Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
2026 йил 5 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов Китоб туманида бўлиб, туманда фаолият юритаётган имом-хатиблар билан учрашди.
Учрашув давомида диний-маърифий соҳа олдида турган долзарб вазифалар, имом-хатибларнинг кунлик диний-маърифий фаолияти, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий жамият талабларига мос равишда фаолият олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида Раҳматилло домла Усмонов бугунги имом қандай бўлиши кераклиги ҳақида тўхталиб, имом-хатиб нафақат минбарда маъруза қилувчи, балки халқ дардини тинглайдиган, одамлар билан ҳамнафас бўладиган, илмли, маърифатли, замонавий билим ва кўникмаларга эга, юксак одоб-ахлоқи ҳамда шахсий намунаси билан жамиятга ўрнак бўладиган инсон бўлиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, имом-хатибларнинг кунлик диний-маърифий фаолиятини мазмунли ташкил этиш, маҳаллаларда аҳоли, айниқса, ёшлар ва оилалар билан манзилли мулоқотлар олиб бориш, уларни қизиқтирган саволларга асосли ва ҳаётий мисоллар билан жавоб бериш, жамиятда тинчлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бундан ташқари, жума маърузалари ва диний суҳбатларнинг мазмун-моҳиятини бойитиш, соф исломий таълимотларни халқимизга тўғри ва тушунарли етказиш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Мулоқот жараёнида имом-хатибларнинг таклиф ва мулоҳазалари ҳам тингланиб, соҳадаги долзарб масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Учрашув якунида имом-хатиблар зиммасидаги масъулиятли вазифаларни сидқидилдан адо этиш, кунлик диний-маърифий фаолиятни янада жонлантириш ва халқ билан ҳамиша яқин мулоқотда бўлиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати