Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва вилоят бош имом-хатиблиги ҳамкорлигида Каттақўрғон туманида аҳолини қўллаб-қувватлаш ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур тадбирлар Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида (бунга қадар Қўшработ туманида ўтказилган эди) ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий йўналишлари:
– Хонадонларга кирилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳамда муаммоларни жойида ҳал этиш.
– Инсон қадрини улуғлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва саховат ғояларини кенг тарғиб қилиш.
Жараён аввалида вилоят бош имом-хатиби в.в.б. Н.Абдуманнонов, ўринбосар Х.Саттаров ва ДИҚ вакили С.Боймуродов иштирокида шаҳар ва туман имом-хатиблари ҳамда ҳожи оталар билан йиғилиш ўтказилиб, ишчи гуруҳларга устувор вазифалар белгилаб берилди.
Айни пайтда мутасаддилар томонидан маҳаллаларда сайёр учрашувлар ва маърифий суҳбатлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати