Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ кишиларнинг фазилатли жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Бизлар ҳам бирор табаррук, аҳли солиҳ инсонлар билан учрашиб қолганимизда ёки уларнинг яхши хислатларини зикр қилганимизда хавас қилиб, “Бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин”, “Фалончига ўхшаб юрайлик” деган ибораларни ишлатамиз. Аслида мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладилар. Зеро, Пайғамбаримизнинг ҳаётлари бизлар учун ибрат мактабидир.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нақадар гўзал ўрнак намунаси эканлинларини баён қилиб шундай дейди:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”. Ҳақиқатда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида гўзал намуна ва ўрнакдирлар.
Бундан ташқари, Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни айнан хулқ жиҳатидан ҳам гўзал ўрнак эканликларини мақтаб:
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ
“Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз”,-деб марҳамат қилган (Қалам сураси, 4- оят).
Оиша онамиздан “Пайғамбаримизнинг хулқлари қандай эди?”,-деб сўралганда: “Хулқлари Қуръон эди”,-деб жавоб берганлар.
Одоб ахлоқнинг динда қанчалик аҳамиятга эга эканлиги кўпгина ҳадисларда баён қилинган. Жумладан, Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарга шундай деганлар: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрқ! Ёмон иш қилган бўлсанг орқасидан уни ўчирадиган яхши иш қил ва инсонларга гўзал хулқ билан муомала қилгин!” (Имом Термизий ривояти).
Одоб аслида инсоннинг қандай тарбия кўргани билан белгиланади. Албатта, инсон жамиятда инсонлар билан ўзаро мулоқот қилар экан, аввало самимий ва одоб ила муносабат билдирмоғи лозим. Шундагина, ушбу одоб ила қилган самимий муносабати у учун бу дунёнинг ўзида шараф бўлса, оҳиратда уни иззат курсисига эга қилади.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақ бўла туриб жанжаллашмаган кишига жаннатнинг энг пастидан бир уй берилишига кафилман. Ҳазил қилаётган бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кишига жаннатнинг ўртасидаги бир уйга кафилман. Хулқи гўзал бўлган кишига эса жаннатнинг энг юқорисидаги уйга кафилман,” дедилар. (Абу Довуд ривояти).
Муқаддас динимиз таълимотларида инсон чиройли ҳулқи орқали ҳаттоки ибодат қилган даражасига эга бўлишлиги таъкидланган. Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши гўзал хулқи билан кундузи рўзадор, кечаси бедор бўлганларнинг даражасига етади,” деганлар. (Абу Довуд ривояти).
Шунингдек, энг аввало инсон гўзал ҳулқ эгаси бўлиш учун Яратган Аллоҳдан дуо қилиб сўраши лозимлиги таъкидланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени энг гўзал ахлоққа ҳидоят қил. Зотан, унга Сендан бошқаси ҳидоят қила олмайди. Ёмонларни мендан узоқлат. Албатта, Сендан бошқаси уларни мендан узоқлатолмайди,” деб дуо қилар эдилар. Ушбу ҳадиси шарифда инсон аввало чиройли хулқ соҳиби бўлиши учун ўзида интилиш, хоҳиш, истак ва умид бўлиши лозим экан. Шу билан биргаликда, унинг акси бўлган ёмон хулқ ва одатлардан йироқроқ турсагина бу фазилатга сазовор бўлиши мумкин экан.
Гўзал хулқлардан бири – кечиримлиликдир. “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан Нажд томондаги юришдан қайтаётганларида пешин пайти йўлда дам олишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир дарахтга қиличларини илиб соясида ухладилар. Саҳобалар ҳам ухлашди. Уйғонганларида бир аъробий қиличларини ўғирлаб олиб, Расулуллоҳга ниқтаб: “Мендан сени ким қутқара олади?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ деб уч марта айтдилар. Шунда унинг қўлидан қилич тушиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олиб аъробийга: “Энди сени мендан ким қутқара олади” дедилар. У: “Сен яхши одамсан” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон бўласанми?” деганларида, у: “Йўқ, лекин сенга қарши урушмасликка ва сен билан урушадиганлар тарафда бўлмасликка ваъда бераман” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйиб юбордилар. Ҳалиги киши шерикларининг олдига бориб: “Энг яхши одамнинг олдидан келаябман”,-деди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ширинсўз, ўзгаларга азият бермайдиган, ҳақоротомус ва уятли сўзларни айтмайдиган, ҳаёли, ўзгалар кўнглини кўтарадиган, дардларига дармон бўладиган, меҳмонни ва қўшнини ҳурмат қиладиган, қўйинки барча мукаммал чиройли хулқ-одоблар соҳиби бўлганлар. Зеро, Буюк Аллоҳ пайғамбаримизга Ўзи одоб берганлигидандир. ”Мени Роббим тарбия қилди ва тарбиямни гўзал қилди” –дея Жанобимиз марҳамат қилганлар.
Зотан, У зотнинг сийратлари, ахлоқи ҳамидалари ва ибратли ҳаёт йўлларига эргашмоқ инсонлар учун икки дунё саодат йўли ҳисобланади. Аллоҳ бизларга Пайғамбаримизга эргашиб энг гўзал хулқ эгалари бўлиш бахтини насиб айласин.
Жалолиддин Ҳамроқулов,
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
“Новза” жоме масжиди имом хатиби
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтардилар: