“Одамларнинг энг ожизи-дуога ожизлик қилган одам. Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган одамдир”
( Ҳадиси шарифдан).
Аллоҳнинг муборак исмларидан бири Салом, унинг сифати ва даражаси Қуръони каримда бундай баён этилади: «Бас, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни «Ассалому алайкум», денглар)» (Нур, 61).
“Салом” Аллоҳнинг марҳамати ҳамда тоза ва мунаввар неъмати эканлигига далолат, «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар» (Нисо, 86).
Бинобарин, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: «Исломдаги қайси амал яхши?» деб сўраганида, у зот: «Қорни очларни тўйдиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом беришинг», деган эканлар (Имом Бухорий ва имом Муслим).
“Яхши амал”дан мурод одобдир. Дарҳақиқат, ҳадисда руҳий эҳтиёж нафсоний эҳтиёжга қиёсланаётир. “Қорни очларни тўйдириш”дан савоб ҳосил бўлгани каби, кўнгилни қувонтирадиган саломдан ҳам шу самара мавжудлигига ишора қилинмоқда.
Саломлашув халқлар ўртасида урф даражасидаги одоблардан. Ҳар бир миллат ва халқда унинг ўзига хос кўринишлари мавжуд. Бу сўз баракотидан одамлар ўртасида ўзаро илқлик, яқинлик ва меҳру муҳаббат пайдо бўлади. Одам Ато (алайҳиссалом) инсон сифатида кўз очганларида илк насиҳат ва тавсия ҳам шу манида кечди:
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни халқ қилиб, у кишига «Ана бу ўтирган бир неча фаришта олдига боргин-да, салом бергин, сўнгра уларнинг сенга оладиган алигини яхшилаб эшитгин, чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларингга йўлланган салом бўлади», деди. (Одам (алайҳиссалом) бориб: «Ассалому алайкум», дедилар. Фаришталар: «Ассалому ъалайка ва раҳматуллоҳи», деб «раҳматуллоҳи»ни зиёда қилишди», дедилар) (Имом Бухорий ва имом Муслим ).
Ушбу ҳадис Исломда саломлашув ибодат амалларидан бир амал сифтида талқин этилиши баробарида, дуо эканлиги эслатилаётир. Мазмун ифодасида фаришталар дуоси жамланганидан хабардор этаётир.
Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча иймонли бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо этадиган нарсага сизларни далолат қилайми? Орангизда саломни ёйинг», дедилар (Имом Муслим).
Банданинг олий нияти – жаннат. Жаннатнинг калити – имон. Имон муҳаббат меҳвари эканки, аслида «саломни ёймоқлик» сабаби турар экан. Қуйидаги ҳадис унинг замиридаги маънони комил қилиб, саломлашишнинг қандай фазилатлари борлигини баён этади ва бунга одатланмоққа чорлайди.
Имрон ибн Ҳусайндан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, «Ассалому алайкум», деди. Унга жавоб қайтариб ўтирдилар-да, ўнта савоб, дедилар. Сўнгра бошқа киши келди-да, «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», деди. Унга ҳам жавоб қайтардилар-да, йигирмата савоб, дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келди-да, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу», деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, ўттизта савоб, дедилар». (Имом Абу Довуд ва имом Термизий).
Ҳақиқатда, “Ассалому алайкум” ёки «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу» энг олий туйғу изҳори бўлиб, замири соф ва самимий тилак билан уйғунлашган: “Сизга тинчлик ва саломатлик тилайман!” Инсонга саломатлик ва тинчлик тилашдан ҳам зиёда тилак бормикин?!
Арабчадан ўзлашган бу сўзда ўзбекона самимиятимизнинг тафти бор, ажиб руҳий илиқлиги бор. У оғиздан чиқиши ёки қулоққа чалиниши биланоқ қалбга ором етади. Бегона танишга, таниш қадрдонга айланади.
Аксарият ўзбек хонадонларида тонгда ўзаро саломлашиш урфга айланган. Бу оила аъзоларининг бир-бирларига меҳру муҳаббатлари ошувига, оқибат ришталарининг юксалишига омил бўлади. Шу сабабли ота-боболаримиз саломлашишга жиддий қараганлар .
Бу каби ўзбекона тарбия билан ўсаётган ёшлар кўча-кўйда, жамоат жойларида одоблари билан ажралиб турадилар. Аммо, минг афсуски, саломлашиш борасида сўз кетганда, айрим кўнгилни хира қилувчи кўринишлар учраб тургани ачинарли ҳол албатта. Бу ўринда айбни ёшларга, ёшликка ағдариш инсофдан эмас. “Ота-онанг кимлигин саломингдан билурлар” дейилганидек, болаларда акс этган ҳар-бир хато ва камчиликнинг бош сабабчиси ота-она. Уларнинг динимиз буюрганидек гўзал “Ассаломлому алайкум” калимасининг ўрнига “привет”, “салют”, “чао”га ўхшаш сўзларни қўлласа, бу фарзандларнинг тарбияси қандай бўлади?! Ёки сўнгги даврда бошни бошга тегизиб, муштни муштга уриб “шохлашиб саломлашишлар”, йигитларнинг ўпишиб кўринишлари на динимиз талабларига ва на миллий қадриятларимизга тўғри келмайди?
Баъзида саломлашишда чала ёки маъно моҳияти бузилган кўринишларга ҳам дуч келамиз. Жумладан, "ассалом", "салом", дейилса салом чала бўлади, маънога путур етади. Шу сабаб суннатга кўра чиройли ва мукаммал тарзда салом бериш, ҳам одоб кўрсатиш, ҳам савоб қозониш лозим. "Ассалому алайкум", дейилса, аниқ қилиб: "Ва аллайкум ассалом", дейиш керак. Бугун айримлар орасида урф бўлганидек айрим харфларни талаффуз этмаслик маънони бузиб юборади. Масалан, "Ассому алайкум" – "сизга ҳалокат тилайман" дегани. Унда ёмон ният, қарғиш акс этган.
Халқимизда: “Бепароволик белни синдирар” деган гап бор. Агар биз бугун миллий-манавий қадриятларимизга бепарволик қилсак, бир куни надоматда қоламиз. Айниқса, саломатлик борасида беэътиборлик қилиш, моҳиятни англамаслик, ўзликни идрок эта билмаслик, муқаддас туйғуларга муносабатда чалғишга етаклайди, ёшларимизнинг эътиқодига ҳам путур етказади.
Қисқа маънода таъриф берилса , “салом” яхшиликнинг калитидир. Эртакларимизда бекорга девлар, ялмоғизлар тилидан “Ҳақ саломинг бўлмаса, икки ялаб, бир ютардим”, дейилмаган. Яъни, “салом” раҳмсизда инсоф, золимда шафқат уйғотиши баробарида меҳру ҳурматни оширади. Шунинг учун ҳам мазмунли, чиройли саломлашиш билан одобимизга кўрк қўшишимиз, ёшларимизни шу руҳда тарбиялашимиз керак.
Ҳасанхон АТОЕВ,
Нурота шаҳридаги “Саййид Ато” масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Арафот” сўзи луғатда – “билиш, таниш” маъноларини билдиради.
Макка шаҳридан 20 км, Минодан 10 км, Муздалифадан эса 6 км, Намира масжидидан 1,5 км узоқликда жойлашган. Узунлиги 11-12 км ва кенглиги 6,5 км бўлган водий. У қаттиқ катта тошлардан иборат. Жанубий томонда 168 та зинаси мавжуд.
Маълумотларга кўра, Одам Ато билан Ҳавво онамиз жаннатдан чиқариб юборилганларидан кейин бир-бирлари билан шу ерда учрашганлар, дейилади.
Бошқа бир ривоятда Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга ушбу маконда ҳаж амалларини ўргатиб: “Арофта?” (“Ўргандингизми?”) деганларида, Иброҳим алайҳиссалом: “Ҳа”, деганлар. Шундан кейин Арафот деб номланиб қолган.
Арофат тепалигида бир баланд жой борки, у ерни “жабалул роҳма”, яъни “раҳмат тоғи” дейилади. Арафа куни ҳожиларга ёғиладиган беҳисоб раҳмат ва баракалар сабабли “раҳмат тоғи” деб номланади. Ушбу тоғ Илол, Нобит ҳамда Қурийн деб ҳам аталади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан 81 кун олдин, ҳижратнинг 10 йили Мадинадан ҳажга келиб, арафа куни шу тепаликка чиққанлар ва оқ туяларини чўктириб, унинг устида туриб “Видолашув ваъз”ини айтганлар. Бу жой узоқдан кўриниб туришлиги учун устун шаклида кўтарилиб, оққа бўяб қўйилган.
Арафотда ҳажнинг асосий аркони адо этилади. Арафа куни бомдод намози ўқилгандан сўнг Минодан Арафотга қараб йўлга тушилади. Зилҳижжа ойининг 9-куни, яъни арафа куни ҳожилар шу тепаликка чиқиб, то қуёш ботгунга қадар ибодат билан машғул бўладилар. Арафотда маълум муддат турмаган кишининг ҳажи ҳаж ҳисобланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаж Арафотдир”, деганлар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Арафотга чиқишдан олдин ғусл қилиб олинса яхши бўлади.
Арафотга чиқишда ва у ерда турганда доим такбир, таҳлил, ҳамд ва талбия (“лаббайка”) айтилади. Арафотда дуолар ижобат бўлади. Шунинг учун ҳожилар кўпроқ дуода, зикрда, тиловатда, илтижода, чин дилдан тазарруда бўлишга интилишлари лозим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси – Арафот кунги дуодир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Арафотда қуйидаги оят нозил бўлган: “Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим” (Моида сураси, 3-оят).
Арафотда ва Раҳмат тоғида қуйидаги дуоларни ўқиш тавсия этилади:
“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъазийм”.
“Лаа илаҳа илла анта. Субҳанака инни кунту миназ-золимийн”.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалийил ъазийм”.
“Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан-нар”.
“Аллоҳумма аслиҳ ли динийаллазий ҳува ъисмати амри ва аслиҳ ли дунйаяллати фиҳа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фиҳа маъадий, важъалил ҳайата зийадаталли мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталли мин кулли шаррин”.
“Аъузу биллаҳи мин жаҳдил балаи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи”.
Арафотда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб қаср қилиб ўқилади. Ҳажнинг амири хутба ўқийди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ ҳузурида Арафот кунидан яхшироқ кун йўқ. Аллоҳ таоло дунё осмонига (фаришталарга мақтаниб) ер аҳли билан фахрланиб айтади: “Менинг чанг босган бандаларимга қаранг! Менинг раҳматимдан умидвор бўлиб, барча жойлардан келдилар. Ваҳоланки, улар менинг азобимни кўрмаганлар. Аллоҳ таоло бирор кунда Арафа кунидек бандани дўзахдан озод қиладиган кун йўқ, дейди”.
Аллоҳ таоло ҳажингизни мабрур, саъйингизни машкур ва гуноҳингизни мағфур қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД