Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Инсон ўзини энг бехавотир, эмин-эркин сезадиган маскани унинг уйидир. У ўз уйида бошқанинг назари тушишидан, гаплари эшитилиб қолишидан хавфсирамай, азият чекмай яшаши керак. Акс ҳолда, унинг уйидаги роҳат-фароғати кетади, ҳаловати йўқолади. Донишмандларнинг: «Уйинг сиғдирсин», ‒ деб қилган дуо қилишларида ажиб ҳикмат яширинган. Ҳаттоки, замонавий қонунларда уй-жой дахлсизлиги ҳақида алоҳида моддалар мавжуд. Ахлоқимизда эса бировнинг хонадонига, ҳузурига изнсиз назар солган, рухсат сўрамай кирган киши қаттиқ қораланади ва одамлар бу ёмон ишдан ҳамиша қайтариб келинган.
Маскан ‒ ҳар ким учун муқаддас. “Маскан” сўзи “яшаш, сокинлик топиш жойи” деган маънони англатади. Чунки у “сукун” сўзи билан ўзакдош. Бизда инсоннинг ўз оиласи билан бирга яшайдиган жойи “маскан” дейилади. Инсон ҳаётида хавфу хатардан омонлик топиш, иссиқ-совуқдан пана бўлиш, молу мулкини дахлсиз сақлаш, аҳли аёли билан фароғатда яшаш, ҳаётдаги машаққатлар ва чарчашлардан дам олиб, роҳат топиш учун, қисқа қилиб айтганда, барча нарсалардан сокинлик топиш учун бир масканга муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с. а. в.) кенг маскан мусулмон кишининг саодати омилларидан бири эканини ўз ҳадисларида баён этганлар.
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан шундай ривоят қилинади: «Пайғамбар (а. с.): «Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши улов (маркаб) мусулмон кишининг саодатидандир», дедилар».
Албатта, маскан – турар жой одам боласи умрининг кўп қисмини ўтказадиган ер. Умрнинг энг нозик ва масъулиятли қисми одамнинг шахсий масканида ўтади.
Масканнинг кенг бўлиши яшаш шароитининг қулайлиги маъносидадир. Киши ўз уйида яшаш учун барча шароитларга эга бўлса, саодатли бўлиши турган гап. Умрининг кўп қисми ўтадиган масканда ўзи учун керак бўлган барча қулайликлар мавжуд бўлса, албатта, бу нарса ҳам саодат омилларидан бири бўлади.
Инсон дунё ҳаётида яшар экан, турли ҳолатларга дуч келади. Чарчайди, асабийлашади, дам олгиси келади, ухлайди ва ҳоказолар. Шундай пайтларда унинг ўз уйи ўлан тўшагига айланади. Жамоатчилик жойлари, сафарда, меҳмонхона ёки ижарага турган ерида керакли сокинликни топа олмайди. Ўз уйига эса бемалол кириб боради, ечинади, ором топади, ҳордиқ чиқаради. Шунинг учун ҳам исломда кенг маскан киши саодати омилларидан бирига қиёсланган.
Масканнинг инсон ҳаётидаги улкан аҳамияти ва зарурати эътиборидан шариат мусулмон инсонларга бу борада ўзига хос одобларни жорий қилган. Мазкур одоблар инсоннинг ўз масканида бахт-саодат, ҳузур-ҳаловат ила яшашини тўла таъминлайди.
Инсон яшайдиган масканда, хусусан, қшлоқ ерларда ариқ ва зовурлар кўп бўлади. Сув ўтган жой ҳаддан ташқари тоза бўлиши керак. Агар агар ариқ ва зовурларга қаралмаса, улар вақти-вақти билан қазиб, тозаланиб турмаса, бунинг устига, ҳар ким сувга ҳар нарса оқизса, ахлат ташласа, ўт-ўланлардан тозаланмаса, айнан ана шу энг тоза нарса амалда энг кўп микроб тарқатадиган ва бактерия тўплайдиган жойга айланиши ҳеч гап эмас. Ҳатто, шаҳарлар ичидан оқиб ўтган ариқлар ҳам баъзан жуда қаровсиз ҳолга тушиб қолишига кўп гувоҳ бўламиз. Қарасангиз, унинг четидаги ўт-ўланларга нималар илакишиб ётмайди, эски ички кийимлар дейсизми, мушук ё итнинг ўлиги дейсизми, полиэтилен идишлар дейсизми... ‒ эҳ-ҳе йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Бундай сув иншоотлари атрофида пашша билан чивин, чигиртка ва билан қуцрбақа ҳам кўпайгандан кўпаяди.
Мана бу ҳадисларнинг маъно-мазмунига эътибор берайлик:
Абу Барза Асламийдан (р. а.) ривоят қилинади:
“Эй Аллоҳнинг Расули! Мени жаннатга киритадиган амалга йўллаб қўйинг", дедим. “Одамларнинг йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла” , – дедилар”.
Абу Ҳурайрадан (р. а.) ривоят қилинади:
“Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда ётган тиканнинг олдидан ўтиб қолди. “Албатта, мана шу тиканни олиб ташлайман, бирорта мусулмон одамга зарар етказмасин”, деди. Шу боис унинг гуноҳлари мағфират қилинади”,– дедилар”.
Абу Заррдан (р. а.) ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга умматимнинг амаллари намойиш қилинди – яхшиси ҳам, ёмони ҳам. Умматимнинг энг яхши ишларидан бири йўлда ётган озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш эканини кўрдим. Уларнинг энг ёмон ишларидан бири масжидда кўмилмай қолган балғам эканини ҳам кўрдим”, – дедилар.
Озодалик энг олий даражада тарғиб қилинган муқаддас ислом дини ариқ ва зовурларни ҳам тоза тутишни талаб қилади. Динимизда сувга туфлаш қанчалар катта гуноҳ саналади.
Расулуллоҳ (с. а. в.): «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни яхши кўради, покдир – покликликни севади, саховатлидир – саховатни яхши кўради, сахийдир – сахийликни севади. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг!..” ‒ деганлар. Бу ҳадис бандалардан ҳовли-жойлар, кўча-кўйлар, демакки, ариқ-зовурларни ҳам тоза- озода тутишга чақиради.
Кейинги йилларда юртимизда анҳор ва ариқлар атрофини ободонлаштириш бўйича кўп ишлар қилинди. Йиллар мобайнида айрим фуқаролар ўзбошимчалик билан ана шундай оқар сувлар қирғоқларига ноқонуний иншоотлар қуриб олиб, булардан ўз манфаатлари учун фойдаланиб келишган. Бу масалалар қонун доирасида ҳал қилинди.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда сув ва уни қадрлаш билан боғлиқ кўп-кўп маълумотлар бор. Уларнинг бари биздан ариқ ва зовурларни тоза-озода сақлашимизни талаб қилади.
Абдулғафур Раззоқов,
Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби