Муқаддас динимиз Исломда барчага бирдек хитоб қилиниб, эркак ва аёлларга тенглик ила муомала қилинган. Ҳақ-ҳуқуқларда бирини бошқасидан устун қўйилмаган. Шунингек, ислом шариати умумий шаклда аниқ мақсадга эришишни кўзлаган бўлиб, у “ҳимоя” деб аталади. Ҳимоя эса турли жабҳаларда, турли шаклларда намоён бўлади. Хусусан, аёлларнинг шаъни, уларга тааллуқли бўлган барча нарса ислом дини асосида ҳимоя этилади. Шу сабабдан ҳам Қуръони карим ва суннати набавийда аёлларга оид ҳақ-ҳуқуқлар, нозик ва дақиқ таърифлар алоҳида эътибор билан келтирилади, адолат, латофат ва меҳр ила баён қилинади. Шуларни эътиборга олган ҳолда, аёлнинг қиз, рафиқа ва она сифатида умр кечириши ва унинг умр босқичларида эҳтироми ва ҳимоясини кўзда тутган оят ва ҳадисларни этиборингизга ҳавола этамиз.
Ислом дини аёлларнинг шаънини кўтариб, уларнинг турмуш тарзини гўзаллаштирган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ўз эрларига итоат қилишни, эркакларга эса жуфти ҳалолларига меҳрибонлик қилишни буюрганлар. Қизларни мажбурлаб эрга бериш, уларнинг молларини ейишни ман қилганлар. Чунки жоҳилият даврида аёллар мерос ололмас, агар бирор кишига қиз фарзанд кўрганининг хабари берилса, ғазабланганидан юзлари қорайиб, бўзариб кетар эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларнинг бу ҳолатини бундай баён қилади:
وَإِذَا بُشِّرَ أَحَدُهُمْ بِالْأُنْثَى ظَلَّ وَجْهُهُ مُسْوَدًّا وَهُوَ كَظِيمٌ * يَتَوَارَى مِنَ الْقَوْمِ مِنْ سُوءِ مَا بُشِّرَ بِهِ أَيُمْسِكُهُ عَلَى هُونٍ أَمْ يَدُسُّهُ فِي التُّرَابِ أَلَا سَاءَ مَا يَحْكُمُونَ
“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда, олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир (“Наҳл” сураси, 58-59 оятлар).
Қуръони каримда “Нисо” (Аёллар) номи билан алоҳида сура нозил қилинган бўлиб, унда мерос ва аёлларга муомала қилиш ҳукмлари баён этилгани динимизда уларнинг эҳтиром қилинганини кўрсатиб беради.
Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида бундай марҳамат қилади:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللَّهُ وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир (“Нисо” сураси, 34-оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада солиҳа аёлнинг сифатларини баён қилиб, ортидан итоатсизлик содир этган аёлга раҳм-шавқат билан, босқичма-босқич қилиниши керак бўлган муомала услуби ҳақида таълим бермоқда. Бу услуб – аввал чиройли панд-насиҳат, сўнгра шунда ҳам итоат қилмаса, ўринларини алоҳида қилиш, бу ҳам кор қилмаса, қаттиқроқ чора – озор бермайдиган даражада таъзир беришга изн берилишидир. Ушбу таълим меҳрибон ва раҳмли бўлган Аллоҳ таоло томонидан аёлларга бўлган иззат-икром намунаси десак, адашмаган бўламиз.
Аёлларга бўлган икромнинг намуналаридан яна бири шуки, ушбу сурада аёллар ва эркаклар лафзларининг тенг миқдорда келтирилганидир.
Ислом эркакларга ўз аёллари билан гўзал муомалада бўлишни ва бунда улар учун яхшилик борлиги қуйидагича баён қилади:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (“Нисо” сураси, 19 оят).
Шунингдек, динимизда аёллар она сифатида улуғланади. Ислом фарзандларни оналарига чиройли муомалада бўлишга буюриб, бу орқали аёлларни она сифатида улуғлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримдаги бошқа ўринларга нисбатан ота-онага яхшилик қилиш борасида келган оятларни жуда ҳам чиройли тарзда баён қилган. Жумладан, “Исро” сурасининг 23-оятида:
“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уфф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” , – дея амр қилинган.
Бошқа сурада эса:
“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”, – деб буюрилади (“Луқмон” сураси, 14-оят).
Қуръони каримдаги ота-онага яхшилик қилиш борасида келган яна бир оят қуйидагича марҳамат қилинади:
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Бас, қачонки, у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва, албатта, мен мусулмонлардандирман», – дейди”(“Аҳқоф “сураси, 15-оят).
Ушбу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, Аллоҳга осий бўлувчи ўринларда уларга итоат қилинмайди. Бу ҳақда бундай марҳамат қилинади:
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. (Аммо) агар улар сен билмаган нарсаларни (сохта маъбудаларни) Менга шерик қилишингга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас, Мен (ўшанда) сизларга қилиб ўтган амалларингиз хабарини берурман”, – деб марҳамат қилинади (“Анкабут” сураси, 8-оят).
Суннати набавийяда ҳам оналарга яхшилик қилишга доир кўплаб буйруқлар келган бўлиб, баъзиларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, энг чиройли муомаламга ким ҳақли?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, – дедилар. У киши: “Сўнг ким?” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, – дедилар. У киши яна: “Сўнг ким?” – деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Онанг”, – дедилар. У киши: “Сўнг ким?” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўнг отанг”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч бора “Онанг”, деб айтишлари Исломда онанинг шаъни нақадар улуғ ва ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эканига далолат қилади. Ислом шариатидан бошқа ҳеч бир шариатда онанинг қадри бунчалик баланд қилиб белгиланмаган.
Талҳа ибн Муовия Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни қасд қилдим”, – деб айтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг тирикми?” – дедилар. Мен: “Ҳа”, – дедим. У Зот алайҳиссалом: “Онангнинг оёқларини ўзингга лозим тут (доим хизматида бўл), чунки жаннат ўша ердадир”, – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, исломда аёллар рафиқа сифатида улуғланади. Бу борада Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Видолашув ҳажи”да саҳобийларга қарата аёллар ҳақида айтган васиятларини келтириб ўтишимиз жуда ҳам ўринли бўлади: “Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинглар. Чунки сизлар Аллоҳнинг омонати ила уларни қўлга киритдингиз ва Аллоҳнинг калимаси билан уларнинг фаржларини ўзларингизга ҳалол қилиб олдингиз” (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ алайҳиссалом бошқа бир ҳадисда: “Албатта, аёллар эркакларнинг ярми (шериги, туғишганлари)дир”, – деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, Ислом шариати аёлларни ҳар қандай ҳолат ва ишларда эркакларга шерик қилган десак, тўғри бўлади. Зеро, аёл фарзандларни тарбиялаш, борасидаги хизмати оилани мустаҳкамлаш йўлида ҳам эркакларга ҳамроҳ эканидан далолатдир. Эр-хотин ўзаро иноқ бўлган оиладан суннати набавий кўрсатиб берган йўлга мувофиқ гўзал хонадон пайдо бўлади. Бундай хонадонлар эса жамият биносини барпо қилишда муҳим рол ўйнайди. Шу сабабли ҳам аёл жамиятнинг ярми дейилади. Балки, аёл ярмидан ҳам кўпроқ улушга эга. Зеро, аёл бу – она, рафиқа, қиз ва опа-сингилдир.
Қолаверса, исломда аёллар қиз сифатида улуғланади. Набий алайҳиссалом Исломнинг моҳиятини баён этиб, қизларнинг улуғ мақом соҳибалари эканини таъкидлаганлар. Уларнинг ҳуқуқларини баён қилиб, зиммаларидаги вожибларни кўрсатиб бериш ила жоҳилият даврида урфга айланиб, тарқалиб кетган қабиҳлик – қизларни тириклайин кўмиш муаммосини бартараф қилдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтади: “Бир аёл ўзининг икки қизини етаклаб келиб, улар учун бир нарса сўради. Менда бир дона хурмодан бошқа нарса йўқ эди. Сўнг ўша хурмони аёлга узатдим. Аёл хурмони қизларига бўлиб берди, ўзи эса емади. Кейин туриб чиқиб кетди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Мен У зотга бўлган воқеани айтиб берим. У Зот: “Ким бу қизлар учун бирор нарсадан ташвишланиб қайғурса, (шу иши) жаҳаннамдан тўсиқ бўлади”, – дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аёл гўё қалб гавҳари. Аёл борки, олам мунаввар. Она – меҳрибонлик тимсоли! Унга яхшилик қилиш эса дунёда бахт, охиратда саодатга эришиш сабабларидандир. Шундай экан, онамизнинг нурли юзларига табассум ила боқиб, меҳрибонлик ва оилавий меҳр-муҳаббат асосида ҳаёт кечириш барчамизга насиб этсин!
Жалолиддин Ҳамроқулов
Тошкент ислом институти
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири
“Новза” жоме масжиди имом-хатиби
Барчамизга маълумки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади.
Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида бундай деганлар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Ҳозирда ҳам ёшлар тарбиясига, уларнинг сифатли билим олишларига давлатимиз миқёсида катта аҳамият берилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда шундай таъкидлаган эдилар: “Менинг энг катта ташвишим, мақсадим — ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади”.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларни ақлан ва маънан етук авлод бўлиб етишишига катта эътибор қаратилмоқда.
Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир.
Ислом таълимотларига жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.
Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.
Ислом дини мусулмонларни доимо илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа ҳеч нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди.
«Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади».
Ҳа, илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасак илмнинг этагини маҳкам ушлайлик.
Шундай экан, биз мусулмонлар ўз фарзандларимизни бугунги кун талаблари асосида тарбиялашимиз, уларни замонавий илм ва касб-ҳунарга йўналтиришга бор кучимизни сарфлашимиз лозим. Шунда фарзандларимиз хориж мамлакатларига ишлаш учун “қора ишчи” бўлиб эмас, балки мутахассис сифатида борадилар.
Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонларидан ёшларни замонавий касб-ҳунарлар ва чет тилига ўргатиш бўйича илгари сурилган “1000 дастурчи”, “Икки тил, бир касб” лойиҳаларидан ҳам айнан шу эзгу мақсад кўзланган...
Албатта, мусулмон инсон ўзга инсонларга аввало ўзининг юксак ахлоқи билан намуна бўлиши керак. Зеро, инсонлар хулқи гўзал кишини яхши кўрадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга чақиришни бошлаганларида қариндошларини “Эй Бани Фиҳр, эй Бани Адий” деб чақирдилар. Барча тўпланди, уйидан чиқишга имкони бўлмаган кишилар нима бўлаётганини билиб келиш учун одам жўнатдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалоту васаллам: “Агар мен сизларга мана бу тоғ этагидаги водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибди, деб хабар берсам, менга ишонасизларми?”, дедилар. Улар: “Сизнинг бирор марта ёлғон гапирганингизни билмаймиз, Сизга ишонамиз”, дейишди. Шундан кейин у зот ўзларини Пайғамбар қилиб юборилганларини айтдилар.
Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар эканларини турли ҳужжат ва мўъжизалар орқали исботлаш билан эълон қилмадилар. Балки, энг аввало уларга ўзларининг ахлоқлари ҳақида савол бериб, ўзларининг ростгўй эканликларини тасдиқлатиб олдилар. Бундан кўриниб турибдики, мусулмон киши ўзга кишиларга энг аввало амали, хулқи ва одоби билан намуна бўлиши керак экан.
Киши ҳусни хулқли бўлиши учун аҳли илм ва солиҳ зотларни суҳбатларидан баҳраманд бўлиши ва уларни одоб ахлоқларидан ўзига намуна олиши ҳам айни муддаодир. Бу ҳақда Ибн Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Имом Моликнинг илмларидан кўра, у зотнинг одобларидан ўрганганимиз кўпроқ бўлди”.
Демак, ҳусни хулқ ва одоб кишида ўз-ўзидан шаклланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳли билан ҳамсуҳбат бўлиш, улардан илм олиш билан бирга одоб-ахлоқларини ўрганиш билан касб қилинар экан. Ушбу хислат ўтган салафи солиҳларимизнинг гўзал одатларидан бўлган.
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилимлик, тавозеълик, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ имоннинг комиллигидир”.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига: “Эй отажон, инсон учун қайси хислат яхшироқ?” деди. Отаси: “Дин”, деб жавоб берди. “Агар хислат иккита бўлса-чи?” деб сўради. Отаси: “Дин ва мол”, деди. “Агар учта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол ва ҳаё”, деди. Ўғил: “Агар тўртта бўлса-чи?” деди.
Отаси: “Дин, мол, ҳаё ва чиройли хулқ”, деди. “Агар бешта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол, ҳаё, чиройли хулқ ва сахийлик”, деб жавоб берди. Ўғил яна: “Олтита бўлса-чи?” деб ҳам сўраган эди, Луқмони Ҳаким: “Эй ўғлим, агар инсонда мана шу беш хислат жамланса, у покиза, тақводор, Аллоҳга дўст ва шайтондан узоқ бўлади” деб жавоб қилди. Мана шу бешта хислатлар борлиги ҳам мўминлик сифатларидандир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи билан жаннатда олий мақомга етади, гарчи (нафл) ибодатини кўп қилса ҳам”.
Инсон ёмон хулқи билан бошқа инсонларни кўнглига озор берадиган бўлса, ўша хулқи туфайли қилган яхшиликлари ҳам бекор бўлади.
Киши илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ва одобга ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм, гўзал хулқ ва одоб инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва мададкор жамият бахтли ва фаровон жамиятдир.
Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор зинҳор унутмайлик. Фарзандим илмли, одобли, касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, ватанига, муборак динига хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларингизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десак, ҳаётда турли кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий бадиий, илмий, танлаган касбига оид, дунё ва охиратига манфаат берадиган китоблар, дарсликлар олиб беришга эринмайлик. Албатта, олиб бериб, уларни хурсанд қилиб, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга ўқийлик ёки ўқишини албатта назорат қилиб турайлик.
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.