Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Даъво: Жиҳодга чиқмаган эркак, эркак эмас.
Раддия: “Жиҳод” луғатда куч ва имконият сарфлаш маъносини англатади. Бу аслида ҳарбий маънога эга бўлган сўз эмас. Балки, ватанни душманлар тажовузидан ҳимоя қилиш ва ҳоказолар ҳам куч ва имконият сафарбар қилинадиган ишлардан бўлганлиги учун у ватан озодлиги, эътиқод эркинлиги йўлида курашиш маъносида ҳам қўлланила бошлаган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿مَن قَتَلَ نَفْسًۢا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍۢ فِى ٱلْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ ٱلنَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَآ أَحْيَا ٱلنَّاسَ جَمِيعًا ۚ﴾
“Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади” (Моида сураси, 32-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса битта мўмин-мусулмонни қасддан ўлдирган одамнинг жазоси дўзахда абадий қолиши, Аллоҳнинг ғазаб ва лаънатига учраши айтилиб, бундай ёвузликдан қаттиқ огоҳлантирилган.
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Раддия: Жиҳод, даъвода айтилганидек рижоллик, яъни эркаклик билан чегараланиб қоладиган нарсагина эмас. Қолаверса, жиҳод Исломни куч билан ёйиш, қурол ёрдамида тарқатиш воситаси эмас. Аксинча, душманликни кетказиш, зулмни бартараф этиш ва заифларни ҳимоя қилиш йўлидир.
Огоҳ бўлиш лозимки, жиҳод мазмунидаги ҳадислардан бузғунчи ва жиноий ҳаракатларни асослаш, қон тўкишни оқлаш ҳамда мусулмонлар орасида фитна чиқариш мақсадида зинҳор фойдаланиб бўлмайди.
Бинобарин, Қуръон ва Суннатдаги далилларга асосан айтишимиз мумкинки, муқаддас эътиқодимиз бундай амалларни бутунлай қоралайди. Бу айтилган сўзларга Қуръони карим, ҳадиси шариф ва жумҳур мусулмон уламоларининг қарорларидан далилларни баён қиламиз:
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 190-оятида бундай марҳамат қилади:
﴿وَقَـٰتِلُوا فِى سَبِيلِ ٱللَّهِ ٱلَّذِينَ يُقَـٰتِلُونَكُمْ وَلَا تَعْتَدُوٓا ۚ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يُحِبُّ ٱلْمُعْتَدِينَ﴾
“Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас”.
Мазкур ояти каримада уруш қилган кишиларга қарши уруш қилиш ва унда ҳаддан ошиб тажовузкор бўлмаслик айтилмоқда. Ҳаттоки, уруш ҳолатида ҳам Ислом уларга зулм ва зўравонлик қилмасликни буюрмоқда.
Ислом дини барча замонларда ҳам, барча маконларда ҳам ва барча ҳолатларда ҳам адолат, эзгулик тарафдори бўлиб келган. Жумладан, эътиқод масаласида ҳам ҳеч бир замонда инсонларни Исломни қабул қилишлари учун мажбурламаган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг йўлига Аллоҳнинг исми ила боринглар. Аллоҳ йўлида душманларингизга қарши урушасизлар. Кекса қария, ёш бола ва аёлларни ўлдирманг. Уларни кишанбанд қилманглар”.
Бу ҳадиси шарифда ҳам мусулмонлар, бошқа уруш олиб бораётганлардан фарқли ўлароқ, душман томонидаги қариялар, ёш болалар ва аёлларни ўлдирмаслик ҳамда уларни кишанбанд қилиб зўравонлик қилмасликлари буюрилмоқда. Агар мажбурлаб Исломга киритиш жоиз бўлганида, қарши томоннинг ота-оналари, аҳли аёллари ва фарзандларини кишанбанд қилиб, сўнгра мақсадларини баён қилсалар яхши имконият бўлмасмиди?!
Ваҳоланки, мусулмон бўлмаганлар томонидан олиб борилган урушларда бу ҳадиси шарифда айтилаган сўзларнинг аксини кўрамиз.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси