Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
10 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида замонамизнинг дунё тан олган етук олими, доктор Шайх Айман Рушдий Сувайд жанобларининг икки ҳафталик маҳорат дарсларини муваффақиятли тамомлаган Қуръони карим ва тажвид устозларига шаҳодатнома топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзга чиқиб, Давлатимиз Раҳбарининг хайрли ташаббуси билан юртимизда Қуръони карим таълимига кенг йўл очиб берилганини алоҳида эътироф этдилар. Шунингдек, бу йилги маҳорат дарслари Диний идора тарихида илк бор қорилар жамланган файзли мажлис бўлганини баён этиб, юртимиздаги Қуръон таълими анъаналари бугун қайта бўй кўрсатаётгани, ушбу дарсларда олинган юксак илм ва одоб республикамизнинг барча гўшаларидаги минглаб толибларга етказилишини билдирдилар.
Шундан сўнг муҳтарам меҳмон, доктор Шайх Айман Сувайд ҳазратлари болалик йиллари бир вақтлар мустабид тузим таъсирида бўлган ушбу заминга келиб, Қуръон муаллимларига дарс беришини ҳатто хаёлга ҳам келтира олмаганини хотирлади. У киши Ўзбекистон ва унинг атрофи бугун илм-маърифат, соф ва мўътадил исломий таълимнинг чинакам «олтин даври»ни яшаётганини, мамлакат бутун Марказий Осиё учун илм маёғига айланганини баён этди. Шунингдек, Шайх Айман Сувайд асли бухоролик Шайх Закариё Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўгитларини эслатган ҳолда толиби илмларни Қуръон таълими ўрганиш ва уни ўргатишга жидду жаҳд қилишга чақириб, кўрсатилган юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алихон қори Файзуллоҳ маҳдум сўз олиб, муҳтарам Президентимиз томонидан юртимизда илму маърифат тараққиётига юксак эътибор кўрсатилаётганини эътироф этиш баробарида замонамизнинг Ибн ал-Жазарийси деб эътироф этилган Шайх Айман Сувайднинг шоҳ асари — «Ат-Тажвидул-мусаввар» китобини муаллифнинг ўзидан ўрганиш муяссар бўлгани катта бахт эканини таъкидлади.
Тадбирнинг асосий қисмида Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Шайх Айман Сувайд ҳамда Шайх Алихон қори томонидан маҳорат дарсларида фаол иштирок этган тингловчиларга махсус шаҳодатномалар тантанали равишда топширилди.
Маросим сўнгида Муфтий ҳазратлари бошчилигида иштирокчилар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, устозлар саломатлиги ва уларнинг илму маърифат йўлидаги фаолиятига барака сўраб хайрли дуолар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати