Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июл, 2026   |   10 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:33
Қуёш
05:05
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:52
Хуфтон
21:22
Bismillah
24 Июл, 2026, 10 Сафар, 1448

Календарь – тақвимлар тарихидан

16.03.2017   99633   10 min.
Календарь – тақвимлар тарихидан

  هُوَ الَّذِي جَعَلَ الشَّمْسَ ضِيَاءً وَالْقَمَرَ نُورًا وَقَدَّرَهُ مَنَازِلَ لِتَعْلَمُوا عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ مَا خَلَقَ اللَّهُ ذَلِكَ إِلَّا بِالْحَقِّ يُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ

У Қуёшни зиё (таратувчи) ва Ойни нур (сочувчи) этган ҳамда йилларнинг ададини ва (вақт ва замонга доир) ҳисобни билишларингиз учун уни (Ойни) манзилларга (бўлиб) ўлчаб қўйган зотдир*. Буни Аллоҳ фақат ҳақ (ҳикмат) билангина яратди. Билувчи қавм учун оятларни (У) батафсил баён қилур. 

* Ойнинг ўн икки буржи ва йигирма саккизта манзили бор. Буржлар – ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв, ҳут. Ҳар бир буржда иккию учдан бир манзил бўлиб, ой ҳар кеча шу манзиллардан бирига тушиб ўтади. Агар ой 30 кун бўлса, икки кеча ой кўринмайди. 29 кун бўлса, бир кеча кўринмайди. Қуёш мазкур манзиллардан ҳар бирида 13 кун ва 1/3 кунда қўниб ўтади. 28 та манзилнинг кунлари қўшилиб бир йил бўлади. 

 ҲИЖРИЙ ЙИЛ ҲИСОБИ -  Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккаи мукаррамадан  Мадинаи мунавварага ҳижрат қилган йилларидан  бошланган. Қамария (ҳижрий-қамарий йил) ва шамсия (ҳижрий-шамсий йил)га бўлинади.

Қамария бўйича йил ҳисоби 622 йилнинг 16 июли жума кунидан бошланиб, Ойнинг кетма-кет келган икки бир хил фазаси орасида ўтган вақт — синодик ой (29,530588 кун) даврига асосланган. 12 ойдан иборат бир қамарий йил 354,3671 кундан иборат. Қамарий йилда 1, 3, 5, 7, 9 ва 11-ойлар 30 кундан, қолганлари 29 кундан бутун қилиб олинган. Ойлар тартиби билан муҳаррам, сафар, рабиул аввал, рабиул охир, жумодул аввал, жумо-дул охир, ражаб, шаъбон, рамазон, шаввол, зулқаъда ва зулҳижжа деб аталишини биламиз. Қамарий йил тропик йилдан 10— 12 кун қисқа. Қамарий йилнинг баъзилари кабиса йил бўлишига сабаб йил­нинг каср қисми (0,3671 кун) ҳар 30 йилда 11,013 кунни ташкил этишидир. Унинг 19 йили оддий (354 кунлик), 11 йили кабиса (355 кунлик), 38-йиллик арабча циклнинг 2, 5, 7, 10, 13, 16, 18, 21, 24, 26 ва 29-йиллари кабиса деб қабул қилинган. Қамария ҳисоби аҳолиси асосан мусулмонлардан ташкил топган мамлакатларда қўлланади.

Шамсия 622 йилнинг баҳорги тенг кунлик куни — 21 мартдан бошлаб ҳисобланади; кейинги йил бошлари эса 20, 21 ёки 22 мартга тўғри келади. Давомийлиги милодий календаридаги каби 365 ёки 366 кундан иборат. Шам­сия бўйича ойларнинг номлари ҳут, ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сумбула, мезон, ақраб, қавс, жадди ва далв бўлиб, бу ойлар доимо йил­нинг маълум бир вактларида келади.

Ўрта Осиёда янги услуб кенг оммавийлашгунга қадар қамария ҳисоби ҳам, шамсия ҳисоби ҳам ишлатилиб келинган. Шамсия ҳисоби бўйича йил­нинг дастлабки кунларида Наврўз байрами ўтказилган.

Ҳижрий йил ҳисобланишининг саналарини янги услуб (Григорий календари)га айлантиришда махсус формулалар ва жадваллар қўлланади. Масалан, Григорий календарининг 1980 йил қамариянинг 1399/1400 йилларига ва Шамсиянинг 1359/1360 йилларига тўғри келади. 

ГРИГОРИЙ КАЛЕНДАРИ (ёки янги услуб) — Рим папаси Григорий XIII томонидан Юлий календари (эски стиль) ўрнига 1582 йилда жорий этилган календарь. Перуджий университети ўқитувчиси Луиджи Лилио 1576 йилда таклиф этган лойиҳага биноан тузилган. Юлий календарида йўл қўйилган хатолик ту-затилиб, ҳисоб 10 кун олдинга сурилган. Баҳорги тенг кунлик, яъни 21 мартга тўғри келган. Хатолик яна такрорланмаслиги учун ҳар 400 йилда кабиса йил 3 кунга қисқартирилган, яъни 100 кабиса йили ўрнига 97 кабиса йили жорий этилган. Григорий календарига кўра охирги 2 раками 4 га бўлинадиган йиллар кабиса йиллардир, лекин 2 ноль билан тугаб, 400 га бўлинмайдиган йиллар бундан мустасно, масалан, 1700, 1800, 1900 ва 2100 йиллар оддий йил, 1600, 2000, 2400 ва 2800 йиллар эса кабиса йил ҳисобланади. Шу ҳисобда йилнинг давомийлиги 365,242500 суткани ташкил этиб, тропик йилга қараганда ҳар йили 26 секунд ортиб боради ва сал кам 3300 йилда 1 кун хато қилинади. Григорий календарининг бирдан-бир ноқулайлиги ойлардаги кунлар сонининг ҳар хиллигидир. Собиқ Иттифоқда (шу жумладан Ўзбекистонда) Григорий тақвими  1918 йил 14 февралдан (эски услубда 1 февралдан) бошлаб қабул қилинган. 

БУРЖ — Қуёшнинг йиллик кўринма ҳаракати доирасидаги ўн икки юлдуз туркумининг номлари. Бу сўз зодиак юлдузи туркумлари Далв, Ҳут. Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадйларга нисбатан қўлланилади (жадвалга қаранг).

Улар Қуёшнинг йиллик кўринма ҳаракат йўли (эклиптика) бўйлаб жойлашган. Ҳар бирида Қуёш тахминан бир ойча бўлади. Бурж юлдуз туркумларидан Қуёш системасининг деярли барча сайёралари, кометалари ва Ойнинг ҳам кўринма ҳаракат йўллари ўтади. Юнонистонда бурж туркумларини алоҳида ажратиб, уларни махсус белгилар билан ифодалашган. Шунга кўра, осмон гумбазида баҳорги (Ҳамал) ва кузги (Мезон) тенгкунлик, ёзги (Саратон) ва қишки (Жадй) Қуёш туриш нуқталари ҳам ўша белгилар билан белгиланади. Прецессия ҳодисаси сабабли ўтган 2 минг йил ичида бу нуқталар сурилиб, қўшни юлдуз туркумларига ўтиб кетган бўлишига қарамай, шу белгилар, шунингдек Саратон ва Жавзо тропиклари деб аталувчи номлар ҳам сақланиб қолган. 

 Бурж жадвали 

Арабча

Форсча

Ўзбекча

Ҳозирги

айтилиши

айтилиши

айтилиши

ҳисобга кўра

1.

Ҳамал

Барре

Қўй

22 март—20 апр.

2.

Савр

Гов

Сигир

21 апр. —20 май.

3.

Жавзо

Дупайкар

Эгизак

21 май—21 июнь

4.

Саратон

Харченг

Қисқичбақа

22 июнь—22 июль

5.

Асад

Шер

Арслон

23 июль—22 авг.

6.

Сунбула

Хоша

Бошоқ

23 авг—23 сент.

7.

Мезон

Тарозу

Тарозу

24 сент.—22 окт.

8.

Ақраб

Гаждум

Чаён

23 окт.—22 нояб.

9.

Қавс

Камон

Ёй

23 нояб.—21 дек.

10.

Жадй

Бузғола

Тоғ така

22 дек.-  19 янв.

11.

Далв

Дўл

Қовға

20 янв.-18 фев.

12.

Ҳут

Моҳий

Балиқ

19 фев—21 март

БУРЖИЙ ТАҚВИМ - 365 кунлик қуёш тақвими. Шарқ фалакиётшунослари томонидан ишлаб чиқилган (11-аср). Буржий тақвим ойлари юлдуз туркумлари номи билан аталгани учун «буржий» (яъни юлдуз туркумлари — арабча «бурж» ёки ҳозирги тасаввурда астрономик тақвим) деб ном олган.

КАЛЕНДАРЬ (лот. calendarium — қарз дафтари), тақвим — йил, ой, ҳафта ва кунлар ҳисоблашни юритиш тизими. Қуёш, Ой, сайёраларнинг кўринма ҳаракати, кун биланн туннинг алмаши-нуви, Ой фазалари ва йил фаслларининг даврий равишда такрорланиб туришига асосланади. Календарнинг пайдо бўлиши одамнинг хўжалик фаолиятини юритиш эҳтиёжи билан боғлиқ. Одамлар Қуёшнинг чиқиб ботишини кузатиб — кун, Ой ўроғининг аввал катталашиб, сўнг кичрайишига қараб — ой, йил фаслларининг давомида Қуёшнинг уфқдан қанчалик кўтарилишини кузатиб йил тушунчаларига келишган. Аста-секин вақтни яна ҳам аниқроқ ҳисоблаш эҳтиёжи билан соат, минут бирликлари,  ҳафта тушунчаси киритилган. Вақт ҳисобини тўғри юритиш учун дастлабки расадхоналар қурилган, қуёш соати ўйлаб топилган.

Ўзбек тилида биринчи босма календарь Шоҳимардон Иброҳимов томонидан тузилиб, 1871 йил Тошкентда Туркистон ҳарбий округи босмахонасида чиқарилган, унинг 1872 йил 2-нашри Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида сақланади.

 

“ЎзМЭ” маълумотлари асосида

 Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади

16 март 2017 йил

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жазирама иссиқ кунларда соғлиқни сақлаш бўйича тавсиялар

16.07.2026   23188   3 min.
Жазирама иссиқ кунларда соғлиқни сақлаш бўйича тавсиялар

Ҳозирги чилла даврининг жазирама кунларида соғлиқни асраш учун қуйидаги тавсияларга амал қилинг.

Жазирамадан сақланиш учун кўпроқ сув ичинг, соя-салқин жойларда бўлинг ва енгил кийимлар кийинг. Қуёш нурлари тик тушадиган вақтда кўчага чиқмасликка ҳаракат қилинг, ёғли ва оғир таомлар ўрнига енгил овқатларни танланг. Оч рангли, табиий матолардан тикилган кийимлар кийиш тавсия этилади.

Иссиқ кунларда қуйидаги қоидаларга амал қилинг:

Сув ичиш

  • Чанқамасангиз ҳам ҳар соатда оз-оздан, тахминан 1 стакандан сув ичинг. Сув жуда муздек бўлмаслиги керак.
  • Бир кунда ўртача 2,5-3 литр оддий сув истеъмол қилиш тавсия этилади.
  • Айрон, лимонли, ялпизли сув ва кўк чой каби салқин ичимликлар ҳам фойдали.

Эслатма: Артериал қон босими паст (гипотония) бўлган кишиларга жуда совуқ кўк чой ичиш тавсия этилмайди, чунки у қон босимини янада пасайтириши мумкин.

  • Нордон мевалардан тайёрланган компотларга шакар ўрнига оз миқдорда новвот қўшиш ичимликнинг таъмини яхшилайди, қувват беради, овқат ҳазм қилиш тизимини тинчлантиришга ёрдам беради.
  • Газланган ширин ичимликлар ва энергетик ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди, чунки улар организмнинг янада сувсизланишига сабаб бўлиши мумкин.

Енгил кийининг

  • Оч рангли, кенг ва табиий матолардан тикилган кийимлар кийишга ҳаракат қилинг. Бундай кийимлар тананинг қизиб кетишини камайтиради.

Бош ва кўзларни ҳимоя қилинг

  • Ташқарига чиққанда албатта бош кийим (кепка, шляпа ёки панама) кийинг.
  • Кўзларни ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилиш учун қуёш кўзойнагидан фойдаланинг.
  • Имкон бўлса, соябондан ҳам фойдаланинг.

Сояда юринг

  • Куннинг энг иссиқ вақти — соат 11:00 дан 17:00 гача — тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида юрмасликка ҳаракат қилинг.

Тўғри овқатланинг

  • Ёғли ва оғир таомлар ўрнига енгил шўрвалар, сабзавот ва мевалар, айрон ҳамда сут маҳсулотларини истеъмол қилинг.

Уйни салқин сақланг

  • Эрталаб ва кечқурун деразаларни очиб хонани шамоллатинг.
  • Кундузи эса дераза ва пардаларни ёпиб, хонанинг қизиб кетишининг олдини олинг.

Қуёшдан ҳимояланинг

  • Кўчага чиқишдан олдин очиқ тери қисмларига SPF ҳимоя даражасига эга бўлган қуёшдан ҳимояловчи крем суртинг.

Болалар ва набираларга алоҳида эътибор беринг

  • Уларнинг кийими енгил ва табиий матодан бўлишига аҳамият беринг.
  • Болаларга тез-тез сув ичиш кераклигини тушунтиринг ва буни назорат қилинг.
  • Соғлом овқатланишга одатлантиринг. Айниқса, чипс, газланган ширин ичимликлар ва бошқа зарарли маҳсулотларни истеъмол қилмасликларини тушунтиринг.

Агар тўгаракларга боришса, ўзлари билан олиб кетишлари учун қуйидагиларни тайёрлаб бериш мумкин:

  • Кепакли нондан тайёрланган, пишлоқ ёки товуқ филеси қўшилган соғлом бутербродлар.
  • Иссиқ ҳавода тез бузиладиган колбаса ва майонездан фойдаланманг.
  • Ювилган мева ва сабзавотлар (олма, нок, банан, сабзи, бодринг). Улар чанқоқни босади ва витаминларга бой.
  • Ювилиб қуритилган қуруқ мевалар, бодом, ёнғоқ, мағиз, туршак ва новвот бўлаклари қувват беради, мия фаолиятини қўллаб-қувватлайди ҳамда иссиқда тез бузилмайди.
  • Боланинг сумкасида доимо тоза, газланмаган ва хона ҳароратидаги сув бўлиши шарт.

Ўзингизни ва оила аъзоларингизни эҳтиёт қилинг. Соғлиғингизга бефарқ бўлманг!

Наргиза ТУЙЧИЕВА,
ЎМИ ҳамшираси.

Жазирама иссиқ кунларда соғлиқни сақлаш бўйича тавсиялар
Мақолалар