Илм йўли машаққат ва риёзатни талаб этади. Бунга қатъияти ва бардоши етмаган киши юксак илм чўққисини забт эта олмайди. Улуғ ватандошимиз Абу Исо Термизийнинг ҳаёт йўли ва қолдирган илмий мероси билан танишганда ислом оламида тан олинган улуғ олти муҳаддисдан бири дея тан олиниши бежиз эмаслигига амин бўламиз. Айниқса, алломанинг “Сунани Термизий” асари асрлар оша ўз қадр-қимматини йўқотган эмас. Бугунги кунда ҳам бу асарнинг поклик, одоб-ахлоқ, ёш авлодни маънавий камолликка етаклашда ўзига хос ўрни ва хизмати алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур асарнинг “Таҳорат китоби” таҳоратга ҳам, намозга ҳам, закот-садақага ҳам, ҳалол йўл билан мол топиш фарзлигига ҳам тегишли муборак ҳадис билан бошланади. Ҳазрати Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таҳоратсиз кишидан намоз ва ҳаром пулдан садақа қабул қилинмайди”, дедилар. Имом Термизий ҳадисни ҳар томонлама ўрганиб: “Бу ҳадис ушбу бобда ворид бўлган ҳадисларнинг энг саҳиҳи ва энг ҳасанидир”, деган хулосага келади. Таҳоратнинг фазилати ҳақида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиздан: “Мусулмон (ёки мўмин) банда таҳорат олаётиб юзини ювганида кўзлари билан қараб қилган ҳар бир гуноҳи таҳорат суви билан ёки сувнинг охирги томчиси билан (ёки шунга ўхшаш таъбир қўлладилар) юзидан ювилиб тушади; қўлларини юваётганида қўллари билан содир қилган ҳар бир гуноҳи сув ёки сувнинг сўнгги қатраси билан қўлларидан тўкилади, ниҳоят, банда гуноҳларидан покланиб чиқади”, деган ҳадисни ривоят қилади. Абу Исо Термизий бу ҳадисни ўрганиб, ҳасан-саҳиҳ, деган фикрни билдиради. Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида обид ва олим зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Олим кишининг обиддан афзаллиги, менинг сизларнинг энг қуйингиздан афзаллигим кабидир”, деб марҳамат қилдилар. Сўнг яна у зот (алайҳиссалом): “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи ҳақига дуо қилади”, дедилар (Имом Термизий ривоят қилган). Мазкур ҳадис бизга яхшилик ўргатувчи кишининг нақадар улуғ мартаба ва мақомга эгалигини кўрсатиб беради. Яна Имом Термизий ривоятида келтирилган бошқа бир ҳадисда: “Олимнинг обиддан афзаллиги ўн тўрт кунлик ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Дарҳақиқат, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаган, улар фақат илмни мерос қолдиришган. Ким уни олса, катта бахтни қўлга киритибди”, дейилган. Шундан билиб оламизки, олим кишилар пайғамбарларнинг меросхўрлари ва улар илмдан бошқа нарсани мерос қолдирмайдилар.
Савфон ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: “Фаришталар илм толибига талаб этилаётган илмидан рози бўлиб, қанотларини қўйишади (ёзишади)” (Имом Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа ривояти). Имом Термизийнинг тўплаган ҳадис китобида покланиш ва дунё илмларини мукаммал ўрганишга тарғиб-ташвиқ этадиган ҳадислар ҳам мавжуд. Ўтган уламоларимиз: “Оз ўрганиб, уни амал қилиш умрингга кифоя қилсин”, деганлар. Биз ёшларга у зотнинг илм ва ҳадис бобидаги ғайрат ва шижоат, қобилият ва истеъдодлари юксак намунадир. Чунки Имом Термизий ёшлик пайтидан ҳадис илмига меҳр қўйиб, уларни тўплашга алоҳида эътибор қаратади ва бу борада учраган қийинчиликларни енгиб ўтади. Ўзлари ўқиган ёки бирорта ровийдан эшитган ҳадиснинг асли ва иснодини диққат ва огоҳлик билан аниқлаб, қайта-қайта текшириб, тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан кейин уларни алоҳида қоғозларга қайд этиб боради. Ўзига шубҳали бўлиб кўринган ҳадисларни эса алоҳида қоғозларга битиб, саҳиҳ ва шубҳали ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заиф, ғариб каби сифат ва турларга ажратади. Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) вақтдан унумли фойдаланиш, зеҳнни фойдали ишларга сарфлаш орқали келажак авлодга фойдали ва умрбоқий асар қолдиришда катта жонбозлик кўрсатди.
Муҳаддис олим ўз замонасида Ҳижоз, Ироқ ва Хуросондаги энг етук муҳаддис уламоларга учраб, улар билан илмий суҳбат ва баҳс-мунозараларда бўлди. Биз ёшлар улуғ муҳаддиснинг ҳаётий ва бой тажрибасини теран ўрганиб, аниқламасдан хабарларни кўр-кўрона қабул қилиш, бошқаларга етказишда ва бузғунчи ғоя ва қарашларни қабул қилишда эҳтиёт бўлишимиз керак. Айниқса, ақлли ва фаросатли ёшларга яхши танимаган одамнинг сўзига ва ғояларига мафтун бўлиш ярашмайди. Шунинг учун ҳозирги кунимизда хавф солиб турган барча ёвуз кучларга қарши ёшларимизда иммунитет ҳосил қилиш ва соғлом муҳитни шакллантиришимиз керак. Юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний ва Маҳмуд Замахшарий каби дунё илм аҳлини лол қолдирган забардаст алломалар бўла туриб, уларнинг бой илмий меросини ўрганмасдан четдан турли йўллар орқали кириб келаётган ёт ғоя ва қарашлар таъсирига берилишни ақл бовар қилмайди. Олдинги замонларда устозлар илм олишни истаган кишини олти ой синовдан ўтказмасдан шогирдликка олмаган экан. Чунки шу вақт ичида шогирднинг барча хато ва айблари аниқ бўлиб қолар экан. Шогирд олгандан кейин ҳам устози илмини тўлиқ эгаллаш учун унинг ҳузурида беш-ўн йиллар қолиб кетар экан. Ҳозирги вақтда бир-икки марта кўришиб, бир-бирига устоз ва шогирд бўлиб, ёт ғоя ва қарашларнинг фарқига бормаётган ёшлар йўқ деб ўйлайсизми?
Хуллас, имом Термизийнинг илмий меросини тадқиқ этиш ва оммага етказиш бугунги кунда жуда зарур. Шу маънода бу зотни маънавий иллатларни даволаш ва муолажа қилишда моҳир табибга ўхшатиш мумкин. Моҳир табибнинг сўзига қулоқ солган бемор ўзини қийнаётган дарддан тез фориғ бўлади. Имом Термизийнинг илмий меросини маънавий шифо эканнини ҳеч бир юртдошимиз ёддан чиқармаслиги ва ундан фойдаланиши керак.
Урол Назар МУСТАНОВ,
Имом Бухорий номидаги ислом институти
“Ижтимоий фанлар” кабинет мудири
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллиги муносабати билан ўтказилган республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.
«Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар» мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий анжуманида маълум қилинишича, 2017 йилдан буён 5300 дан ортиқ «хатмул кутуб» (муайян диний-илмий асарни устоз раҳбарлигида бошидан охиригача ўқиш, унинг мазмунини ўрганиш ва шарҳлаш) амалга оширилган, классик исломий манбаларни тўлиқ ўқиш ва ижоза бериш анъаналари қайта тикланган, ҳанафий фиқҳи бўйича магистратура йўналиши ташкил этилган.
Шунингдек, анжуманда диний таълим тизимидаги ушбу натижалар маълум қилиниб, замонавий ақидавий ва фиқҳий масалаларга илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқиш, тадқиқотларни кенгайтириш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази ва халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, уламолар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда имом-хатиблар иштирок этди.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, «Муфтий Бобохоновлар» жамғармаси директори Жамолиддин Бобохонов ва бошқалар маъруза қилди.
Нотиқлар институтнинг ташкил топиш тарихи, диний таълим ривожига қўшган ҳиссаси, ушбу даргоҳда фаолият юритган уламоларнинг илмий мероси ҳамда мутахассислар тайёрлаш тажрибасига тўхталди.
«5300 дан ортиқ хатмул кутуб амалга оширилди»
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров муассасанинг ярим асрдан ортиқ фаолияти давомида шаклланган таълим анъаналари ва сўнгги йилларда жорий этилган илмий йўналишлар ҳақида маълумот берди.
«2017 йилдан бошлаб қадимий анъаналаримиз, мадрасаларимизнинг таълим бериш усуллари орқали мўътабар устозларимиз ва алломаларимизнинг китобларини ўқитиш, “Саҳиҳ ал-Бухорий”, “Сунан ат-Термизий”, Имом Мотуридийнинг китоблари, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”си ва бошқа асосий ислом илмлари манбаларини тўлиқ ўқиш, хатмул кутуб ва якунда ижоза бериш тизими қайта тикланди. Бугунги кунга қадар 5300 дан ортиқ хатмул кутуб амалга оширилди», — деди Уйғун Ғафуров.
Ректор институтда ҳанафий фиқҳи бўйича магистратура ташкил этилгани, мотуридийлик ақидаси, тафсир ва ҳадис илмлари йўналишларида мутахассислар тайёрланаётганини ҳам қайд этди.
Келгусида ушбу йўналишларда докторантура ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу эса классик исломий илмларни чуқур тадқиқ қилиш ва илмий кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Мураккаб тарихий шароитда шаклланган илмий даргоҳ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров Тошкент ислом институтининг ташкил топиш шароити ва диний таълим тарихидаги ўрнига эътибор қаратди.
Олимнинг таъкидлашича, институт мураккаб тарихий даврда фаолият бошлаган бўлса-да, нафақат Ўзбекистон, балки собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги мусулмон жамоалари учун диний мутахассислар тайёрлашда муҳим вазифани бажарган.
«Шунга қарамасдан, институт ярим аср давомида минглаб ҳам диний илмларни яхши биладиган, ҳам бугунги тушунчадаги академик таҳсил олган, яъни диний ва дунёвий билимларни ўзаро уйғунлаштирган кўп сонли мутахассислар тайёрлади. Улар сиёсий-ижтимоий барқарорлик, маънавий-маърифий йўналишдаги жараёнларга ўзининг ҳаётбахш, бунёдкор таъсирини кўрсатиб келмоқда. Мамлакатда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар институтнинг илмий ва таълимий имкониятларини кенгайтирмоқда, айни пайтда мутахассислар тайёрлаш борасидаги масъулиятини ҳам оширмоқда», — деди Зоҳидулла Мунавваров.
Замонавий ақидавий масалаларга илмий ёндашув
Анжуманнинг илмий дастури икки шўъба доирасида давом этди.
«Долзарб ақидавий масалалар ва уларнинг илмий ечимлари» мавзусидаги биринчи шўъбада Саидафзал Сайджалолов, Абдулазиз Яхшиликов, Давронбек Абдуқодиров ва Ботиржон Абдуллаев маърузалар билан қатнашди.
Муҳокамаларда суннийлик манбаларида раддияга оид қарашлар, замонавий эътиқодий масалалар ҳамда Абу Райҳон Берунийнинг илмий меросида акс этган диний қарашларга оид тадқиқотлар тақдим этилди.
Маърузачилар тарихий диний манбаларни илмий асосда ўрганиш, улардаги қарашларни тадқиқ этиш ва бугунги кунда юзага келаётган эътиқодий масалаларни таҳлил қилишнинг аҳамиятига тўхталди.
Фиқҳий масалалар: анъанавий манбалар ва амалий ечимлар
«Замонавий фиқҳий масалалар: янги муаммолар ва амалий ечимлар» деб номланган иккинчи шўъбада Абдувоҳид Аҳмадалиев, Муҳаммадмусо Набижонов, Алижон Равшанов, Абдулаҳад Содиқов, Акмалжон Ғаниев, Сойибжон Жўраев, Хуршида Усманова, Санжар Бердиев ва Сирожиддин Шодмонов ўз тадқиқотларини тақдим этди.
Унда ҳанафий мазҳаби уламоларининг фиқҳий ёндашувлари, Қуръон ва суннатни талқин қилиш масалалари ҳамда замонавий ҳаётда юзага келаётган фиқҳий муаммолар муҳокама қилинди.
Иштирокчилар анъанавий манбаларни чуқур таҳлил қилиш, илмий асосланган хулосалар ишлаб чиқиш ва диний таълимда тадқиқот натижаларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Илмий тавсиялар ва махсус тўплам тайёрланади
Анжуманнинг якуний қисмида Тошкент ислом институтининг 55 йиллиги муносабати билан ўтказилган мақолалар танлови ғолиблари ҳамда Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ташкил этилган IV халқаро олимпиадада совринли ўринларни қўлга киритган талабалар тақдирланди.
Анжуман якунида долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар юзасидан илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда сараланган мақолаларни махсус илмий тўплам шаклида нашр этиш бўйича келишувга эришилди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 55 йиллигига бағишланган анжуман диний таълимнинг тарихий тажрибасини сарҳисоб қилиш билан бирга, классик исломий манбаларни чуқур тадқиқ этиш, замонавий ақидавий ва фиқҳий масалаларни илмий ўрганиш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболларини белгилашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати