ҳақида якдиллик билан ёзишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса: “Мен умматимнинг семириб, қорин солишидан хавфдаман”, деган эканлар. Таом истеъмол қилганда ҳам баъзан ҳаддан зиёд тўйиб овқатланиб, кечаси билан қийналиб чиқамиз. Шу сабабли Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам боласига белни қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири таом, бири сув ва қолгани нафас учундир”, деб биз умматларини огоҳлантирганлар. Жаҳон мамлакатлари фуқароларининг семизлик даражасини кўрсатиб берувчи харита АҚШнинг Марказий Разведка Агентлигининг World Factbook (жаҳон ҳақида далиллар) электрон манбасида эълон қилинган. Унда жаҳоннинг «энг семиз мамлакати» деган номга Тинч океани жанубида жойлашган Америка Самоаси давлати муносиб деб топилган. Маълумотларга кўра, у ерлик аҳолининг 74,6 фоизи семириш дардига мубтало бўлган. Ушбу рўйхатга Марказий Осиё мамлакатлари ҳам киритилган. Хусусан, Ўзбекистон аҳолисининг 15,1 фоизи ортиқча вазнга эга. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 23,7 фоиз, Туркманистонда 13,2, Тожикистонда 8,6, шунингдек, Озарбойжонда 23,8 фоизни ташкил этади. Тадқиқотлар замонавий турмуш тарзи ва қўшимча кимёвий моддалар асосида тайёрланадиган озиқ-овқатлар семиришнинг бош омили эканини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда кўпайиб бораётган касалликларнинг аксари нотўғри овқатланиш ва кам ҳаракатнинг оқибати ҳеч кимга сир эмас. Демак, ҳар биримиз соғлиғимизга эътиборли бўлсак, телевизор қаршисида камроқ ўтириб, кўпроқ жисмоний ҳаракатлар қилсак бундан кўп фойда олар эканмиз.
Маҳмуджон АБДУСАИДОВ,
Бўстонлиқ тумани бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечадир”, дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар қадр кечаси қайси кеча эканини билсам, унда нима дейман?” дедим. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳим! Албатта Сен афв қилувчисан. Афвни яхши кўрасан. Бас, мени афв қилгин”, дегин, дедилар (Имом Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти).
Аллоҳумма иннака ъафуввун, туҳиббул ъафва, фаъфу ъанний...
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Мени афв эт. Менинг аҳлим ва зурриётимни ҳам афв эт.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Мени онамни, отамни ва уларнинг ота-оналарини, ота-оналарининг ота-оналарини ҳам афв этгин.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг оға-иниларим, биродарларим ва уларнинг зурриётларини ҳам афв этгин.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг тоғаларим, холаларим ва уларнинг зурриётларини ҳам афв этгин.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг амакиларим, аммаларим ва уларнинг зурриётларини ҳам афв этгин.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Менинг дўстларим, ҳамкасбларим, қўшниларим, мени севган ва мен уларни севганларимни афв этгин...
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Мени ҳаққимга ортимдан ғоибона дуо қилганларни ва мени дуо қилишга ундаганларни ҳам афв эт.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Бизни зиммамизда ғамхўрлик қилишимиз ва адо этишимиз лозим ҳақлари бўлган ва биз улар хусусида сусткашлик қилганларимизни афв эт.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Бизнинг вафот этган марҳумларимизни ва мусулмонларнинг марҳумларини афв этгин.
Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв этишни яхши кўрасан. Барча ушбу дуоимни ўқиб “омийн” деб турганлари афв этгин.
Омийн, омийн, омийн.