(“2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”)
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ислом динида ҳар бир иш ниятга қараб баҳоланади. Бу иш тилнинг иши бўлсин ёки бошқа бўлсин, бу ишларнинг тўғри бўлишида ниятнинг алоҳида ўрни бордир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ ...
مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Амаллар фақат ниятларга кўрадир”, деётганларини эшитганман”, деди.
Ушбу ҳадисга кўра, қиладиган барча ишларимиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлиши учун ниятимиз тўғри бўлиши лозимлиги маълум бўлади. Бунда агарчи, шу ишни амалга ошира олмасак-да, лекин яхши ният қилган бўлсак, ниятимиз учун ҳам ажр-савоб олаверамиз. Шунинг учун ҳар бир амалда ниятнинг ўрни қанчалик муҳим эканини яхши англаб етишимиз лозим бўлади.
Масалан, илм талаб қилаётган киши Аллоҳнинг розилиги, халқнинг манфаати ниятида илм ўрганса, ҳам илмга, ҳам савобга эришади. Агар фақат мансаб ва мол-дунё учун ўрганса, мансаб мол-дунёга эришиши мумкин, лекин савобдан бебаҳра қолиб кетади.
Демак, бизнинг қилаётган амалларимизда ихлоснинг аҳамияти жуда ҳам катта экан. У хоҳ дунёвий бўлсин, хоҳ ухровий бўлсин ишларимизни яхши ният ва ихлос билан бажармоқлигимиз лозим.
Муҳтарам намозхонлар! Демак ҳар бир амал ихлос билан қилинса, ўша амал пухта даражада амалга ошади. Чунки Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб амал қилган банда доим Аллоҳнинг назоратида экани, бир лаҳза ҳам Унинг назоратидан четта қолиб кетмаслигини ҳис қилиб амал қилади. Аллоҳ таоло ихлосга буюриб шундай дейди:
وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ
Яъни: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”. (Баййина сураси, 5-оят)
Бандалар қилаётган ишларида ниятларини тўғри қилиб, ихлос билан бажаришса, шайтоннинг васвасасидан ҳам омонда бўлади. Чунки шайтон зийнатлаб кўрсатадиган гуноҳ ишлардан фақат ихлосли бандаларгина омон қолишади. Қуръони каримда шундай дейилган:
قَالَ رَبِّ بِمَا أَغْوَيْتَنِي لَأُزَيِّنَنَّ لَهُمْ فِي الْأَرْضِ وَلَأُغْوِيَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ إِلَّا عِبَادَكَ مِنْهُمُ الْمُخْلَصِينَ
Яъни: (Иблис) айтди: «Эй, Роббим! Қасамки, мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Илло уларнинг орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодир) (Ҳижр, 39-40).
Муҳтарам азизлар! Маълумингизким, жорий 2017 йил юртимиз раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилинди. Йил бошиданоқ кўпдан-кўп хайрли ишлар амалга оширилиб келяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида мамлакатимизнинг қатор вилоятларида бўлиб қайтдилар. Сафарлар давомида баъзи хонадонларда бўлиб, кекса ва ёшлар билан учрашиб, оилаларнинг кундалик ҳаёти, фарзандлар касб кори ва набиралар тарбияси тўғрисида суҳбатлашдилар. Мана шундай яхши ниятлар ва катта ташаббуслар билан амалга оширалаётган хайрли ва савобли амалларда биз мусулмонлар биринчи сафда бўлишимиз лозимдир. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини хайрли ишларга шошилишни буюрган. Чунончи, Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай деган:
فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ
Яъни: “Бас, хайрли (савобли) ишларда (бир-бирингиздан) ўзишга ошиқингиз!” (Моида сураси, 48-оят).
Ушбу оятга кўра, инсон доим яхши амаллар қилишга, яхши ниятда бўлишга шошилиши лозимдир. Доим яхши ишлар ва яхши ниятлар билан юрган инсоннинг хотимаси ҳам гўзал бўлади. Инсон ҳаёти давомида барча яхши ишларни амалга оширишга имконияти бўлмаслиги мумкин, лекин барча яхши ишларни ният қилишга имкони бордир. Аллоҳ таоло эса унга ниятига яраша савоб бераверади. Чунки Аллоҳ таоло бандалари қилган хайрли амалларнинг бирортасини ҳам зое қилмайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ إِنَّا لَا نُضِيعُ أَجْرَ مَنْ أَحْسَنَ عَمَلًا
яъни: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз”. (Каҳф сураси, 30-оят).
Демак, қилган яхши амалларимизда ва эзгу ниятларимизда асло умидсиз бўлмаслигимиз лозим. Чунки сизнинг қилган яхши ишингизни бандалар унутиб юборса ҳам, Аллоҳ таоло асло унутмайди. Аллоҳ таоло Ўз шаънига муносиб равишда албатта, ажру мукофат беради.
Муҳтарам жамоат! Ислом дини хайрли амалларга шу даражада тарғиб қилганки, нафақат хайрли амални қилган кишини, ҳатто хайрли амал қила олмаса-да, уни ният қилган кишиларни ҳам улкан ажр-савоблар билан тақдирлайди. Сўзимизга ушбу ҳадиси шариф далил бўлади:
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَرْوِي عَنْ رَبِّهِ عَزَّ وَجَلَّ قَالَ: قَالَ إِنَّ اللَّهَ كَتَبَ الْحَسَنَاتِ وَالسَّيِّئَاتِ ثُمَّ بَيَّنَ ذَلِكَ فَمَنْ هَمَّ بِحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللَّهُ لَهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً فَإِنْ هُوَ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللَّهُ لَهُ عِنْدَهُ عَشْرَ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى أَضْعَافٍ كَثِيرَةٍ وَمَنْ هَمَّ بِسَيِّئَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللَّهُ لَهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً فَإِنْ هُوَ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللَّهُ لَهُ سَيِّئَةً وَاحِدَةً.
رَوَاهُ البُخَارِيُّ
Яъни: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Парвардигори азза ва жалладан ривоят қилиб айтади: “Аллоҳ таоло яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди ва уни баён қилди: Кимки бирор яхшиликни қасд қилса-ю, лекин уни қилмаса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида ўша банда учун мукаммал яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар банда уни қасд қилиб, уни амалга ҳам оширса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида ўша банда учун ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча баробар кўп қилиб ёзиб қўяди. (Яъни, нияти ва ихлосига қараб кўпайтириб бераверади) Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, (сўнгра Аллоҳдан қўрқиб,) уни қилмаса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида ўша банда учун битта мукаммал яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни амалга оширса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида битта ёмонлик қилиб ёзиб қўяди”. Имом Бухорий ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтган: “Айрим кичик амалларни ният катталаштиради. Шунингдек, айрим катта амалларни ният кичрайтиради”.
Муҳтарам жамоат! Шундай экан, биз доим яхши ниятлар қилишимиз, яхши ниятда бўлишимиз лозимдир. Ана шунда Парвардигоримиз бизни ниятларимизга яраша амалларимизни ҳам тўғирлаб қўяверади. Мана жорий йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилинди. Биз ҳам барча халқимиз сингари ушбу шиор остида бир жону бир тан бўлиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшсак, “Кўпники кўл бўлар” деганидек, она Ватанимиз соат сайин тараққий топиб боради.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир амалларимизда ниятларимизни тўғри қилишга муваффақ қилсин! Бу юртнинг равнақига бизнинг ҳам ҳиссамиз қўшилишига Ўзи тавфиқ ато қилсин! Омин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Байҳақий, Абу Убайд ва Ибн Асокирлар Сувайд ибн Ғафла розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганида аҳли китоблардан бири: «Эй мўминларнинг амири! Мўминлардан бири мени ўзинг кўриб турган ҳолга солди», деди. У калтакланган, боши ёрилган ҳолда эди. Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабланди ва Суҳайб розияллоҳу анҳуга:
«Бор, қара-чи, бунинг соҳиби ким экан?» деди.
Суҳайб розияллоҳу анҳу бориб қараса, у Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу экан.
Суҳайб унга: «Мўминларнинг амири сендан қаттиқ ғазабланди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига бор, у зот билан гаплашсин. Умар шошилиб, сени бир нарса қилиб қўядими, деган хавфдаман», деди.
Умар розияллоҳу анҳу намозни ўқиб бўлиб:
«Суҳайб қани?! У одамни келтирдингми?!» деди.
«Ҳа», деди Суҳайб.
Авф Муознинг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб берган эди, бас, Муоз ўрнидан туриб:
«Эй мўминларнинг амири! У Авф ибн Молик экан. Унинг гапини эшитиб кўринг. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйманг», деди. Умар унга:
«Сенинг бу билан нима ишинг бор?!» деди.
«Эй мўминларнинг амири, қарасам, бу бир муслима аёлнинг эшагини етаклаб кетаётган экан. Эшак сакраб, аёлни йиқитиб юборай дебди. Лекин аёл йиқилмабди. Манави бўлса, уни туртиб йиқитиб, ўзини аёлнинг устига отди», деди Авф.
Умар унга: «Менга аёлни олиб кел, айтганингни тасдиқласин», деди.
Авф аёлнинг олдига борди. Аёлнинг отаси билан эри: «Нима қилиб қўйдинг?! Бизнинг соҳибамизни шарманда қилдинг-ку!» дедилар.
Бироқ аёл: «Аллоҳга қасамки, у билан бораман!» деди.
Отаси билан эри: «Биз бориб, сенинг номингдан гапирамиз», дедилар ва Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб, Авф айтган гапларга ўхшаш гап айтдилар.
Бас, Умар амр қилди. Яҳудий осилди.
Сўнгра Умар: «Биз сизлар билан бунга сулҳ қилганимиз йўқ. Эй одамлар! Муҳаммаднинг зиммаси ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Улардан ким бу ишни қилса, унга зимма йўқ!» деди.
Сувайд: «Ўша мен кўрган яҳудий Исломда биринчи осилган одам эди», деди».
Бу ҳодисада Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг сиёсат ёки ташвиқот учун эмас, балки адолат учун иш олиб боришлари яққол намоён бўлмоқда. Мазкур яҳудий қилар ишни қилиб қўйиб, маккорлигини ишга солган эди. У: «Мусулмонларнинг халифаси келиб турибди, ҳозир сиёсат нозик пайтда унга арз қилсам, сиёсат учун менинг тарафимни олади», деб ўйлаган эди.
Дарҳақиқат, иш аввалига, сиртдан қараганда яҳудий ўйлаганича бошланди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу катта саҳобий Авф ибн Молик розияллоҳу анҳунинг обрўсига эътибор қилмай, ишнинг ҳақиқатини суриштира бошладилар. У кишидан бошқа одам бўлганида бир яҳудийни деб, ўзимизнинг обрўли одамни хижолат қилмайлик, деган мулоҳазага бориши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг табиатларида ва у киши кўрган тарбияда бундай мулоҳаза бўлиши мумкин эмас эди.
У кишидан бошқа одам бўлганида сиёсат учун, ноҳақдан бўлса ҳам уларнинг ёнини олиши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бундай қилишлари мумкин эмас эди. У киши айбдор ким бўлишидан қатъи назар, унинг айбига яраша жазосини бериш тарбиясини олганлар. Ва шундай қилдилар ҳам.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди