Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти тингловчилари ташриф буюрди. «Учинчи Ренессанс чорраҳаси» мавзуси доирасида ташкил этилган ташриф давомида улар Марказ экспозициялари, Қуръони карим зали ва кутубхона билан танишди. Ташриф иштирокчиларга аждодларимизнинг бой илмий-маънавий мероси, жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ва миллий тарихимизнинг муҳим саҳифалари ҳақидаги билимларини бойитиш имконини берди. Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Қутайба ибн Муслим жоме масжиди имом-хатиби Абдулбосит Хотамбеков Марказда тақдим этилган тарихий манбалар ва илмий мероснинг аҳамиятини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.
«Илгари аждодларимизнинг илмий мероси ҳақида китоблар орқали маълумот олиб, тасаввур ҳосил қилган бўлсак, бугун уни тарихий манбалар ва экспозициялар орқали бевосита кўриш имконига эга бўлдик. Айниқса, кутубхонадаги асл манбалар ва илмий адабиётлар эътиборимизни тортди. Бу ерда Ислом тарихи билан бирга Марказий Осиё халқларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳам кенг ёритилган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилган ушбу Марказ аждодларимизнинг бой илмий меросини халқимизга етказиш, уни ёш авлодга танитиш ва асрлар давомида шаклланган маърифат анъаналарини намоён этишда муҳим аҳамиятга эга. Экспозициялар тарихимизни нафақат ўрганиш, балки уни кўз ўнгимизда гавдалангандек ҳис этиш имконини ҳам беради», — деди Абдулбосит Хотамбеков.
Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги «Меҳриқул Азизов» жоме масжиди имом-хатиби, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг модул тизими тингловчиси Аъзамжон Матмусаев ҳам Марказ экспозициялари ва Қуръони карим зали унда чуқур таассурот қолдирганини таъкидлади.
«Марказда тарихимизнинг турли босқичлари, аждодларимиз мероси ва мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар изчил ёритилган. Қуръони карим залидаги муҳит эса инсонни муқаддас китобимиз тарихи ҳақида янада чуқурроқ ўйлашга ундайди.
Бундай масканлар, айниқса, ёшлар учун катта маънавий аҳамиятга эга. Улар бу ерда аждодларимизнинг илм-фан соҳасида эришган юксак натижаларини англаб, тарихимиз билан яқиндан танишади. Бу эса билим олиш, изланиш ва буюк аждодларимизнинг муносиб давомчилари бўлишга рағбатлантиради», — деди Аъзамжон Матмусаев.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарихий хотирани тиклаш, бой илмий меросни замонавий усулларда намоён этиш ва ёш авлодни илм-маърифат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Марказдаги экспозициялар ва қўлёзмалар аждодлар меросини чуқурроқ англаш, уни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодларга етказишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати