Муқаддас динимизда ҳар-бир мўминнинг ўзига яраша ҳақ ва мажбуриятлари бор. Буларнинг барчаси Роббисига қуллик қилиш асносидаги вазифалардир. Яъни, ибодатлар ва муомалотлар. Ибодатлар деганда, банда бажариши керак бўлган барча фарз ва нафл амалларни ўз ичига олади. Намоз, рўза, закот, ҳаж ва ҳоказолар каби. Муомалотлар деганда эса, энг аввало ота-она ва фарзанд борасидаги ҳақ-ҳуқуқлар, сўнгра қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва жамиятда яшовчи ҳар-бир инсон билан қилинадиган ижтимоий мулоқотлардир. Ушбуларга амал қилиш бу - Аллоҳ таоло томонидан ажрларга, мукофотларга сазовор бўлишнинг боиси бўлса, уларга риоя қилмаслик, албатта инсонни гуноҳкор бўлишига ва азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: ''Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим'' (Зориёт, 56). Яъни, ушбу оятдаги ибодат маъноси, юқорида зикр қилинган барча ҳақ ва мажбуриятларни банда томонидан ижросини таъминлаб қўйишдир. Шунинг учун ҳам динни жамиятда аҳамияти юксак. Қайси бир жойда дин бўлмаса, одамлар ҳалол, ҳаромнинг фарқига бормаса, гуноҳни нима эканини англамаса, оқибатини ҳис этмаса, ҳоҳлаган ишини қилса, табиийки, уша жамият парокандаликка юз тутади. Жиноятчилик авж олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Дин насиҳатдир'', деб бежиз айтмаганлар. Яъни, агар шу насиҳатчи динимиз бўлмаса, Аллоҳ асрасин, ҳолатимиз анча аянчли бўларди. Қолаверса, мусулмончиликда итоатсизлик, жиноятлар сари етаклайдиган ҳар-қандай ҳолат, ҳоҳ у моддий, ҳоҳ маънавий бўлсин, қаттиқ қораланган.
Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай дейди: "Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир." (Аъроф, 56). Бир жойга бориб бузғунчилик қилиш, одамларни бир-бирига гиж-гижлаб, фитналар қилишнинг ўзигина эмас, балки кўпинча кўзимиз илғамайдиган майда хатоликларга йўл қўйишни ҳам айтса бўлади. Чунки гоҳида биз эътибор қилмайдиган ушбу камчиликлар бора-бора улкан гуноҳларга айланиб кетиши мумкин.
Қонунчилигимизда, бир жиноят қилган одамга айрим ҳолатларда, бир нечта моддалар қўлланилади. Яъни, фалон модданинг а ва б бандига асосан айбдор, деб топилсин, деган маънода. Динимизда ҳам шу каби ҳолат бор. Яъни, битта гуноҳ ишни қилиш ортидан бир нечта хатолик қилган одам сифатида баҳолаш. Масалан, бир мўминнинг уйини ўмарган одамни олайлик. Ўғрилик қилиши бир гуноҳ. Мўминнинг молига тажовуз қилиш ҳаром, бу иккинчиси. Бировнинг уйига сўроқсиз кириши эса, учинчи гуноҳдир. Яъни, биргина ўғрилик кетидан уч хил гуноҳни бўйнига юклаб олмоқда. Албатта бундай мисолларни бошқа кўринишдаги хатоларда ҳам келтириш мумкин. Айтмоқчи бўлганимиз, инсон қайси жиноятга қўл урмасин, ўғирлик, зино, қатл каби улкан гуноҳлар бўладими, ёки бошқа майда безориликми, токи сидқидилдан пушаймон бўлиб, тавбалар қилмас экан, оқибати аламли азоб бўлади, ўзгаси эмас. Бу тушунчаларни эса, бугунги кунда ўсиб келаётган авлодга тўғри сингдиришга ҳаракат қилмас эканмиз, келажакда ўзимизга оғир юк бўлади.
Қодиржон Умурзаков
Поп тумани «Муҳаммаджон қори»жоме масжидининг имом-хатиби
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати