Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Сентябр, 2026   |   12 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:52
Қуёш
06:11
Пешин
12:15
Аср
16:31
Шом
18:23
Хуфтон
19:38
Bismillah
23 Сентябр, 2026, 12 Рабиъус сони, 1448

Масжидда дунё гапи

17.01.2017   14323   3 min.
Масжидда дунё гапи

 رَوَى عَبْدُ اللَّهِ بْنُ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ " يأتي في آخر الزمان أناس من أمتي يأتون المساجد يقعدون فيها حلقاً ذكرهم الدنيا وحب الدنيا لا تجالسوهم ، فليس لله بهم حاجة " .

Абдуллоҳ ибн Масуьд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Охир замонда шундай умматимдан бўлган бир қавм келадики, масжидларда халқа қилиб ўтиришади. Дунё сўзларини гапирадилар, чунки улар дунёни яхши кўрадилар. Улар билан ўтирманглар! Чунки Аллоҳ улардан беҳожатдир” дедилар.

عن ابن عباس قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« الكلام في المسجد يأكل الحسنات كما تأكل النار الحطب ».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжидда гапирилган дунёвий гап (қадам босиб келган) савоб амалларини барчасини ейди, олов ўтинни егани каби” дедилар.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِنَّ لِلْمُنَافِقِينَ عَلاَمَاتٍ يُعْرَفُونَ بِهَا تَحِيَّتُهُمْ لَعْنَةٌ وَطَعَامُهُمْ نُهْبَةٌ وَغَنِيمَتُهُمْ غُلُولٌ وَلاَ يَقْرَبُونَ الْمَسَاجِدَ إِلاَّ هَجْراً وَلاَ يَأْتُونَ الصَّلاَةَ إِلاَّ دَبْراً مُسْتَكْبِرِينَ لاَ يَأْلَفُونَ وَلاَ يُؤْلَفُونَ خُشُبٌ بِاللَّيْلِ صُخُبٌ بِالنَّهَارِ ».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларнинг бир нечта белгилари борки ўшалар билан таниладилар: саломлари лаънатга хос, таомлари бировни норози қилиб тортиб олинган, тўдалаб қўйган ғаниматлари ҳаромдан, масжидга келсаларда фақат бир намозхонни ғийбат қилиш учун ёки масжидагиларни сўкиш учун ва беҳаё сўзларни айтишлик учун келадилар. Намозни кечиктириб кибрланиб ўқийдилар. Уларнинг дўсти ҳам йўқ, биров билан дўстлашмайдилар ҳам. Хуфтонда тахтадай қотиб ухлаб қоладилар, бомдодда эса бақир-чақир қилиб баҳслашиб турадилар” дедилар.

عن ابن مسعود قال: قال رسول اللّه صلى الله عليه وسلم: " قال الله عز وجل في بعض الكتب: إن بيوتي في أرضي المساجد وإن زواري فيها عمارها فطوبى لعبد تطهر في بيته ثم زارني في بيتي فحق على المزور أن يكرم زائره "

Абдуллоҳ ибн Масуьд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло баъзи (нозил қилган) китобларида шундай сўзларни деди: “Масжидлар ердаги менинг уйларимдир. Ундаги мени зиёратчиларим эса, масжидга 5 вақт намоз учун келувчиларидир. Бахт бўлсин шундай бандагаки, уйидан чиройли хушбўйланиб чиқади-да, менинг уйимга Мени зиёрат қилиш учун келади. Энди мезбоннинг бўйнидаги ҳақ шуки, ўз меҳмонини икром қилишлигидир”

Мавлоно Жалолиддин Румий дейдилар:

Агар Хожа шавад аз банда розий,

Ба у ёр ҳаст истиқболи мозий.

Шавад ай банда гар мавло баозор,

Ҳамма дар ҳар ду олам аз ту безор.

 

Агар Ҳудо бандадан рози бўлса,

Келажакда унга дўст бўлгай.

Гар Ҳудо бандадан бўлса норози,

Икки оламда ҳамма сендан безор.

 

Аллоҳ таоло бизларни масжидга савоб умидида бориб гуноҳлар орттириб қайтишимиздан ўзи асрасин.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Обод масканга айланган Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи

21.09.2026   24747   6 min.
Обод масканга айланган Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи

Қадим ва бой тарихга эга Ўзбекистонда муқаддас зиёратгоҳ  ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади. Қолаверса, юртимиздаги юзлаб кўҳна ва бетакрор обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлини лол этиб келади. Шу боис, уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, тиклаш, ободонлаштириш, келажак авлодга бус-бутун етказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Қиличмозор қишлоғида Қутайба ибн Муслим (р.а.) номи билан аталувчи зиёратгоҳ ва мақбара бор. Тарихчи Муҳаммад Наршаҳийнинг “Бухоро тарихи” асарида “Қутайбанинг қабри Фарғона (водий)да машҳур бўлиб, “Работи сароханг” деган жойда “Кох” деб аталадиган (ҳозирги Қиличмозор) бир қишлоқда. Одамлар зиёрат учун ҳамиша у ерга бориб турадилар” деб ёзилган. 

Турли тарихий манбааларда келтирилган ривоятларга кўра, бутун Мовароуннаҳрни бўйинсудирган Қутайба ибн Муслим (р.а.) Фарғонанинг Работи Сарҳанг деган жойида оташпараст шоҳлардан Ку Лунж аскарлари зарбасига дош бера олмай тўхтаб қолади. Мустаҳкам қўрғонни қамал қилиб ҳам душманни енга олмайди. Ислом саркардаси туну кун ибодат қилиб, намозларида Аллоҳдан синоат кўрсатишини сўраб дуо қилади. Яратганнинг қудрати ила мўъжиза юз беради. Оташпарастлар шохининг қизи малика Султонбегим қалбини очади. Қиз тушида кўрган, юзидан нур ёғилиб турган оқсоқолнинг даъвати ила имон келтиради. Муслима Султонбегим иймон келтирар экан, Аллоҳ йўлида мислсиз жасорат кўрсатади. Ўз отаси, ўз эътиқодига қарши чиқиб, мусулмонларга ғалаба олиб келувчи ягона йўл – қалъага ичимлик суви келувчи яширин сув йўлини кўрсатиб беради. Сув беркитилади. Сувсизликдан оташпарастлар таслим бўлади. Қутайба (р.а) иймон келтириб, ўз халқини исломга даъват этган маликага уйланади ва учта фарзанд кўради.

Тарихий маълумотларга кўра, Қутайба ибн Муслим (р.а.) (660 - 715) йирик ислом фотиҳларидан бўлиб, ҳарбий саркарда, тажрибали лашкарбоши эди. Милодий 706 йилда халифа Юсуф Ҳажжож Абдумалик ибн Марвон фармони билан Хуросон амири лавозимига тайинланган ва унга Мовароуннаҳрни фатҳ этиш вазифаси юклатилган. Қутайба (р.а.) 706-713 йилларда тўлиқ ғалаба қилиб, ўлкага ислом динини олиб кирди ва унинг мустаҳкамлиги учун улкан замин яратди.

Айрим манбаларда келтирилишича, Соҳибқирон Амир Темур Қутайба (р.а.) дафн этилган жойни муқаддас билиб, буюк ислом саркардасининг қабри устига Самарқанддан меъмор жўнатиб, кўркам ва маҳобатли мақбара қурдирган. Бу мақбара 1935 – 1936 йилларда бузиб ташланган.

1975 – 1978 йилларда Андижон вилояти раҳбари бўлиб ишлаган Бектош Раҳимов ташаббуси хароба ҳолга келиб қолган мақбара миллий меъморчилик анъаналари асосида қайта қурилган. Икки хонали мақбаранинг асосий хонаси ташқаридан квадрат асосида бўлиб, ичкариси саккиз бурчакли, томонлари чуқур меҳробсимон равоқлар билан кўтарилиб, диаметри 5,5 метрли гумбаз билан ёпилган, гумбаз ўртасида эса қабр жойлашган бўлиб, мақбара ғарбидаги даҳлиз зиёратчилар учун мўлжалланган.

Бугунги кунга келиб, ушбу маскан одамлар кўп келадиган гавжум зиёратгоҳга айланган. Бу ерда бир неча йилдан буён қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Зиёратгоҳ мажмуасининг қурилиши, ободонлаштириш ишларида Жалақудуқ туманидаги корхона, ташкилотлар, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар, қўйингки, жуда кўп саховатпеша инсонлар яқиндан ёрдам бермоқда. Ислом тарихи саҳифаларидан муносиб ўрин олган улуғ зот номи билан аталувчи мазкур зиёратгоҳ 2006 йилда тарихий ва маданий мерос объекти, зиёратгоҳ сифатида давлат муҳофазасига олинган.

Кейинги йилларда вилоят, туман ҳокимликлари, сахий инсонлар кўмагида зиёратгоҳни кенгайтириш, ободонлаштириш борасида катта ҳажмдаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шу кунларда мажмуа таркибидаги биноларнинг сўнгги пардозлаш ишлари якунига етмоқда. Пардозлаш ишлари андижонлик, қўқонлик ҳамда Бухородан келган моҳир усталар томонидан бажарилди. Зиёратгоҳ мажмуаси бутунлай янгича қиёфага келтирилиб, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилади.

Махсус лойиҳа асосида барпо этилган зиёратгоҳ ҳудудида икки қаватли беш минг намозхонга мўлжалланган масжид, айланасига музей, кутубхона ва зиёратчилар учун алоҳида хоналар қурилди. Бундан ташқари, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона ҳам барпо этилди.

Мажмуа ўртасида жойлашган қабр устига баландлиги 20 метр бўлган гумбаз, гумбазнинг тўрт томонида зиёратчилар учун ўзига хос кўринишга эга соябонлар, мақбарадан унча узоқ бўлмаган жойга, тарихий, замонавий кўриниш уйғунлашган ландшафт асосида шаршара барпо этилди.

Зиёратгоҳга олиб кирадиган катта йўл бошига арка - “Роботи сарханг”, яъни, аркали махсус катта дарвоза қурилди. Яқин йиллар ичида Қутайба ибн Муслим (р.а.) бу зиёратгоҳ меҳмонлар ва зиёратчилар билан гавжум энг обод масканга айланади.

Қутайба ибн Муслим (р.а.) зиёратгоҳи мажмуасига нафақат юртимиздан, балки яқин ва узоқ хорижий давлатлардан ҳам меҳмонлар, сайёҳлар тез-тез келиб туради. Шу йилнинг ўзида зиёратгоҳга Афғонистон, Индонезия, Ҳиндистон, Покистон, Хитой давлатларидан, шунингдек, қўшни Қирғизистон ва Тожикистондан юзлаб зиёратчилар ташриф буюрмоқда.

– Зиёратгоҳ мажмуаси қурилиши, ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда, Қутайба ибн Муслим ҳаёти, фаолияти, унинг номи билан аталувчи зиёратгоҳ тарихи, бу ерда барпо этилаётган мажмуа, унинг аҳамияти ҳақида юртдошларимиз, кенг жамоатчилик, айниқса, ёш авлодга кенгроқ маълумотлар бериш мақсадида қатор китоблар чоп этилди, – дейди “Жалақудуқ ҳаёти” газетаси муҳаррири Шукурилло Хайитохунов. – Жумладан, ҳозирга қадар “Қутайба ибн Муслим”,  “Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи”, “Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи мўъжизалари” “Султон ойим зиёратгоҳи””, “Журъат ва жасорат”, “Қўмондон” сингари қатор китоблар чоп этилди. Ушбу китоблар қирғиз, рус ва инглиз тилларига таржима қилинди.

Мазкур китоблар Ислом оламининг улуғ ва машҳур зотларидан бири Қутайба ибн Муслим, унинг номи билан аталувчи зиёратгоҳ ва зиёратгоҳ мажмуасини тарғиб этиш билан бирга, келувчилар, хорижий сайёҳларга кенг маълумотлар беради. Қолаверса, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида қадим тарихимизга, юртимиз заминида яшаб ўтган улуғ зотларга бўлган ҳурмат, юртдан фахрланиш туйғуларини янада мустаҳкамлайди.

Муаллиф: Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари