Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳиссаломдан, “Бу Ер бошқа Ерга ва осмонлар (ўзга осмонларга) алмаштириладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва ғолиб Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (қиёматда интиқом олувчи)дир” (Иброҳим, 48), оятининг нозил бўлиши ҳақида сўраб, “Ўшанда биз қаерда бўламиз, эй, Аллоҳнинг Расули?”, дедилар. Шунда Пайғамбар (с.а.в):“Сиротда бўламиз. Сиротдан ўтиш вақти учта жойдан бошқа жой бўлмайди. Улар: жаҳаннам, жаннат ва сиротдир”, дедилар.
Пайғамбар (с.а.в) бундай марҳамат қиладилар:“Сиротдан биринчи бўлиб ўтадиган мен ва менинг умматим бўлади. Сиротдан ўтадиган биринчи уммат, Муҳаммаднинг умматидир”.
Жаҳаннам устига осиладиган кўприк номи “Сирот” деб номланади. Унинг кенглиги бутун жаҳаннам кенглиги билан тенг бўлади. Ундан ўтган ва охирига етган киши, олдида жаннат эшигини ва Пайғамбар алайҳиссаломни: “Эй, роббим, бу Сенинг жаннатинг”- деб, жаннат аҳлини кутиб олаётганларини кўради.
Сирот кўпригининг сифатлари:
Пайғамбар алайҳиссаломнинг умматлари сирот кўпригига илк қадамини қўйиши билан Пайғамбар (с.а.в) сирот кўпригининг охирида, жаннат эшиги олдида туриб, “Ё Раб, Ўзинг мадад бер”, “Ё Раб, Ўзинг мадад бер” деб, умматлари ҳақига дуо қилиб турадилар.
Банда сирот кўпригидан юриб борар экан, ўз олдидаги одамлардан йиқилиб, жаҳаннамга қулаётган ёки нажот топаётганларини ҳам кўриб туради. Бироқ ўша пайтда банда шундай бир ҳолатда бўладики, у ҳеч кимга парво қилмайди. Эҳтимол, ўшанда у ўз ота-онаси ва яқинларини ҳам кўрар, лекин, уларга ҳам эътибор бермайди. У лаҳзада ҳамма фақат ўзини ўйлайди...
Аллоҳ барчамизга Сирот кўпригидан эсон-омон ўтиб олиб, жаннатда Ўзини жамолини кўришни, Пайғамбар алайҳиссалом билан учрашишни насиб этсин.
Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ,
Халқаро алоқалар бўлими мудири
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати