Севинчи ичига сиғмай бораётган Ноила опа ишдан келди-ю ошга уннаб кетди. Чунки бугун ажойиб байрам – ўғли Қодиржон диплом олади.
Ота касбига меҳр қўйган Қодиржон университетнинг кимё-биология факультетини тамомлади. Ота-онанинг хурсандчилигини кўрсангиз эди. Ахир беш йил давомида фарзанд ўқитиш: ўзи емай фарзандига едиришнинг, ўзи киймай фарзандига кийдиришнинг ўзи бўларканми.
Дастурхон атрофида оила жам бўлиб ўтирганда онаси Қодиржонинг кўнгли ёришмаётганини сезди.
– Ҳа ўғлим, тинчликми? Хаёлинг паришон? Бугун ўзинг орзу қилган касб эгаси бўлдинг... – деб сўради ўғлидан.
– Ҳа... ойижон шундайку-я, лекин...
– Нима лекин?
– Менга Сариосиё туманининг чекка қишлоғига мактабга йўлланма беришди.
– Вой болама, шунга хафа бўласанми? Майли, баҳонада кўрмаган жойларни кўриб келасан. Тоғли жойлар, қишлоқ ҳавоси енгил бўлади дейишади, балки тақдиринг қўшилган бўлса, бахтинг ҳам...
– Қўйинг, ойи...
Қодиржонни қишлоққа туман халқ таълим бўлимидан бир жувон бошлаб борди. Уларни бўйдор, гавдали, кафтлари нақд чақалоқнинг калласидек келадиган қишлоқ оқсоқоли – “қаҳрамон”ота ва мактаб директори кутиб олди.
Барот отани “қаҳрамон” ота дейишганича бор экан: ота қишлоқнинг чекка сўқмоқ йўлидан бораркан қора дори кўтариб келаётган учта наркобизнесга дуч келиб қолади ва учаласини ҳам ер тишлатиб, оёқ-қўлини боғлаб Ички Ишлар бўлимига топширди. Шу-шу Барот отани қишлоқ аҳли “қаҳрамон” ота деб айтишади.
Қодиржонни вақтинча қишлоқ чеккасидаги эски калхўз идорасига жойлаштиришди. Идоранинг этаги чегарага туташган.
Сокин, сўлим қишлоқ. Оқшом супада ётаркан осмонда юлдузлар чарақлаган, узоқдан итларнинг акиллаши, бақаларнинг қуриллаши, майин шабадада теракларнинг шитирлаши эшитилади.
Одамларини айтмайсизми, нақадар самимий ва меҳмондўст. Кунда-кунора ёш болалар келиб “Муаллим ака, бизникига юринг” дея меҳмондорчиликка чақириб кетади.
Сентябрь келиб дарслар ҳам бошланди. Қодиржоннинг одати қизиқ, ишдан келади-ю, онасидан юққанми, қирга чиқиб табиат манзарасини чизади. Кунлар шу зайлда ўтаркан бир воқеа сабаб Қодиржоннинг ҳаёти ўзгариб кетди. Одатдагидек расм чизиб ўтираркан, ёнида пайдо бўлган иккита йигитни пайқамай қолди.
– Ассалому алайкум, ҳорманг, рассом ака. – деди улардан бири.
– Ваалайкум ассалом, бор бўлинг, – деди қўққисдан берилган саломдан чўчиб кетган Қодиржон.
– Ўҳ-ҳў, жуда чиройли чиқибди.
– Ҳа... расм чизиш севимли машғулотим
– Рассом ака, сизга бир таклиф билан келгандик. Биз доривор гиёҳлар савдоси билан шуғулланамиз. Аммо чегара расмиятчилигига ҳушимиз йўқ. Хўп десангиз, бугун тунда ҳамкорларимизга гиёҳларни сизни ҳовлингизда берсак. Бу хизмат ҳаққингиз, – дея бир даста пулни тутқазишди унга.
– Бўпти ёрдам бераман. Хизмат ҳаққи керакмас, фақат қари онамга озгина доривор ўт берасиз,- деди Қодиржон зийраклик билан. “Нима учун яширин йўллар билан, яна кечаси? Бу ишда бир сир борга ўхшайди” деган ўй ўтди Қодиржоннинг хаёлидан.
Қодиржон дастурхон тузади, дўппидеккина ош ҳам дамлади. Тун яримдан оққанда ҳовли этагидан замбилдек келадиган иккита қопни елкалаган йигитлар кириб келди.
– Меҳмон атойи худо дейдилар, бир пиёла чой ичмасангиз хафа бўламан,– деди Қодиржон тузалган дастурхонга ишора қилиб. Йигитлар ҳар қанча шошилса-да, тўкин дастурхонни кўриб, иштаҳалари очилиб кетди.
– Ҳа, майли икки дақиқа.
– Меҳмонларим, азизларим, – деб Қодиржон жимирлаб турган “пепси-кола”дан уч пиёла симирди. У меҳмонларга пиёлаларга сузиб қўйилган “пепси”ни узатаркан, ўзини чарчаганга солиб, чўнтагидаги диктафоннинг “ёзув” тугмасини босди ва ёстиққа ёнбошлаб хуррак ота бошлади.
– Ғўра экан-у бу.
– Қопига келишганимиздекми.
– Ҳа.
– Бу ерда қанча? Сўрашяпти.
– Бўпти, кетдик.
Улар супадан қўзғалмоқчи бўлганида вужудлари титраб, пешоналаридан муздек тер чиқиб кетди.
Қодиржоннинг зийраклиги туфайли юз кг афғон опиум моддаси ушлаб қолинди.
Эртаси куни мактабда йиғилиш бўлди. Йиғилишга мутасадди ташкилотлардан раҳбарлар келишди. Полковник Шамсиев Қодиржонга ҳукуматимиз томонидан берилган ташаккурнома ва совғаларни топшираркан, Ички ишлар бўлимига ишга қабул қилингани тўғрисидаги буйруқни берди.
Ҳа... доно халқимиз: “Хоин қони челакка, Ботир қони юракка”, деб бежиз айтмаган.
Бу заҳри қотил неча-неча ёшларнинг жувонмарг бўлишига, маънавиятимизга болта урилишга, гўдакларнинг майиб-мажруҳ туғилишига сабаб бўлиши мумкин эди.
Ҳа, азизлар чегараларимиз мустаҳкам, аскарларимиз зийрак. Лекин, тинчлигимизни асраш борасида Барот отадек, Қодиржондек фидойилик кўрсатиш барчамизнинг Ватан олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Тойиржон ТУНГАТОВ,
Чиноз туманидаги “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби
Инсоният тарихида айрим маконлар борки, улар фақат географик нуқта эмас, балки руҳий тарбия ва маънавий уйғониш маркази ҳисобланади. Ана шундай муқаддас масканларнинг энг улуғи – Масжидул ҳаром ва увинг қалби бўлган Каъбаи муаззамадир. Миллионлаб мусулмонлар ҳар йили турли миллат, тил ва маданиятдан қатъи назар, бир мақсад – Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш учун ушбу муборак жойга йўл оладилар. Ҳаж – Исломнинг бешинчи рукни бўлиб, у оддий саёҳат ёки расмий маросим эмас. Ҳаж инсоннинг қалбини поклайдиган, нафсини тарбиялайдиган, уни янада масъулиятли ва тақводор шахсга айлантирадиган буюк ибодатдир. Аслида, ҳақиқий ҳаж – инсоннинг ички дунёсини ўзгартирувчи ҳаждир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи уй Баккада (Маккада) муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган (Каъба)дир» (Оли Имрон сураси, 96-оят). Ушбу муборак оят Каъбатуллоҳнинг инсоният тарихидаги юксак ўрнини кўрсатади. У нафақат мусулмонларнинг қибласи, балки тавҳид рамзи ҳамдир. Ер юзида турли цивилизациялар пайдо бўлиб, йўқолиб кетган бўлса-да, Каъба асрлар давомида инсониятни ягона Роббга ибодат қилишга чақириб келмоқда.
Тарихий манбаларда Каъбанинг бир неча бор қайта таъмирлангани зикр қилинади. Одам алайҳиссаломдан тортиб, Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларгача, ҳатто Қурайш қабиласи ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳулар давригача унинг қайта қурилгани ҳақида ривоятлар келтирилган. Бу ҳолат Каъбанинг инсоният онгида нечоғли муқаддас ўрин тутишини англатади.
Кўпчилик ҳажни фақатгина фарз амалини адо қилиб қўйиш деб тушунади. Аслида эса ҳаж – инсоннинг ахлоқий ва маънавий камолотини синовдан ўтказадиган улкан мактабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир» (Муттафақун алайҳ). Лекин ҳар қандай ҳаж ҳам «мабрур» (қабул бўлган) бўлавермайди. Уламолар мабрур ҳажни — холис ният билан, ҳалол молдан, гуноҳ, риё ва хўжакўрсинликдан узоқ ҳолда адо этилган ибодат деб таърифлайдилар. Демак, ҳаждан мақсад фақат Каъбани кўриш ёки эл қатори «ҳожи» деган ном олиш эмас. Балки инсоннинг ички дунёси ўзгариши, гуноҳлардан чин дилдан тавба қилиши ва ҳаётини янги, пок босқичдан бошлаши муҳимдир.
Билишимиз керак бўлган энг муҳим масалалардан бири — ҳажга кетишдан аввал чин дунёдан тавба қилиш ва одамлар ҳақини адо этишдир. Зеро, зиммасида қарзи ёки ўзганинг ҳақи бўлган инсон ҳаж қилишдан аввал уларни эгаларига қайтариши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деганлар: «Бой (қодир) кишининг қарзини бермай пайсалга солиши зулмдир» (Имом Бухорий ривояти). Афсуски, бугунги кунда айримлар ҳажни обрў, тижорат ёки ижтимоий мақом воситасига айлантириб юбормоқда. Ислом шариатида пора, таниш-билишчилик ёки ноҳақ йўллар билан ҳажга бориш қаттиқ қораланади. Бундай йўллар ибодатнинг руҳий моҳиятини бутунлай йўққа чиқаради. Исломда ибодатнинг қабул бўлиши учун унинг ташқи дабдабаси эмас, балки ихлос, тақво ва ҳалоллик асос қилиб олинади.
Ҳақиқий ҳожи ҳаждан қайтгач, унинг хулқида, оилавий ва ижтимоий ҳаётида ижобий ўзгаришлар сезилиши керак. Улуғ тобеин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Мабрур ҳаж — инсоннинг ҳаждан дунёга бефарқ (зоҳид), охиратга эса рағбатли ҳолда қайтишидир». Агар инсон табаррук сафардан қайтганидан кейин ҳам ғийбат, такаббурлик, манманлик, тарозидан уриш ва ноҳақликни тарк этмаса, у ҳажнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини англаб етмаган бўлади. Ҳаж мусулмон кишига сабрни, тартиб-интизомни, камтарлик ва биродарликни ўргатади. Эҳромга кирган пайтда бой билан камбағал, раҳбар билан оддий ишчи бир хил кийимда, ёнма-ён туради. Бу эса инсонлар ўртасидаги барча сунъий фарқларни йўқотиб, Аллоҳ ҳузуридаги ҳақиқий тенглик ғоясини намоён этади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Ҳажарул асвадни ўпаётиб, тарихга муҳрланган ушбу сўзларни айтган эдилар: «Сен фақат бир тошсан, на фойда ва на зарар етказа оласан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпганларини кўрмаганимда, сени асло ўпмас эдим». Бу теран фикр Исломда ибодатлар фақатгина соф ақида ва суннатга асосланишини кўрсатади. Мусулмон киши Ҳажарул асвадни қандайдир сеҳрли куч деб эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига бўлган чексиз муҳаббат ва эҳтиром рамзи сифатида зиёрат қилади.
Ҳаж — мусулмон умматининг энг буюк маънавий қурултойидир. У инсонни ташқи жиҳатдан эмас, балки ички оламини тубдан ўзгартириш учун фарз қилинган. Ҳақиқий ҳаж инсонни камтар, ҳалол, масъулиятли ва тақводор қилади. Бугун мусулмон жамиятимизда ҳажнинг фақат ташқи расмиятчилигига эмас, балки унинг маънавий-руҳий моҳиятига кўпроқ эътибор беришимиз зарур. Чунки Каъбани шунчаки кўз билан кўришдан ҳам муҳимроғи — қалб кўзини очиш ва уни поклашдир. Ҳақиқий мабрур ҳаж эса инсонни гуноҳлардан узоқлаштириб, Яратувчисига яқинлаштиради.
Жамол Мавлонов,
Бухоро шаҳридаги «Масжиди Калон» жоме масжиди имом-хатиби