Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Август, 2026   |   10 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:40
Пешин
12:26
Аср
17:12
Шом
19:15
Хуфтон
20:36
Bismillah
23 Август, 2026, 10 Рабиъул аввал, 1448

Дўстлашиш фазилати

10.03.2017   17103   6 min.
Дўстлашиш фазилати

Аллоҳ таоло инсон зотини барча мавжудотлар ичида азизу мукаррам қилиб яратган.

Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

“Дарҳақиқат, (Биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп  жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ азза ва жалла инсоннинг нақадар улуғ мавжудот эканига гувоҳлик беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши Аллоҳ наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, деганлар (Байҳақий ривояти).

Мана шундай азиз инсонлар ичида Аллоҳ таолога янада мукаррам бўлган бандалар бор. Улар тақводорлардир. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ва бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азиз) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Араб билан ажамнинг ўртасида фақат тақвосидагина фарқ бўлади”, деганлар (Термизий ривояти).

Яратган Роббимиз инсонни олиймақомларга Ўзи кўтарган. Ана шундай улуғ мақом соҳиби бўлган инсонлар бир-бирлари билан ака-укадирлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар...” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир-бирлари билан оға-инидирлар”, дея лутф қилганлар.

Демак, мўминлар бир-бирлари билан бамисоли оға-инидек дўст бўлишлари ва ўзаро гўзал муносабатда бўлишлари тақозо этилади. Бу алоқа фақат Аллоҳ йўлида яхши кўриш билан ўз ифодасини топади. Зеро, инсонлар ўзаро бир-бирларини Аллоҳ учун севсалар бу дунё ва охират яхшиликларига эга бўладилар. Шундагина бу дўстлик уларга дунёда ҳам, охиратда ҳам наф келтиради.

Қуръони каримда шундай дейилади:

У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар” (Зуҳруф сураси, 67-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Аллоҳ таоло соя бўлмайдиган қиёмат кунида етти тоифа кишини Ўзининг сояси остида соялантиради. Улар: Адолатли бошлиқ, Роббисининг ибодатида ўсган йигит, қалби масжид билан боғланган киши, Аллоҳнинг розилигида бир-бирларини яхши кўриб жамланган ва ажрашган икки киши, чиройли ва мансабдор аёл зинога чақирганда, мен Аллоҳдан қўрқаман деган киши, ўнг қўли қилган эҳсонини чап қўли билмайдиган киши, ёлғиз ҳолида Аллоҳни эслаб кўз ёш тўкадиган киши”

Зотан Аллоҳ йўлида муҳаббатлашган инсонларни Аллоҳ қиёмат куни бир жойга жамлайди ва уларни бирга қилиб қўяди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар икки инсон Аллоҳ учун дўст тутинса, улардан бири мағрибда, иккинчиси машриқда бўлса, Аллоҳ уларни қиёмат кунида бирга қилиб: “Мен учун дўст тутингандилар” дейди”, дея марҳамат қилганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Албатта, киши жаннатга кирганда “фалончи дўстим нима қилди экан”, деб сўрайди. Ваҳоланки унинг у дўсти жаҳаннамда бўлади. Шунда Аллоҳ таоло унинг дўстини “жаннатга чақиринглар”, дейди. Жаҳаннамда қолганлар эса: “Энди бизлар учун на оқловчилар бор, на бирор қадрдон дўст”(Шуаро сураси, 100-101) оятини айтадилар”.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: “Дўстларни кўпайтиринглар. Мўмин дўстлар қиёмат кунида бир-бирларини шафоат қиладилар”, деб айтганлар.

Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

“Қиёмат қоим бўлганида унинг даҳшатидан инсонлар яқинларидан қочади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Ўша куни киши ўз биродаридан қочади. Яна онаси ва отасидан ҳам, хотин ва ўғилларидан ҳам (қочур). (Чунки) у кунда улардан ҳар бир кишида ўзига етарли нарса (ташвиш) бўлур” (Абаса сураси, 34-37 оятлар). Бир банданинг амал дафтари тарозига тортилганда зарра миқдоридаги савоб камлик қилади ва жаннатга киришига етмай қолади. Шунда юқоридаги ояти каримада таъкидланганидек яқинларидан ёрдам сўрар экан. Нажот чиқмагач Аллоҳ йўлида дўстлашган дўстини кўриб қолади. Дўсти ундан: “Нега ғамгинсан”, деб сўраса, у: “Жаннатга киришимга зарра миқдордаги савобим етмай қолди. Яқинларим ўзлари билан ўзлари оввора бўлганлари учун мендан қочишди”, дейди. Шунда дўсти унга: “Етмай қолган савобингга мен ўз савобимдан бераман”, деб, дўстига ўз савобидан беради. Шу пайт Аллоҳ таоло Ўзи билган ҳолда фаришталарни гувоҳ қилиш мақсадида фаришталаридан: “У банданинг амал дафтари тортилганми? У ўз савобидан бериб юборди”, дея сўрайди. Фаришталар: “Йўқ”, деб жавоб беришади. Аллоҳ таоло: “Ундай бўлса, нимани эвазига бундай қилди”, деб яна сўраганида, улар: “Эй, Аллоҳ! Булар Сенинг йўлингда дўст тутинганлар”, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: “Сизлар гувоҳ бўлинглар! Мен уларнинг иккисини ҳам гуноҳларини авф қилдим. Жаннатимга киритинглар!” дейди”, дейилган.

Аллоҳ йўлида бир-бирлари билан дўстлашган кишилар учун жаннатда ҳатто пайғамбарлар, шаҳидлар ўтирмайдиган тахтларни тайёрлаб қўйилгандир.

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир тахт бор. Унга на пайғамбарлар, на шаҳидлар ўтирадилар” деганларида,  саҳобаи киромлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! У тахт ким учун?”, деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У Аллоҳ йўлида дўстлашган бандалар учундир”, дея марҳамат қилганлар (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир инсонни яхши кўрсангиз унга яхши кўришингизни билдириб қўйинг”, деганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг бир-бирларимизга бўлган дўстлигимизни фақат Ўзининг йўлида бўлишини таъминласин. Дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларга шерик бўлишимизни насиб этсин.

Жалолиддин Ҳамроқулов 

 "Новза" жоме масжиди имом-хатиби

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мажлислар омонатдир

06.08.2026   21667   4 min.
Мажлислар омонатдир

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:

« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).

 

“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.

 

Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.

 

“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.

 

Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.

 

“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.

 

“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.

 

“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.

 

Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?

 

Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.

 

Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.

 

Манбалар асосида

Т.НИЗОМ тайёрлади.

Мақолалар