Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Октябр, 2026   |   8 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:20
Қуёш
06:39
Пешин
12:08
Аср
15:53
Шом
17:41
Хуфтон
18:55
Bismillah
19 Октябр, 2026, 8 Жумадул аввал, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   17124   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

100 дан ортиқ ҳадисда келган суннатни биласизми?

30.04.2026   20414   3 min.
100 дан ортиқ ҳадисда келган суннатни биласизми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннат амалларидан бири ҳақида 100 дан ортиқ ҳадисларда келган. Бу қайси суннат эканини биласизми?

Ҳадис ва фиқҳ илмининг билимдони Аллома Ибн Мулаққин раҳимаҳуллоҳ мисвок ишлатиш ҳақида 100 дан ортиқ ҳадис келганини айтган.

Хусусан, "Саҳиҳ Бухорий"да келган ҳадисда .«Пайғамбар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир", деганлар.

Мисвокни ҳатто рўзадор киши ҳам ишлатса бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин сўнгги бор қилган амаллари ҳам, вафот этганларида муборак қўлларидан тушиб кетган нарса ҳам мисвок эди.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мисвок билан ўқилган икки ракат намоз мисвоксиз ўқилган етмиш ракат намоздан афзалдир", дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат вақтида мисвок ишлатганлар, бироқ намоздан олдин мисвок ишлатганлари ҳақида ривоятлар йўқ. Қолаверса, мисвок ишлатилганда милклар қонаб кетиши эҳтимоли катта. Қон оқиши эса таҳоратни синдиради. Шунинг учун, мисвокни намоздан олдин эмас, айнан таҳорат қилиш асносида ишлатиш лозим.


Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мисвок ишлатиш фақат таҳорат ва намоз билан боғлиқ эмас. Балки яна кўп ҳолатларда мисвок ишлатиш мумкин.

Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Худди котиб қулоғига қалам қистириб оладиганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қулоқларига мисвок қистириб олар эдилар” (Имом Байҳақий ривояти).

Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвокка қанчалик аҳамият берганларини кўрсатади. У зот умматга мисвокни тарғиб қилгач, энг аввало уни ўзлари амалда кўрсатганлар.

Миқдом ибн Шурайҳ ибн Ҳониъ Ҳорисий отасидан ривоят қилади: “Мен Оиша розияллоҳу анҳодан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирсалар, ишни нимадан бошлар эдилар?” деб сўраганимда, у: “Мисвок (ишлатиш) билан”, деб жавоб берди (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).

Бу ривоятлардан мисвок фақат таҳорат ва намоз вақтига боғлиқ эмаслигини билиб оламиз.

  1. Мисвок милкни мустаҳкамлайди ва кариеснинг олдини олади.
  2. Мисвок тиш оғриғининг кучайиб кетишининг олдини олади ва кариеснинг ривожланишига йўл қўймайди.
  3. Мисвок яллиғланиш ва бактерияга қаршилик қилади
  4. Mисвок оғриқни қолирувчи хусусиятга эга.
  5. Мисвок оғиздаги нохуш ҳидни бартараф қилади ва таъм билиш қобилиятни яхшилайди
  6. Мисвок хотирани яхшилайди.
  7. Мисвок бош оғириғини даволайди
  8. Мисвокдан доимий равишда фойдаланиб юрган кишининг юзи нурли бўлади.
  9. Тишни оқартиради.
  10. Кўриш қобилиятини яхшилайди.
  11. Овқатнинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради.
  12. Овознинг тиниқ чиқишига ҳисса қўшади.

Биз бугун оғизни покловчи, Роббни рози қилувчи бу суннатга қанчалик амал қиляпмиз?

Таҳорат олаётганимизда, уйга кирганимизда мисвок ишлатяпмизми?

Афсуски, йўқ....Аввал билмаган бўлсак энди билиб олдик, амал қилишга киришайлик ва бошқаларга ҳам бу ҳақда етказайлик.

Даврон НУРМУҲАММАД