Саҳобия аёллар
Асмо бинти Язид ансорий аёллардан бўлиб, кучли иймон, сабр, шижоат, ақл эгаси эди. Унда ҳотирлаш, таъсирчан гапириш, чиройли ўқиш қобиляти мужассам эди. У бизга Расулуллоҳ (салоллоҳу алайҳи васаллам) ҳақларидаги қиссаларни ўзига ҳос усул билан етказиб берганлардан биридир.
Ибн Ҳожар бундай дейди: “Асмо бинти Язид ибн Саккон ибн Рофеъ ибн Имриул Қайс ансорлардан бўлиб авс қабиласнинг ашҳал уруғидандир. “Умму Омир” ва “Умму Салам” кунялари бор.
Асмонинг Қурон карим оятларини, ҳадиси шарифни ўрганиншга ўта моҳир эди.
Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалар даврасида ўтирганларида Асмо бинти Язид ҳузурларига келди ва: “Ота, онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳни элчиси! Аёллар номидан келдим. Улар сўзимни мақуллашди. Аллоҳ таоло сизни эркак аёлга пайғамбар қилган. Биз аёллар ҳомиладор бўламиз. Эркаклар жамоат намозларида иштирок этишади, ҳамда Аллоҳ йўлида сафарга чиқиш билан даражалари юксалади. Қачон сафарга кетишса, биз уларни болаларини ва молларни қўриқлаймиз. Айтинг-чи, савобда улар билан тенг бўламизми?” деб сўради. Шунда Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга “Дини ҳақида яҳши савол берган аёлларнинг сўзини эшитдингизми? – дедилар. Сўнгра яна Асмога юзланиб: “Эй Асмо ортингдаги аёлларга билдир, улардан қайси бири эрига яхши хотин бўлса, унинг розилигини истаб яхшиликларига эргашса, барча савобда эри билан тенг шерик бўлади” деб марҳамат қилдилар.
Асмо бинти Язид (разияллоҳу анҳо) бундай ривоят қилади: “Бир куни тенгдош аёллар орасида турган эдим. Ёнимиздан Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) ўтиб қолдилар. Бизларга салом бериб: “Куфрони неъмат қилишдан сақланинглар”, дедилар. Сўрашга журатлироғи мен эдим. “Эй Расулуллоҳ, куфрони неъмат нима?” деб сўрадим. У зот марҳамат қилдилар: “Сизлардан бирингиз ота-онаси билан яшайди. Сўнгра Аллоҳ таоло унга эр берса, эридан фарзанд ато қилса, у ғазабланади. Ҳатто унга: “Мен сендан ҳеч яхшилик кўрмадим” дейди. Бу воқеа аёлларга Пайғамбаримиз тарбияларининг бир кўриниши эди.
Амр ибн Қатода (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) энг биринчи байъат берган аёллар Умму Саид, Кабашата бинти Рофе Умму Омир (Асмо) бинти Язид ибн Саккон ва Ҳаво бинти Язид ибн Саккондир”.
Асмо биринчи байъат қилганидан фахрланиб: “Мен Расулуллоҳга байъат қилган аёлларнинг биринчисиман”, дер эди.
Асмо бинти Язид ишларни ишонч ва диққат билан ўрганар эди. Оиша (разияллоҳу анҳо) мақтаб: “Ансор аёллар қандай ҳам яхшидир, динни ўрганишда ҳаёлари уларни (масала) сўрашдан тўсиб қолмади ”, деганларида Асмо бинти Язид каби аёлларни назарда тутганлари шубҳасиз.
Саҳийлик ансорларнинг олий сифати эди. Асмо бинти Язид ривоят қилади: “Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) уйимизга ташриф буюрганларида: “Бу уйларда қандай яхшилик бор, бу арсорларнинг яхшилигидир”, деб марҳамат қилдилар.
Асмо бинти Язид яна шундай фазилатлари боис Расулулллоҳнинг ҳурматларини қозонди. Ҳудайбиядаги дарахт остида Асмо Ризвон байъатини берган эди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам): “дарахт остида байъат берганлардан ҳеч бири дўзахга кирмайди”, деганлар.
Давоми бор...
Манбалар асосида
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади
Юртимизда азалдан уч хил тақвим, ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат тусига айланган. Йиллар ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ Қуръони каримнинг “Исро” сураси, 12-оятида шундай зикр қилади: “Кундуз аломатини эса, Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз”. Улуғ муфассирларимиз мазкур оятнинг “йиллар саноғини” қисмини қамарий (Ой) тақвим билан иш юритиш (бинобарин, диний юмушларда), “йиллар ҳисобини” қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса, деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилиб, фатво ёзиб қолдирганлар.
Халқимизнинг “Ҳамал кирди – амал кирди” деган мақоли жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – Ҳамалга кириши билан “Наврўз”, яъни “Янги кун”, у билан бирга эса янги фасл – баҳор кириб келади. Деҳқонларимиз бу имкониятдан фойдаланиб, эрта баҳордан пок ниятлар билан ерга уруғ қадайдилар.
Улуғларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да шундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур”.
Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илм соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш Ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақбул эканлигини таъкидлашган. Улуғ мутасаввиф Ҳаким Термизий “Солнома” асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза “Ал-Муҳит ул-бурҳоний фил-фиқҳ ан-нуъмоний” қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдиришган. Қадим Шарқда Қуёш қайси буржга кирса, ойга ўша бурждаги юлдузлар туркуми шаклига қараб ном беришган. Жумладан, Ҳамал ойини – бурж шакли ҳомиладор қўйга ўхшагани учун Ҳамал деб, Савр ойини – юлдузлар туркуми ҳўкизга ўхшаб кўрингани учун Савр деб аташган.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўн икки йил давомида кетма-кет бир-бирига ўрин алмаштириб келадиган мучал тушунчаси аслида “мўлжал” сўзидан олинган. Ўн икки йил давомида осмон жисмларининг жойлашиши қандай шаклни беришига қараб, йилларга мучал номлари берилган.
Жумладан, юлдузлар туркумининг сичқонга ўхшаши йилнинг сичқон йили, сигирга ўхшаши сигир йили ва ҳ.к. деб номланишига асос бўлган.
Уламоларимиз мана шу ўн икки йилга ўн икки мақом берилганлиги махсус ҳужжат билан тасдиқлашган. Жумладан, Зайниддин Маҳмуд Восифий (ваф. 1554 й.) “Бадоеъ ул-вақоеъ” (Ажойиб воқелар) номли асарида мучал ҳақида нодир қайдлар ёзиб қолдирган.
Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Наврўзнинг яратилишига оид қимматли фикрларни келтиради. Бу фикрларнинг диққатга сазовор томони шундаки, аллома Наврўзни коинот ва олам билан бир бутунликда таърифлайди.
Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида бу ҳолга шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (Ҳут) думидан Қўзи (Ҳамал) буржига кўчди. Уйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, ол, сариқ, кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди”.
Наврўз ҳақидаги фикрлар, афсона-асотирлар турлича бўлишига қарамай, бунёдкорлик, эзгулик, яшариш ва обод этиш каби умумбашарий, муштарак ғоялар уларни боғлаб туради. Зотан, Наврўз бутун инсоният учун уйғониш ва янгиланиш айёмидир.
Абдулғафур домла Раззоқов,
Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби