Кунлардан бир куни бир подшоҳ касал бўлиб қолибди. Уни даволаш учун бутун дунёдан табибларни чақиришибди, лекин ҳеч бири подшоҳни даволай олмабди. Шунда улар маслаҳат қилиб бир қарорга келишибди. Агар бахтли одамни топиб, унинг кўйлаги подшоҳга кийдирилса, у тузалади. Бахтли одамни топиш учун дунёнинг ҳамма томонига чопарлар жўнатилибди. Лекин ҳеч ким "Мен бахтлиман", деган одамни топа олмабди. Кимдир бой, лекин касал, яна кимдир соғ, аммо камбағал, бошқаси бой, соғ, бироқ оиласи нотинч – хуллас, ҳамма нимадандир нолир эди.
Бир куни тунда подшоҳнинг ўғли шаҳар кўчаларини айланиб юрса, бир ҳовлидан кимнингдир гапини эшитиб қолибди. У: "Яхши ишладим, пулимни олдим, қорним тўйди, энди маза қилиб ухлайман. Мендан бахтли одам йўқ", дебди. Подшоҳнинг ўғли севиниб кетиб, тезда хизматкорларини жўнатибди. Катта пул эвазига ўша одамнинг кўйлагини олиб келишни тайинлабди. Хизматкорлар ҳовлига кириб шаҳзоданинг буйруғини бажармоқчи бўлишибди, лекин қарашса, ҳалиги "бахтлиман" деган одам шунчалар қашшоқ эканки, ҳатто эгнида кўйлаги ҳам йўқ экан.
Эй инсон, билгинки, бахт келувчи ва кетувчи нарсадир. Одам ўзини бир муддат бахтли ҳисоблаши учун бой бўлиши шарт эмас, балки бор нарсасига шукр қилса кифоя.
Акбаршоҳ Расулов
Аввало, сиз, азизларни 27 сентябрь – Бутунжаҳон туризм куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бугунги кунда туризм мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган, минглаб янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган истиқболли тармоққа айланиб бормоқда.
Кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, виза тартибининг соддалаштирилгани, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасининг кенгайтирилгани, тадбиркорлар учун кўплаб солиқ ҳамда божхона имтиёзлари жорий қилингани соҳа ривожига янги шиддат бермоқда.
Бунинг тасдиғини 2025 йилда Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан салкам 6 баробар ошиб, қарийб 12 миллион нафарга етгани, туризм хизматлари экспорти 11 карра кўпайиб, 4 миллиард 800 миллион АҚШ долларини ташкил этгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Мамлакатимизнинг глобал туризм сиёсатидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистоннинг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2027 йил Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили, деб эълон қилингани, БМТ Туризм ташкилоти республикамизни дунёдаги энг тез ўсаётган бешта сайёҳлик йўналишига киритганини таъкидлаш лозим.
Албатта, бундай ютуқлар замирида юртимиздаги минглаб туроператор ва турагентлар, меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ходимлари, гид ва экскурсоводлар, рестораторлар, транспорт ва сервис компаниялари вакиллари, ҳунармандлар, маданият намояндалари, музей ходимлари, устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнати мужассамдир.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу йўналишларда сидқидилдан хизмат қилаётган барча соҳа ходимларига самимий миннатдорлик билдираман.
Ҳурматли юртдошлар!
Янги Ўзбекистонимизнинг ўзига хос ташриф қоғози бўлган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний мажмуалари, Замонавий санъат маркази каби кўплаб масканлар бутун халқимиз қатори хорижий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Биз бу борадаги ишларимизни изчил давом эттириб, гўзал диёримизни жаҳондаги замонавий сайёҳлик инфратузилмаси янада ривожланган энг машҳур туризм марказларидан бирига айлантиришга қарор қилганмиз. Шу мақсадда Хивада ўзида тарих ва замонавийликни уйғунлаштирган халқаро туристик шаҳарча, конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ барпо этиш, Ичанқалъани рақамли технологиялар асосида “ақлли” музей-мажмуага айлантиришни режалаштирганмиз.
Самарқандда эса ноёб экспонатлар жамланган Ипак йўли музейи ташкил этилади. Қорақалпоғистонда археологик ёдгорликлар бўйлаб янги туристик йўналишлар очилади. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида “Ғилон”, Наманган вилоятининг Поп туманида “Арашан” каби янги мажмуалар ташкил этилади.
Соҳада замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ягона миллий туризм платформасини ишга тушириш, сайёҳлик хизматларини битта тизимга интеграция қилиш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш ҳам устувор вазифа бўлиб қолади. Гастрономик, экологик, зиёрат, тиббиёт, тоғ ва саргузашт, ишбилармонлик, этно ва қишлоқ туризми каби юқори қўшилган қиймат яратадиган йўналишларни жадал ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз.
Ана шундай долзарб вазифаларни амалга ошириш орқали биз 2030 йилга бориб, хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга етказиш, хизматлар экспортини 8 миллиард доллардан ошириш, юқори тоифадаги меҳмонхоналар сонини эса икки карра кўпайтиришни мақсад қилганмиз.
Бундай улкан марраларни эгаллашда, аввало, ўз ҳаётини туризм соҳаси билан боғлаган, юртимизни, унинг қадимий тарихи ва маданиятини дунёга тарғиб этишни ўзининг профессионал бурчи деб биладиган сизлар каби ташаббускор ва ташкилотчи инсонларга таянамиз.
Ҳеч шубҳасиз, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ходимларнинг фидокорона меҳнатини муносиб рағбатлантириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Шу муносабат билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган туризм ходими” фахрий унвонини таъсис этсак, ўйлайманки, бу таклифни барчангиз қўллаб-қувватлайсиз.
Сизларни Бутунжаҳон туризм куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, шарафли фаолиятингизда омад ва зафарлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти