Фарзанд тарбиясида ота-онадан катта маҳорат, улкан масъулият, теран ақл ва чуқур мулоҳаза талаб қилинади. Боланинг феъл-атворини синчковлик билан ўрганиб, унга меҳр ва тадбир билан ёндашилса, иншааллоҳ, кўзланган мақсадга эришилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада бизга энг гўзал намунадирлар. У зот (алайҳиссалом): “Фарзандларингизни хурмат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг”(Ибн Можа ривояти), деб биз умматларга шу каби кўплаб фазилатли тавсияларини берганлар. Насиҳатларига амал қилган киши ҳатто тунда ҳам йўлидан адашмай, қоқилмай манзилига етади. У зот (алайҳиссалом) болаларга салом бериш ва унга муносиб алик олишни ўргатишдан бошлаганлар. Кўчадан ўтиб кетаётиб ҳам уларга биринчи салом берганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мен болалар билан ўйнаётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимга келиб, бизга салом бердилар”. У кишидан (розияллоҳу анҳу)яни бир ривоятда: “Эй ўғлим, аҳли оиланг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бер. Чунки саломинг сенга ва оиланга барака келтиради”, деб марҳамат қилганлар.
Болага ёлғон гапирманг ва уни алдаманг, чунки сиз унга намунасиз. Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу бундай ҳикояни қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйда ўтирган эдилар. Онам мени чақирдилар: “Қани, бу ерга кел-чи, сенга бир нима бераман”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга нима бермоқчисан?” деб сўрадилар. Онам: “Бир дона хурмо бераман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агарда унга бирор бир нарса бермасанг, сенга ёлғон ёзилади”, дедилар”.
Фарзандларни жазолашда ўта қаттиққўллик ярамайди. Жазо унга яраша бўлиши учун юзга уриш ёки тупуриш ва бошқа нарсалар билан болани таҳқирланмайди. Чунки юз мукаррамлик белгисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз урадиган бўлса, юзга уришдан сақлансин”, деб марҳамат қилганлар (Табароний ривояти).
Ўғрилик барча даврларда инсонларнинг нафратига сазовор бўлган жирканч одатдир. У ижтимоий муҳитни издан чиқаради ва жамиятни таназзулга олиб боради. Айрим ота-оналар фарзандларининг ёшликда қилган ўғирлигига бепарво бўлиб, қилмишини гўдакликка йўядилар. Бу мутҳиш хатодир. Бундай бепарволик болада ўзгалар молига хиёнат қилишдан қўрқмаслик ҳиссини уйғотади. Қуйидаги ҳикоя сўзимизнинг далилидир: Маҳкамалардан бирида ўғрилик билан қўлга тушган ўғрини жазолашга ҳукм чиқарилади. Ҳукм ижро этиладиган кун келганда ўғри овозининг борича бундай деб бақиради: “Мени эмас онамни жазоланг! Биринчи бор қўшнимизникидан тухум ўғирлаганимда у мени койимади ва эгасига қайтариб беришимни талаб қилмади. Аксинча, қилган ишимдан қувониб: “Ҳудога шукр! Менинг ўғлим ҳақиқий эркак бўлибди”, деган эди. Агар онамнинг тили бўлмаганида эди, мен ўғри бўлмасдим”.
Сўкиш ва ҳақорат сўзларни айтиш ёшлар орасида энг кўп тарқалган ёмон иллатлардандир. Бунда катталарнинг “хизмати” катта. Чунки энди тили чиқаётган болага: “Битта сўкиб қўй”, деб ёмон одатни сингдириб боришади. Айрим ота-оналар жаҳл отига миниб, ўзаро тортишиб уятсиз сўзларни айтишлари фарзандларида маънавий аҳлоқсизликни шаклланишига, шунингдек, уларни кўча-кўйда қаровсиз қўйиб, хулқи бузуқ болалар билан ўртоқлашиб қолишига сабаб бўлишади. Бунинг учун бола тарбияси узлуксиз равишда диққат марказида туриш керак.
Бугунги кунда кўпчилик ёшлар ахлоқий меъёрлар буткул таназзулга юз тутган оломонча маданиятга кўр-кўрона тақлид қилаётганлари боис ахлоқий бузуқликка юз тутмоқдалар. Тарбияга масъул шахслар ёшларни маънавий ва моддий ҳужумлардан ҳимоялашлари, уларни доимо эзгулик сари чорлаб, панд-насиҳатлар қилишлари лозим. Юртимизда ота-оналарга бу борада ёрдамчи бўла оладиган диний-марифий, касб-ҳунар ва спорт ташкилотлари бисёр. Улардан унумли фойдаланиш барчамизнинг қўлимизда.
“Ўзлари имон келтириб, зурриётлари ҳам уларга имон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшамиз. Уларга қилган амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир” (Тур сураси, 21 оят).
Аллоҳ таоло барчамизга ана шу бахтини насиб айласин!
Жалолиддин Ҳамроқулов
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
“Новза” жоме масжиди имом хатиби
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати