Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2026   |   24 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:05
Қуёш
06:24
Пешин
12:12
Аср
16:13
Шом
18:03
Хуфтон
19:17
Bismillah
05 Октябр, 2026, 24 Рабиъус сони, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   16512   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

Аёллар қабристонга бориши мумкинми?

19.05.2026   14524   4 min.
Аёллар қабристонга бориши мумкинми?

Динимизда қабр зиёратига рухсат берилган, балки тарғиб ҳам қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди зиёрат қилаверинглар. Чунки, у дунёдан қайтаради ва охиратни эслатади”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Уламолар ушбу ҳадисни қабр зиёратига рухсат бериш учун асос қилиб келтирадилар. Бироқ аёлларнинг ҳис-ҳаяжонлари эркакларникидан фарқ қилади. Шу боис китобларимизда аёлларнинг қабристонга бориши борасида бир неча хил фикрларни учратишимиз мумкин. Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи “Раддул муҳтор” китобларида ушбу масаладаги турли қарашларни келтиргач, уларнинг ортидан Хайруддин Рамлийнинг қуйидаги сўзларини келтиради:

 “Агар аёлларнинг қабристонга бориши одатдагидек, йиғлаш, қайғуларни янгилаш ва ўликларни мақтаб жар солиш учун бўлса  бу жоиз эмас. “Қабр зиёрат қилувчи аёлларни Аллоҳ лаънатласин”, маъносидаги ҳадис ҳам мана шундай аёлларга қарата айтилган. Агар ёши катта аёллар ибратланиш, йиғи-сиғи қилмай, ўтганларга раҳмат сўраш ва солиҳ инсонларнинг зиёратидан табаррук ҳосил қилиш учун борсалар, бунинг зарари йўқ. Агар ёш аёллар бўлса, уларнинг қабристонга боришлари худди масжидга боришлари каби макруҳдир”.

Аллома Ибн Обидийн ушбу ибораларни келтиргандан сўнг масалага қуйидагича хулоса ясаганлар: “Хайруддин Рамлийнинг ушбу хулосалари мазкур масаладаги ҳар-хил сўзларни гўзал шаклда мувофиқлаштириш ҳисобланади” (“Раддул муҳтор”).

Оиша разияллоҳу анҳо бундай деганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дафн этилган уйимга одатий уй кийимимни кийиб, номаҳрамлар олдида киядиганларимни киймай, кираверар эдим ва «Бирлари эрим, бирлари отам (Абу Бакр)ку!», дер эдим. Вақтики, у жойга Умар ҳам дафн этилгач, Аллоҳга қасамки, қачон кирган бўлсам, Умардан ҳаё қилиб, албатта, кийимбошимни боғлаб кирганман» (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога қабр зиёратига боришга изн берганлари ва у ерга борганида қайси дуони айтиши кераклигини ўргатганлари саҳиҳ ҳадисда келган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр олдида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтдилар. Шунда у зот унга: "Аллоҳдан қўрқ ва (бошингга тушган мусибатга) сабр қил", дедилар. Аёл: "Нари тур! Менинг бошимга тушган мусибатни қаердан ҳам билардинг. Зеро, сени бошингга тушмаганда", деди. Сўнг одамлар аёлга бу зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эканини айтишди. Шунда ҳалиги аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига борди ва эшик олдида қўриқчиларни кўрмади. Аёл: "Сизни танимабман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Чинакам сабр мусибатнинг дастлабки онларида сабр қилишдир", деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аёлнинг қабр зиёратига боргани ҳамда қабр бошида туришига эътироз билдирмадилар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон ишга эътироз билдирмасалар бу ўша ишнинг жоизлигига далолат қилади.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: "Мазкур ҳадисдаги далолат ўрни шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг қабр олдида ўтиришига танбеҳ бер-масдан унга иқрор бўлишлари бу ишнинг жоизлигига ҳужжат бўлади" ("Фатҳул Борий").

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлнинг қабр олдида шариатимизда таъқиқланган дод-вой солиб йиғлашига танбеҳ бердилар, холос.

Демак, уламоларимизнинг юқоридаги сўзларидан ёши катта аёллар эркакларга аралашмаган ҳолатда, сатри авратга риоя қилиб, йиғи-сиғи қилмай, ибратланиш мақсадида қабристонга бориб ўтганларини зиёрат қилиб, уларнинг ҳақларига дуо қилиб келишлари жоиз экани келиб чиқади.


Муҳаммад Айюб Фахриддинов,  
Наманган шаҳри "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жоме масжиди имом ноиби