Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Озарбайжондаги диний муассасалар ва уламолар билан диний-маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр.
"Report" хабарига кўра, бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Бокуда бўлиб ўтаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти доирасидаги халқаро илмий конференцияда маълум қилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида ҳамкорлик учун янги имкониятларни яратмоқда. Тарихий яқинлик, умумий маданият, маънавий қадриятлар ва ягона маданий маконга мансублик давлатларимиз ва халқларимизни яқинлаштиради", - деди у.
Шунингдек, у икки халқнинг кўп асрлик маънавий анъаналари муштараклигини таъкидлади.
Айнан шу ерда биз қардош Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини бирлаштирувчи мустаҳкам маънавий ришталарни кўрамиз. Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва халватийлик тариқатининг буюк намояндаси Саййид Яҳё Бакувий каби сиймолар мероси туркий халқлар ўртасидаги диний-маънавий муносабатлар асрлар давомида нақадар мустаҳкам бўлганини яққол намоён этади", - деди у.
Ишматбековнинг сўзларига кўра, буюк мутафаккирларнинг маънавий камолот, инсонпарварлик ва ахлоқий тамойиллар ҳақидаги ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати