Ислом динининг моҳияти, унинг инсон ҳаётидаги ўрни ана шу дин бағридан етишиб чиққан улуғ мутафаккир шайҳлар, азиз-авлиёларнинг поклик ва камолот сари етакловчи қарашлари, уларнинг ибратли хислатларини чуқур тадқиқ этиш, аждодлар руҳига ҳурмат ва эҳтиромни давом эттириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” асари муқаддима ва 770 та шайх (35 таси авлиё аёллар)нинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган.
“Насойим ул-муҳаббат” Абдурраҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс” тазқирасининг таржимаси, лекин Навоий Жомий асарига эркин, ижодий муносабатда бўлиб ва унинг асаридаги маълумотларни тўлдириб ва баъзисини қисқартириб 618 та шайхлар сонини 770 та (35 таси авлиё аёллар)га етказади.
“Насойим ул-муҳаббат” да бир неча шайхлар ҳақидаги берилган маълумотларда Соҳибқирон Амир Темурга боғлиқ қизиқарли воқеалар учрайди.
Навоий Соҳибқирон Амир Темурни Эронга қўшин тортиб борган йили яъни 1381 йил баҳорда ойларида шайх Бобо Сунгу зиёратига борганини қуйидагича тасвирлайди: “Замон мажзубларидин эрмиш. Андхуд қасабасида бўдур эрмиш. Соҳиби ботин киши эрмиш. Рамзларин билганлар натижа топар эрмиш. Темурбек Хуросон мулки азиматиға юруганда Андхудқа етганда машҳурдурки, Бобо хидматиға борғандур. Ўлтурғондин сўнгра Бобо иламида бир суфрада яхна эт эркандур. Қўйнинг яхна тўшин олиб, Темурбек сари отибдур. Темурбек ғояти ақлу закосидин дебдурки, Хуросонни ер юзининг кўкси дебдурлар. Ани Бобо бизга ҳавола қилди, деб бу башорат била юруб, Хуросон мулкини олибдур”
Шайхнинг ботиний саволига, назарига, қувватига Амир Темур сидқ ва ихлос, ақл ва фаҳм-фаросат билан англаганликлари ва жавоб берганликлари баён қилинган.
“Насойим ул-муҳаббат” да Соҳибқирон Амир Темурни Бобо Хокий қ. с. ва Хожа Боязид а. р. каби шайхлар билан учрашган ва сухбатлашганлари зикр қилинади.
Бобо Хокий қ. с: -Турк элидиндур. Сипоҳи эрмиш. Тимурбек била Рум ва Шом черикига борғондур. Ондин қайтиб келганда, сипоҳилиғ машаққатидин, чун ториққон эркандур, тарк қилиб, фақр ихтиёр қилибдур.
Хожа Боязид а. р :-Атонинг яқин авлодидиндур. Темурбек онинг суҳбатиға келибдур ва келурда кўнглида кечурубдурки, бу эрнинг маъно оламидин хабари бўлса, бизга иссиқ ҳалво тортқой. Ул муридларға ҳалвони худ буюрғон экандур. Бек била саломлашиб кўришгондин сўнгра дебдурки (аввал салом, ўртаси таом ва охири калом!) Филҳол ҳалвони торттурубдур. Бекка бу ҳол зоҳир бўлғач, мурид бўлиб лангар ясаб, кўп авқоф қилибдур.
Навоий ҳазратлари соҳибқирон ҳақларида завқланиб, самимийлик билан мардлик, соддалик, закийлик, ҳар қандай тасодифий холатлар ва ҳар ишни тадбиркорлик билан қилишликларини тасвирлаб берган.
Навоий асарда шайхларнинг ижтимоий-сиёсий хаётда ўз ўрни бўлганлгини фасоҳат-балоғат билан ёритиб берган. Амир Темур ва замонасини хукмдорлари ҳам шайхларнинг ва уламоларнинг маслаҳат ва дуоларни олишгани, шунинг учун Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби ҳукмдорлар халқ орасида катта обрў-эътиборга эга бўлган.
Бу асар миллий-диний қадриятларимиз ва тарихимизни ўрганишда маърифий ва ахлоқий аҳамиятга эга. Айниқса, Имом Аъзам, Имом Мотуридий, Аҳмад Яссавий, Ҳаким Тирмизий, Баҳоуддин Нақшбандийлар каби ақида ва тасаввуф уламоларимиз ҳақида қимматли маълумотларга эга бўламиз.
Мовароуннаҳр ва Хуросон валийлари меросини ўрганиш, уларнинг тасаввуфий-ахлоқий қарашларини тадқиқ этиш инсон руҳий камолоти учун зарур ғоя. Уни валийлар ҳаётини ўрганмасдан туриб, исломнинг маънавий-маърифий аҳамиятини англаб, сўфиёна адабиётларнинг ғоявий мазмун-моҳиятини тушуниб бўлмайди.
Шунингдек, ёшларга тасаввуфнинг асл мазмун-моҳиятини тўғри етказиш, уларни турли диний оқимлар таъсиридан сақлаш ҳамда миллий ғояни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.
Пискент туман бош имом-хатиби в.в.б: Зайнилобиддинхон Қудратов.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жамоат бўлиб дуо қилиш ҳақида Ҳабиб ибн Маслама ал-Феҳрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари “Омийн”, деса, албатта Аллоҳ уларни ижобат қилади”, дедилар (Имом Ҳоким, Имом Табароний ривояти).
“Кашфул қиноъ” китобида қуйидагилар айтилган: “Имом Бомдод ва Асрдан кейин ўша пайтда фаришталар ҳозир бўлиши эътиборидан дуо қилади. Қавм “Омийн”, деб туради. Шунда ижобатга яқин бўлади. Шунингдек, мазкур иккисидан бошқа намозларда ҳам дуо қилади. Чунки фарз намозидан кейинги пайт дуо қабул бўладиган вақтлардандир”.
Шунингдек, намоздан кейин Қуръон тиловат қилиш ҳам савобли амаллардан саналади. Қуръон ўқувчига улкан савоблар, буюк фазллар хабарини берганидек, уни тингловчига ҳам ана шундай гўзал ажр ҳамда улуғ мукофотлар бордир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳнинг китобидан бир оят тинглаган кишига зиёда яхшиликлар ёзилади, Аллоҳнинг китобидан бир оят тиловат қилган кишига Қиёмат кунида нур бўлади”.
Имом Лайс ибн Саъд айтадилар: “Ҳеч ким Қуръон тингловчидан кўра тезроқ раҳматга эришмайди. Чунки Аллоҳ таоло: “Қуръон тиловат қилинганда, уни тингланг ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз” деб марҳамат қилган”.
Ҳанафий уламоларимиз кишининг Қуръон тинглаши ўзи қироат қилишидан афзалдир, дейишади. Чунки тингловчи Қуръон тинглаши билан фарзни адо қилади. Қуръон қироати эса, фарз эмас.
Ҳанафий олими Абу Суъуд раҳматуллоҳи алайҳ: “Қуръон тинглаш қироат қилишдан савоблироқдир, чунки тинглаш фарз, қироат фарз эмас”, деганлар.
Даврон НУРМУҲАММАДнинг
“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.