Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Ноябр, 2026   |   28 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:42
Қуёш
07:02
Пешин
12:12
Аср
15:29
Шом
17:14
Хуфтон
18:29
Bismillah
08 Ноябр, 2026, 28 Жумадул аввал, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   19501   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асари Францияда нашр этилди

14.10.2026   58911   3 min.
Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асари Францияда нашр этилди

Халқимизнинг буюк алломаси, давлат ва жамоат арбоби Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг бой маънавий ҳамда тарихий мероси вақт ўтгани сайин жаҳон аҳли эътиборини янада кучлироқ жалб этмоқда. Алломанинг миллий ўзлигимиз, мустақиллик ва озодлик иштиёқи сингдирилган, ҳар бир сатри ҳақиқат туғёни билан йўғрилган шоҳ асари — “Туркистон қайғуси” шу кунга қадар бир қатор хорижий тилларга таржима қилиниб, халқаро майдонда муносиб эътироф этилмоқда. Қувонарлиси ва ғурурланарлиси шундаки, айни кунларда ушбу бебаҳо тарихий дурдонанинг француз тилидаги мукаммал нашри дунё юзини кўрди, хабар бермоқда ЎзА.

Ушбу асар ватанимизнинг XX асрдаги фожиали ва мураккаб тарихини ҳаққоний ҳамда холис ёритиб берган ноёб манба сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилади. Унда собиқ СССР ва ўша даврдаги Хитойнинг Марказий Осиё ҳамда Шарқий Туркистонда олиб борган сиёсати атрофлича ёритилган бўлиб, уйғур, ўзбек, қозоқ, қирғиз ва бошқа мусулмон халқларининг озодлик ва мустақиллик учун олиб борган курашлари акс эттирилган.

Асли чиғатой туркий тилида ёзилган бу битик Франциянинг таниқли шарқшуноси ва соғунийшунос профессори Стефан Дудюанйон (Stéphane A. Dudoignon) томонидан 2024–2026 йиллар давомида француз тилига таржима қилинди ва нашрга тайёрланди. Таржима жараёнида профессор С. Дудюанйон Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг фарзанди Қутлуғхон ака Соғуний билан яқиндан ва фаол ҳамкорлик қилди. Таъкидлаш жоизки, профессор 2023 йили Тошкентга ташриф буюриб, Қутлуғхон ака билан биргаликда Алихонтўра Соғуний яшаб ўтган хонадон ва кўчаларни кўздан кечирган, шунингдек, аллома дафн этилган “Шайх Зайниддин” қабристонини зиёрат қилган эди.

 

 

 

Франция Миллий илмий тадқиқотлар маркази (CNRS) катта илмий ходими, тарихчи ҳамда ўзбек адабиёти ва тарихи бўйича етакчи тадқиқотчилардан бири бўлган профессор Стефан Дудюанйон Марказий Осиёдаги ислом тарихи, жамиятлар ҳаёти, тасаввуф йўналишлари ва минтақадаги тарихий шахслар меросини ўрганиш билан шуғулланиб келади. Олим “Туркистон қайғуси” асари европалик ўқувчилар учун янада тушунарли ва манбашунослик нуқтаи назаридан мукаммал бўлиши учун китобга 400 саҳифадан зиёд кенг қамровли шарҳлар илова қилди. Чуқур таҳлилларга бой ушбу шарҳлар америкалик, буюк британиялик ва япон туркологлари томонидан жуда юксак баҳоланди ҳамда махсус мукофотга тавсия этилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу китоб Ғарб дунёси учун Марказий Осиё ва Шарқий Туркистон тарихини ўрганишда муҳим фундаментал манба бўлиб хизмат қилади. 

 
       

Айни кунларда “Туркистон қайғуси” асари Париж китоб ярмаркасида намойиш этилмоқда ва европалик китобхонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Алихонтўра Соғунийнинг ўғли Қутлуғхонтўра аканинг таъкидлашича, француз тилидаги ушбу нашр асарнинг Европа бўйлаб кенг тарқалишидаги илк муҳим қадамдир. Навбатдаги босқичда асарни инглиз тилига таржима қилиш ва нашр этиш режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳа ҳам қисқа фурсатларда амалга оширилиши кутилмоқда.

Алихонтўра Соғуний меросининг француз тилида чоп этилиши ва халқаро эътирофга эришиши нафақат миллий тарихимизни тиклаш йўлидаги улкан ютуқ, балки ўзбек илм-фани ва маданиятининг жаҳон майдонидаги яна бир муваффақиятидир. "Туркистон қайғуси"нинг хорижий тиллардаги талқини дунё жамоатчилигига Марказий Осиё халқларининг ҳақиқий тарихи, озодлик ва маърифат йўлидаги фидокорона курашини холис етказишда бебаҳо кўприк вазифасини ўтайди.

Одил ОЛИМЖОНОВ, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати