Қадим замонда сув ташувчи бир йигит бўлган экан. У обкашининг икки четига илинган челакларда сув ташир экан. Челаклардан бирининг тагида тешик бўлиб, манзилга етгунча сувнинг ярми тўкилиб борар экан. Бутун челак ўз вазифасини тўла-тўкис бажараётганидан мағрурланар, тешик челак эса ишининг ярминигина бажара олаётганидан уялиб, хижолат чекар экан.
Бир куни тешик челак эгасига дебди: "Мен сендан узр сўрамоқчиман, олган сувингнинг ярминигина етказа оламан". Сув ташувчи йигит унга жавобан: "Сени кўтариб келадиган томонимдаги гулларни кўрганмисан? Мен уларни атайлаб шу томонга экканман. Ҳар сафар сув ташиганимда сен уларни суғориб кетасан. Мен неча марталаб аёлимга шу гуллардан гулдасталар совға қилганман. Бунинг учун сенга раҳмат айтаман", дебди.
Тадбиркор одам ҳатто тешик челакдан ҳам ўзи учун фойда ола билади.
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан Наманган вилоятидаги имом-хатиблар ўртасида спортнинг миллий кураш тури бўйича мусобақа юқори савияда ташкил этилди.
Дўстона ва самимий руҳда ўтган беллашувларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган диний соҳа ходимлари фаол иштирок этиб, мардлик, ҳалоллик ҳамда спортга хос гўзал фазилатларни намоён этди.
Тадбирда Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Самадов иштирок этиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва миллий қадриятларимизни улуғлашда бу каби мусобақаларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади. Шунингдек, бундай тадбирлар соҳа ходимлари ўртасида ўзаро жипслик ва бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳслар якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Бу каби хайрли ва манфаатли тадбирлар имом-хатибларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан чиниқишларида муҳим босқич бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати