Маълумки, намоз ўқиш учун аввало, таҳорат қилмоқлик, тоза кийим-бош, покиза жой каби шартлар мавжуд бўлгани каби, мўмин-мусулмон кишининг таом истеъмол қилиши учун ҳам риоя қилиши лозим бўлган баъзи бир одоблар борки, биз қуйида ўша амалларни зикр қилишга ва дастурхон атрофида мусулмон одам ўзини қандай тутишидан бошлаб то туриб кетгунга қадар қилиниши лозим бўлган амаллар тўғрисида қисқача маълумот беришга ҳаракат қиламиз.
Биринчидан, мусулмон киши ота-онаси, ўзи, аҳли аёли ва фарзандларини ҳалол ризқ билан таомлантиришга эътибор бериши зарур. Зеро, Аллох таоло Қуръони каримда:
وَكُلُوا مِمَّا رَزَقَكُمُ اللَّهُ حَلَالًا طَيِّبًا وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي أَنْتُمْ بِهِ مُؤْمِنُونَ
(سورة ﺍلمائدة/88)
яъни: “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз!” – деб марҳамат қилади.
Демак, бировни алдаб ёки хиёнат қилиб ё зулм қилган ҳолда бойлик орттирманг, дейилмоқда.
Ҳақиқатан, ҳаёт тажрибаси ҳам яққол кўрсатаётирки, мана шундай йўллар билан бойлик орттирган кимсалар, шу дунёнинг ўзидаёқ жазосини олаётганини кўрамиз. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, уларнинг на оиласида ҳаловат бор ва на боқиб вояга етказган фарзандларидан рўшнолик кўраётир. Пешона тери ва ҳалол йўллар билан бойлик орттириш эса шаръан рухсат этилган ишлардан ҳисобланади.
Иккинчиси. Таомдан олдин қўлини ювмоқлик. Расули акрам (с.а.в.) марҳамат қиладиларки:
" اَلْوُضُوءُ قَبْلَ الطَّعَامِ حَسَنَةٌ وَ بَعْدَ الطَّعَامِ حَسَنَتَانِ "
(رواه الحاكم)
яъни: “Таомланишдан олдин қўлни ювмоқликда бир савоб бўлса, таомланиб бўлгач ювмоқликда, икки ҳисса савоб бор”.
Шу мазмундаги бошқа бир ҳадисда эса:
" اَلْوُضُوءُ قَبْلَ الطَّعَامِ وَ بَعْدَهُ يَنْفىِ الْفَقْرَ وَهُوَ مِنْ سُنَنِ الْمُرْسَلِينَ "
(رواه الطبرانى)
яъни: “Таомланишдан олдин ва ундан кейин қўл ювишлик фақирликни кетказади ва бу амал пайғамбарларнинг суннатидир”.
Учинчиси. Дастурхон атрофида қулай ҳолатда ўтириб олиб, то туриб кетгунга қадар бир аснода, яъни ётиб олмай ёки ёнбошлаб овқатланиш каби ишларни қилмаслик.
Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай ишларни қатъиян ман қилганлар. Абу Жуҳайфа (рз.)дан ривоят қилинади, Расул Акрам (с.а.в.): “Мен ёнбошлаган ҳолимда таом емайман” – дедилар (Бухорий ва Термизий ривояти).
Бундай ҳолатлар нафақат беодобчилик кўриниши билан, балки, соғлиққа зарари борлигини ҳозирги тиббий олимларнинг чуқур изланишларидан сўнг маълум бўлмоқда.
Мисол учун, япон олимлари инсон тик турган ҳолда овқатланишга ёки суюқлик ичишга одат қилган бўлса, у албатта, ҳаёти давомида кўр ичак касалига мубтало бўлиши аниқ, деб хулоса беришган. Чунки, инсон тик турган ҳолатида кўр ичак оғзи тепага, яъни, овқат келиш йўлига қараб очилиб турса, ўтирган ҳолатда ичаклар тўпланиб, кўр ичак пастга қараб турар экан ва натижада унга ҳеч нарса тушмай, инсон у касалдан ўзини-ўзи сақлар экан.
Ҳадиси шарифда Сарвари олам:
" إِنَّمَا أَناَ عَبْدٌ آكُلُ كَماَ يَأْكُلُ الْعَبْدُ ، وَ أَجْلِسُ كَماَ يَجْلِسُ الْعَبْدُ "
(الجامع الكبير للسيوطى)
яъни: “Албатта, мен ҳам оддий бир бандаман. Бандадек овқатланаман ва бандадек ўтираман” – деб марҳамат қиладилар.
Тўртинчиси. Овқатланиш экан деб томоғига етгунча тўйиб ейиш ҳам хунук одат ҳисобланади. Зеро, инсон қанча тўқ бўлса, уни дангасалиги кучаяди. Хоҳ ибодат масаласида бўлсин, хоҳ риёзат иши бўлсин. Ваҳоланки, қориннинг учдан бир қисми овқат учун, бир қисми суюқлик учун ва яна бир қисми нафас олиш учун керак, шу қоидага амал қилувчи кишилар табибга мурожаат қилишларига ҳожат қолмайди. Қолаверса Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳеч қачон тўйиб овқат емаганлар.
“Ас-Сияр ал-Ҳалабия” китобининг соҳиби ҳазрати Умардан ривоят қилиб айтади, Расул Акрам (с.а.в.) шундай деган эканлар:
" نَحْنُ قَوْمٌ لاَ نَأْكُلُ حَتىَّ نَجُوعَ وَ إِذَا أَكَلْنَا لَمْ نَشْبَعْ "
(الجامع الكبير للسيوطى)
яъни: “Биз шундай қавмдирмизки, очликни ҳис қилмагунча таомланмаймиз, таомланганда ҳам тўйиб емаймиз!”
Бешинчидан. Оилада ҳамма жамъул-жам бўлиб овқатланса мақсадга мувофиқ бўлади. Барака бўлади. Ҳар ким ўз ҳолича беузр ўз уйига кириб еса, ундай ҳолатлар оқибати яхшиликка олиб келмайди.
Анас ибн Молик айтадиларки: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳеч ёлғиз овқатланмас эдилар”.
Шу маънода бир ҳадиси шарифларида:
" خَيْرُ الطَّعَامِ ماَ كَثُرَتْ عَلَيْهِ الْأَيْدِى "
яъни: “Таомнинг яхшиси кўпчилик билан баҳам кўрилганидир” – деб марҳамат қиладилар.
Албатта, мусулмон киши ҳар бир ишни болашдан аввал “бисмиллоҳ” билан бошлагани каби, таомга қўл чўзиш баробарида “бисмиллаҳир роҳманир роҳим” деб бошламоғи керак.
Оиша (рз.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қайси бирингиз таом еса, Алоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, “Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу” десин” – дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Оиша (рз.)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзларининг олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки марта олиб ҳаммасини еб қўйди. Шунда у зот алайҳис салом: “Аммо, у “бисмиллоҳ”ни тасмия айтганида, ҳаммангизга етар эди” – дедилар (Термизий ривояти).
Ўнг қўли билан овқатланиш ҳам суннат амаллардандир. Ибн Умар (рз.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қайси бирингиз таом еса, ўнг қўли билан есин. Сув ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки, шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади” – дедилар (Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Яна муҳим нарсалардан бири таомни ҳеч қачон камситмаслик. Зеро Пайғамбаримиз (с.а.в.) бирон марта овқатни айбламас эдилар. Мабодо овқат кўнгилларидек бўлмаса, емай қўярдилар. Аммо овқат яхши бўлмабди ёки бу овқатни мен хуш кўрмайман, каби сўзларни асло айтмасдилар.
Бир ҳадиси шарифларида Расул акрам (с.а.в.):
أَكْرِمُوا الْخُبْزَ فَإِنَّ اللهَ أَنْزَلَهُ مِنْ بَرَكَاتِ السَّمَاءِ وَاَخْرَجَهُ مِنْ بَرَكَاتِ الْأَرْضِ
رواه الحاكم
яъни: “Нонни эъзозланглар, чунки у Аллоҳ таолонинг осмон баракотларидан бўлиши билан бирга, ернинг баракотли неъматларидан ҳам ҳисобланади” – деб марҳамат қилган эканлар.
Қолаверса, овқатланишнинг яна бир одобларидан бири, овқатни ўта иссиқ ҳолда емаслик ва овқатланиш давомида кўп суюқлик ичмаслик ҳам тавсия этилади. Чунки ошқозон учун бу қийинчиликни ҳосил қилади.
Таомдан сўнг эса дуо қилишлик ҳам суннат амалларидан ҳисобланади. Абу Умома (рз.)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз (с.а.в.) қачон дастурхонлари йиғиштирилса: “Аллоҳга кўп, пок, муборак ҳамд бўлсин. Ундан ўзга кифоячи йўқ. У тарк қилинган ҳам эмас. Ундан беҳожат ҳам бўлинмас. Раббимиз” – дер эдилар (Термизий ривояти).
Сунан соҳибларининг ривоятида эса, Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон ўз таомларидан фориғ бўлсалар: “Бизни таомлантирган, сероблантирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дер эдилар” – дейилган.
Мусулмон киши ҳар доим исрофгарчиликни олдини олишга ҳаракат қилади. Зеро, исрофни ва исрофгарни Аллоҳ таоло асло дўст тутмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда воридким:
...كُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
(سورة الآعراف/31)
яъни: “...еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.
Ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиққан ҳолда, тўй-ҳашам ва турли маросим-маъракаларда имкон борича исрофгарчиликка йўл қўймасликка ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Аллоҳ таборака ва таоло барчаларимизни ҳалол йўллар билан ризқ-рўзий топишга, ҳалол ризқлар билан таомланишга, ҳалол юриб, ҳалол туришга насиб айлаб, зикр қилинган ояти карима ва ҳадислар маъно-мазмунига амал қилиб, саодат аҳлидан бўлишимизга муваффақ айласин! Омин.
Фатво бўлими ходими
Собиржон АРЗИҚУЛОВ
Бутун дунёда илмий жамоатчиликнинг олдида турган долзарб масалалардан бири – бу экологик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ тадқиқотларни янада кенг кўламда олиб боришдан иборат. Зеро, бугунги кунда барқарор экологик вазиятни, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг муҳим субъектив омили бўлган экологик онгни шакллантириш, ривожлантириш ва юксалтириш, шунингдек “экология соҳасидаги ишларнинг аҳволини яхшилаш” [1:20-21] долзарб аҳамият касб этмоқда. Фуқаролар айниқса, ёшларнинг экологик онги ва маданиятини юксалтириш билан боғлиқ масалаларни тадқиқ қилиш орқали уларнинг атроф муҳит софлигини таъминлашдаги масъулиятини янада ошириб бориш бугунги куннинг асосий вазифасига айланди.
Тарихий тараққиётдан маълумки, инсон табиатнинг бир бўлаги сифатида Аллоҳ инъом этган неъматлардан ўз эҳтиёжини доимий равишда қондириб келган. Аммо бугунги кунда бу эҳтиёжларнинг ошиб бориши ва исрофгарчиликка йўл қўйилиши кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди. Айниқса, табиат мувозанатининг бузилишида антропоген таъсирнинг ошиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, инсоният тараққиётининг бугунги босқичида илм-фан, техника шу даражада ривожландики, бу ядро энергияси, қуёш энергияси, кимё саноатининг ривожлангани, ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилгани, ахборот технологияларининг ривожлантирилгани ва фан-техниканинг бошқа янада мураккаб соҳаларининг ўзлаштирилгани билан характерланади. Шу билан бирга табиатнинг ер ости ва ер усти бойликларидан соф иқтисодий утилитар-меркантил манфаатлар йўлида фойдаланиш “табиат-жамият-инсон” тизимидаги муносабатларнинг кун сайин бузилишига, бу эса ўз навбатида, ақл бовар қилмас янги экологик муаммоларнинг юзага келишига олиб келмоқда. Бу муаммоларни бартараф этиш бугунги кунда инсониятнинг олдидаги энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Бу борада Ўзбекистоннинг биринчи президенти И.А.Каримов ҳақли равишда: “Экология ҳозирги замоннинг кенг миқёсдаги кескин ижтимоий муаммоларидан биридир, уни ҳал этиш барча халқларнинг манфаатларига мос бўлиб, цивилизациянинг ҳозирги куни ва келажаги кўп жиҳатдан ана шу муаммонинг ҳал қилинишига боғлиқдир” [2:110], деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, бугун барча халқ, миллат ва элатларнинг вазифаси – бу атроф-муҳитга зиён етказмаган ҳолда табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишдан иборат. Бу вазифани бажаришда жамият аъзоларининг, айниқса ўсиб келаётган ёш авлоднинг тарбиясида табиийки, эзгулик ғоялари сингдирилган инсонни табиатга муносабатини барқарорлашувига хизмат қилувчи энг муҳим қадриятларимиздан бири бўлган ислом дининг аҳамияти беқиёс.
Бизга маълумки, ислом дини эзгуликка асосланган бўлиб, инсонларни ҳалолликка, покликка, табиатга нисбатан одилона, оқилона муносабатда бўлишга даъват этади. Ҳадисларда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Пок бўлинглар, зеро Ислом пок диндир ва фақат пок кишилар жаннатга кирур” [3:3]. Ислом дини одамларни атроф-муҳитни асрашга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар етказмасликка, неъматлардан ўз эҳтиёжи учун фойдаланганда исроф этмасликка, Аллоҳ яратган табиатдаги мувозанатни ва жипсликни бузмасдан улардан тўғри фойдаланишга, она заминга меҳр-муҳаббатли бўлишга ва табиатдан оқилона фойдаланишга чақиради.
Жумладан, “Бақара” сурасининг 205 оятида ўсимлик ва ҳайвонот олами инсон учун энг зарур нарсалар экани таъкидланган. Ким буларга зарар етказса, инсониятга зарар етказган бўлади. Қуръони Каримда барча жонзотлар инсонлар каби “уммат” экани таъкидланади. Айнан шу таъкид инсонни ўзи каби уммат бўлган барча жонли мавжудотга нисбатан меҳрибон бўлишга ундайди. Бу хусусда Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида бундай дейди: “Ер юзидаги ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир” (38 оят), яъни ҳайвонларнинг ҳар бир тури ёки оиласи алоҳида олинган уммат ҳисобланса, айнан шу ҳукм билан улар бошқа умматлар орасида яшашга, мавжудлик ҳаққига эгадир [4:257].
Ислом динида ҳайвонот оламига алоҳида эътибор берилгани каби наботот оламига ҳам жуда катта урғу берилади. Унга кўра наботот олами Аллоҳнинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса, ер юзида ҳаёт бўлмас эди. Жумладан, Зумар сураси, 21оятда “Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбалардан оқизиб қўйганини кўрмадингизми! Сўнгра у ила турли рангдаги экинларни чиқаради. Кейин у қурийди. Бас, уни сарғайган ҳолида кўрурсан. Сўнгра уни қуруқ чўпга айлантирур. Албатта, бунда ақл эгалари учун эслатма бордир” [5:43], деб айтилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бу оламни инсонга ҳаёт воситаси, унга ва чорвасига ризқ қилиб бергани ҳақида кўп ғоялар илгари сурилган. Кўриниб турибдики, атроф муҳитни тоза сақлаш, табиатни муҳофаза қилиш, Аллоҳ инъом этган ҳайвонот ва наботот олами инсон манфаатларига хизмат қилади. Хусусан, “У қуёш ва ойни муттасил ҳаракатлантириб, сизга беминнат хизматкор қилиб қўйди. Шунингдек, сизга кеча ила кундузни ҳам беминнат хизматкор қилиб қўйди. Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукурдир” (Иброҳим сураси, 33-34-оятлар). “Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни – ҳаммасини Ўз томонидан беминнат хизматкор қилиб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят (белги)лар бордир” (Жосия сураси, 13-оят) [6:30-31], каби мисолларни ҳам келтириб ўтиш мумкин.
Ер юзидаги барча нарсалар инсон учун яратилган, уларга оқилона ёндашган ҳолда, тўғри ва яхши муносабатда бўлиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг “У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган” деб бошланадиган 29-оятида инсон учун, унинг тасарруфи ва фойдаси учун яратган нарсаларга, жумладан, ер ости бойликлари ва конларга ишора қилади [7:48-49].
Биз буни тўғри англаган ҳолда юртимизда янги авлод, янги тафаккур соҳибларини тарбиялашдек масъулиятли вазифани адо этишда биринчи галда маънавий қадриятларимизда илгари сурилган ғояларга таянишимиз керак. Бу ғоялар ёшларнинг табиатга ва ҳайвонот дунёсига бўлган ижобий муносабатини шакллантиришда, умуман “табиат-жамият-инсон” тизими муносабатларини уйғунлаштиришда беқиёс аҳамиятга эга.
Юқорида таъкидлаганимиздек, ислом дини халқимизнинг табиатга муносабатини тўғри шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. У она Ватанимизнинг табиатини асраб-авайлашга бўлган меҳр-муҳаббатни кучайтиради ва уни асраш орқали ўсиб келаётган авлод учун зарур ҳаётий шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, “табиат-жамият-инсон” тизими муносабатларини мувозанатга келтиришда, Аллоҳ инъом этган неъматлардан оқилона фойдаланиш, табиатни асраб-авайлашга оид ислом динидаги ғоялардан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, маънавий қадриятларимиз асосида фарзандларимизнинг онгига атроф-муҳитни озода тутиш, ҳавонинг ифлосланишига йўл қўймаслик, мамлакатимиз табиатини, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраш каби тушунчаларни сингдириб боришимиз керак.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
Ш.М.Мирзиёев. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. – Т.: Ўзбекистон, 2017.
И.А.Каримов. Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари // Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида. Т.6. – Т.: 1998.
М.Нўмонов. Исломда табиатга муносабат. –Т.: Мовароуннаҳр, 2011.
Ш.Отабоев, С.Мирвалиев ва Э.Турсунов – Экологияда маданият ва маънавият муаммолари. –Т.: Нишон ношир нашриёти, 2009 й.
Саййид Мубашшир Тарозий Соф табиат дини / Тарж. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: Hilol-nashr, 2019.
Ҳусан ЖУРАҚУЛОВ,
Фалсафа фанлари бўйича
фалсафа доктори (PhD), доцент