Юнус бутун ўқув йили давомида янги телефон олиш учун пўл тўплади. Ҳар сафар отаси мактабда тушлик қилишга пул берганда у қорни очса-да, ўша пулни емасдан уйга қайтариб келарди-да пул йиғадиган идишчага ташлаб қўярди.
Пулим етади деган қарорга келганидан сўнг бир синфдоши билан куннинг иккинчи ярмида телефон харид қилишга бирга боришга келишиб олди. Уйига келиб кийимларини алиштириб чиқди. Қараса, кўчада яна бир синфдош ўртоғи Саид муғнайиб турибди. Улар қўшничиликда яшашади. Саиддан ғамгинлигининг сабабини сўради.
– Синглим оғриб қолди. Ойим мени дори олиб келишим учун дорихонага юбордилар. Аммо пулим етмади. Уни ойимга қандай айтишни билмай турибман. Ойим жуда сиқиладилар, чунки уйда бошқа пулимиз йўқ. Мен ҳам сиқиляпман. Юр, бир оз ўйнайлик, уйга кечроқ бораман, унгача синглим яхши бўлиб қолар балки, – деди Саид.
Юнус қанчалик ҳаракат қилмасин, аммо ўйини ҳеч қовушмади. Унинг хаёлига Саиднинг айтган гаплари маҳкам ўрнашиб олган эди. Кўз олдига дорининг тезроқ келишини кутиб ётган Марям гавдаланди. У ҳатто телефон олиш учун уйдан чиққанини ҳам унутган этди, дафъатан, чўнтагида пули борлиги эсига тушиб қолди.
– Менга дорилар рўйхатини бер-чи, – деди Саидга.
Саид нега деб сўраб ҳам ўтирмасдан қоғозни узатди. Юнус қоғозни олиб дорихонага югуриб кетди. Рўйхатдаги дориларни олди, дорихонадан чиқиб дўконга кирди ва сархил мевалар харид қилди. Кейин уни кутиб турган Саиднинг олдига хурсанд бўлиб қайтиб келди.
– Юр уйларингга борайлик, мен Марямга керакли дориларни олдим, – деди завқи ичига сиғмай бораётган Юнус.
– Сен телефон олиш учун йиққан пулингни сарфладингми? Нега бундай қилдинг, ахир қанча вақтдан бери орзу қилардин-ку! – ҳайрон бўлди Саид.
– Телефонни кейинроқ олаверсак ҳам бўлади, Марямнинг соғайиб кетиши муҳим, – жавоб берди Юнус ва болалар Саидларнинг уйига кетишди.
Юнус кечқурун уйига қайтганида уни ажойиб совға кутаётганини билмас эди. У мактабда аъло баҳоларга ўқигани учун ота-онаси унга янги телефон харид қилишган эди. Бола жуда ҳам ҳайратга тушди ва кўзлари ёшга тўлиб:
– Алҳамдуллиллоҳ! Алҳамдулиллоҳ! Бу Аллоҳ таолонинг совғаси, – деди ва бўлиб ўтган воқеани ота-онасига гапириб берди.
Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
“Аёлнинг дуолари ила инсоннинг фарзандлари динида барака бўлади. Бу нозик жиҳатни ёдда тутинг! Сиз кўрасизки, бир неча буюк диндор одамлар бўладилар. Магар, характерлари жуда ёмон ва оғир бўлгани сабабли, аёлларига доимо ёмон муомала қилаверадилар. Шу сабабли уларнинг фарзандлари диндор бўлмайди. Энди, булар ўзлари катта олимлар, муфтийлар. Лекин фарзандлари бенамозлигидан ташвишда бўладилар”.
Бир воқеа
Менинг олдимга бир куни бир катта муфтий жаноблари фарзандини олиб келди ва: “Ҳазрат, мен ўғлимни ҳадис давраларига қатнаштирдим. Унинг ҳаққига дуо қилинг. У фарз намозларни ўқимайди” деди.
Мен буни эшитиб титраб кетдимки, бола ҳадис даврасига қатнашган, шундан кейин ҳам фарз намозини ўқимайди...
Мен унга: “Фарзандингиз диндор бўлишини хоҳлайсизми?” дедим.
У: “Ҳа, албатта” деди.
Мен: “Аёлингизнинг дуоларини олинг”, дедим. Шунда, у қаҳқаҳа отиб кулиб юборди.
Мен: “Сиз буни оддий нарса деб тушунманг. Мен буни улуғларимиздан эшитганман ва баракасини кўрганман. Сиз аёлингизга меҳр қўйинг. Аёлингизнинг дуоларини олинг. Кейин, Аллоҳ таоло фарзандларингизни қандай солиҳ қилишини томоша қилинг” дедим.
Аллоҳнинг қудратики, икки йилдан кейин ўша муфтий ҳазрат яна келди ва “ўғлим таровеҳда хатми Қуръонга ўтди” деди.
Мен: “Фарз намозларни ўқимайдиган бола қандай қилиб хатми Қуръонга ўтди?" дедим.
У: “Ҳазрат! Сиз айтгач, мен аёлимга меҳр қўйдим ва унга “фарзандларимизнинг солиҳ бўлиши учун дуо қил” дедим. Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилди ва фарзандларимизни солиҳ қилди” деди.
Ота-онанинг дуолар ила моддий ризқда барака бўлади. Устознинг дуолари ила файзда барака бўлади. Аёлининг дуолари ила инсоннинг фарзандлари солиҳ бўлади.
“Тааба манзил сирф деванэ гайэ” китобидан
Абдулқаййум Комил таржимаси