Наврўзи олам мазмуни янги кун, янги фасл, янги йил ёки халқ тилида йил аввали деган маъноларни ифода этади. Аслида Наврўз қайси ном билан аталмасин, у миллатнинг улуғ куни, янгиланиш, покланиш, яшариш, юксалиш байрами деб қаралгани маъқул. У – кун билан тун тенг бўлган кун. Тарихда йил тақвими, яъни фасллар алмашинувини қутблар орқали билиш кишилар ҳаёт тарзидан салмоқли ўрин олган. Чунки аждодларимиз ой, юлдуз, қуёш каби осмон жисмларидаги ўзгаришларни кузатиб, улар тўғрисида муайян билимларни ўзлаштирганлар. Кейин эса юмушларини ана шу хисоб-китобга қараб режалаштирган.
Ҳозирда Наврўзи олам тадбирларига назар солсангиз, аждодлар руҳига эҳтиромни кўрасиз. Айнан шунинг учун ҳам Наврўз байрами олдидан умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади, атроф-муҳитнинг тозалиги, озодалигига эътибор қаратилади, аждодлар дуоларда эсланиб уларнинг руҳига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади.
Наврўз нафақат табиатнинг ўзгариши, янгиланиши, балки у инсон руҳиятида ҳам янгилаш содир бўлишидир. Табиийки, табиатнинг янгиланиши инсон қалбига нур бахш этади. Ана шунда инсонга келажакка бўлган умиди ва истаги ҳамроҳ бўлади. Айнан шу жиҳати билан Наврўз айёми тинчлик-осойишталик, тотувлик, дўстлик, муҳаббат туйғусини бахшида этади.
Шукрлар бўлсинки, Ўзбекистонимизда Наврўз куни умумхалқ байрамларидан бири сифатида нишонланмоқда. Ҳар йили шу куни байрам сайиллари ташкил қилинади. Байрам куни эрта тонгдан карнай-сурнайлар чалинади. Сайилгоҳларда курашчилар, бахшилар, чавандозлар, қўшиқчи-ҳофизлар ўз маҳоратларини намойиш этишади. Жойларда Наврўзга бағишлаб сумалак, ҳалим ва бошқа тансиқ таомлар тайёрланади. Хайриялар ташкил этилиб, имконияти чекланганлар ҳолидан хабар олинади. “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийларига совға-саломлар олиб борилади.
Баҳор байрами Наврўзи олам ҳақидаги байрамона томошалар, тадбирлар халқимизнинг қадим тарихи ва руҳияти билан узвий боғлиқдир. Бу борада муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига биноан бу йилги Наврўз байрами Тошкент, Қорақалпоғистон ва вилоятлар марказлари, шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида нишонланади.
Фурқат ЖУМАЕВ,
Қарши шаҳаридаги “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби
Яқинда Қўнғирот тумани, “Қумбиз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Бахтиёр Матякуповнинг хонадонида ёнғин содир бўлиб, келиб чиққан ёнғин натижасида хўжалик аъзолари уй-жойсиз қолди. Ушбу юзага келган ҳолат яқиндан ўрганилиб, тумандаги “Ҳаким Сулаймон” жоме масжиди имом-хатиби Р.Умаров оила аъзоларининг ҳолидан хабар олди ва ҳомийлар ёрдами билан уй-рўзғор буюмларидан моддий ёрдам берди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 271-оятида: «Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир», деб баён этади.
Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, “Садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига итоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан унга ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлигининг олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади”.
Садақа ўз эгасини Шайтондан йироқ, Раббисига яқин ва суюкли этади. Садақа туфайли гуноҳлар кечирилади, меҳр-мурувват ва шафқат эшиклари очилади.
Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган», деганлар.
Аллоҳ таоло юртимизда меҳр-оқибатли ва саховатли инсонлар кўпайишини, эл-юртимиз обод, хонадонларимиз файзли бўлишини насиб этсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати