Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сидқ ва унинг улуғлиги ҳақида машойих кўпгина қимматли сўзлар айтган эканлар, улардан баъзиларини келтириб ўтамиз.
1. Шақиқи Балхий қуддиса сирруҳу шундай дейдилар:
“Содиқ муриднинг ҳоли хурмо экиб, мева ўрнига тикан ўсиб қолмасайди, деб хавотирда юрган одамга ўхшайди. Ёлғончи муриднинг ҳоли эса, тиканли бута экиб, хурмо беришини кутаётган одамга ўхшайди”.
2. Абул Фатҳ ал-Мосулий қуддиса сирруҳудан сидқ ҳақида сўраганларида, қўлларини темирчининг ўчоғига суқиб, ундан ловуллаган темир бўлагини олдилар, сўнг кафтларига қўйдиларда: “Сидқ мана будир!” дедилар.
3. Шунингдек, айтилибди: “Содиқ, ўзини ўлимга ҳозирлаган кишидир, у мабодо бирор бир сири очилиб қолгудай бўлса ҳам, ҳижолатда қолмаслигига ишонади”. Чунончи Аллоҳ бу ҳақда марҳамат этибди:
“Агар (даъволарингизда) ростгўй бўлсангизлар ўлимни орзу қилинглар-чи?!” (Жума сураси, 6-оят).
Агар банда ўз ўлимига тайёргарлигида холис, самимий бўлса, ажалнинг қай вақтда келиши уни хавотирга солмайди, чунки Аллоҳ олдида уни хижолатга қолдирадиган ҳеч бир нарса йўқлигига ишонади.
4. Зуннуни Мисрий қуддиса сирруҳу айтадилар:
“Сидқ – Аллоҳнинг қиличи, нимада синаб кўрилмасин, ҳаммасини кесади”.
5. Шунингдек, бир олим:
“Ким доимий бажарилишга буюрилган зиммасидаги фарзини адо этмас экан, бажарилиши маълум вақтларда белгиланган, фарз ибодатларини ҳам Аллоҳ қабул қилмайди”, деб айтганида, Ўша олимдан:
“Доимий фарз” ўзи нима, деб сўрабдилар. У олим: “Тўғрилик”, деб жавоб берибди.
6. Бошқа бир солиҳ шундай деган экан:
“Ёлғончининг аломати, уни ундан талаб қилмасаларда ҳадеб бўлар-бўлмасга қасам ичаверишидир”.
7. Шунингдек, айтилибди:
“Хушомадчи одам сидқни, ростликни ҳидини ҳам тотмайди. У хоҳ ўзига хушомад қилсин, хоҳ ўзгага, буни асло фарқи йуқ”.
Аллоҳнинг Қуръони каримдаги: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар!” деган сўзини (Тавба сураси, 119-оят) қуйидагича шарҳлаган эканлар: “Эй Аллоҳга имон келтирган аҳли китоблар, бу дунёда содиқ бўлган мусулмонлар билан бирга бўлингиз, ёхуд имонингизни ҳақ ва тўғри бўлган, Ислом дини билан ислоҳ қилишга эришсангиз, эртага жаннатда ҳам ҳақиқий, ростгўй, сиддиқлар билан бирга бўласиз”.
Илоҳиёт олимлари шундай деган эканлар:
“Сидқ – тўғрилик бу тариқатдаги ҳол мақомининг энг олий даражасидир. Бу дегани шуки, инсоннинг ички оламидаги кайфияти ва ташқи кўринишдаги кайфияти хоҳ одамлар ичида бўлсин, хоҳ танҳолик ҳолида бўлсин, умуман бир-биридан фарқ қилмаслиги лозим. Бу жуда ҳам нодир ва камдан кам учрайдиган ҳолдир”.
Сидқ – тўғрилик худди одамнинг сўзида бўлгани каби унинг руҳий ва маънавий ҳолида ҳам бўлади. Сидқнинг мана шу кўриниши унинг энг мукаммал шаклидир.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.