Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!.. ” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» (Исро, 23).
Шокир ота аёли Ҳуринисо ая билан бахтли ҳаёт кечирди. Фарзандларининг барчаси ҳаётда ўз ўрнини топди... Неваралар ҳам бирин-кетин вояга ета бошлашди. Невара келин, невара куёв кўраман деб турган пайт Ҳуринисо ая хасталаниб, бандаликни бажо келтирди.
Фарзандлари онасининг ҳамма маъракаларини ўтказишди. Энг нуфузли тўйхоналарда юз килолаб ошлар дамланди. Аммо буларнинг ҳеч бири Шокир отанинг кўнглини ёритмади. Уйдаги ҳар бир нарса аёлини эслатар, хотираларини уйғотарди. Ўзи ёлғиз қолса, анча вақтгача кўзига уйқу келмасди. Кейинги пайтларда қон босими кўтариладиган бўлиб қолди. Энг қиммат дорилар ҳам, моҳир шифокорлар ҳам дардини аритолмасди.
Отасининг ёлғизликдан қийналаётгани, кун сайин сўлиб бораётганини кўрган кичик ўғил бир куни аста гап бошлади:
– Гапни нимадан бошласам экан?.. Онамни ҳаммамиз жуда яхши кўрардик. Бироқ тақдир экан! Нима ҳам қилардик? Энди биз учун муҳими – сизнинг борлигингиз, саломатлигингиз! Ким нима деса десин, менга сизнинг соғлигингиз, хотиржамлигингиз керак. Рози бўлсангиз, солиҳа бир аёлни топиб, никоҳлаб қўйсак?!
Шокир отанинг кўзида ёш кўринди. Кечагина дўсти Турғун ҳам шу ҳақида гапирганди. Эркак киши кексайганида бир дардкашга муҳтож бўлиб қолар экан.
“Ўғлим, борингга шукр, раҳмат!” – дея олди ота.
Кичик ўғил отасини уйлантириш ҳақида акаси ва синглисига маслаҳат солганида, катта жанжал кўтарилди.
– Отам сенга оғирлик қиляптими?
– Уй-жойга эга чиқадиган керакми сенга?
– Онамни сен унутган бўлсанг унутгандирсан, бизлар унутганимиз йўқ!
Шокир отанинг дили қаттиқ оғриди, кўзлари намланди. Аслида, онасининг хотирасини азиз тутиш ҳақида бонг ураётган шу фарзандлар, онаси хасталанганда унга силтаб муомала қилган, қарашни малол олган эдилар. Аммо онанинг вафотидан кейин маъракаларни эл кўзига, мен фарзандлик бурчимни аъло даражада бажариб қўйдим, деб ўзини кўрсатиш учун дабдаба билан ўтказаётган эдилар.
Яхшиликни инсон тириклигида қилиш кераклигини ҳамма билади-ю, аммо... Ота-онаси, яқинлари ўтиб кетган инсонларнинг кўпчилиги марҳумларнинг руҳи шод бўлиши учун қозон-қозон ош беришни ўйлаб юришади-ю, ёлғиз қолган ота ёки онанинг, жигарларнинг, тирикларнинг ғамини ейиш, қалбига қулоқ солиш хаёлига келмайди. Бу қандай бедодликки, ёлғизланиб қолган, эрталаб уйғонаманми, йўқми, деб тонг оттираётган кексаларнинг ҳаётини бошига ёлғизлик тушмаган, қалби яримлик кўрмаган фарзандлар ҳал қилса!..
Уларга оталар, оналар ҳаётини ҳал қилиш ҳуқуқини ким берди?!
Ёлғиз кексаларнинг кўнглига қараб, улар хоҳласалар, яна турмуш қуришларини бир оғиз айтиб ўтиш фарзандлардан лозимдир.
Бундай кексаларнинг таомини ҳозирлаш, кийим-кечагини бут қилиш билан уларнинг ярим кўнгли тўлиб қолмайди. Уларга бир ҳамдард, ҳамроҳ керак.
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Cавол: Синглимнинг 9 йилдан бери фарзанди йук, 3 марта ЭКО килди, лекин бўлмади. Ҳозир соғлиғи ҳам жойида эмас. Синглимнинг 2 тайёр эмбриони музлатилган, клиникада турибди. Мен опаси суррогат она бўлиб, синглимга боласини туғиб берсам бўладими? Пул ишлаб олиш ва бошка ғайр мақсад учун эмас, синглимга куйинганим учун шу йўлни танламоқчиман. Лекин Исломда мумкин бўлса агар.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Суррогат” сўзи лотинчадан олинган сўз бўлиб – “бошқасининг ўрнига қўйилган” деган маънони билдиради. Ҳозирда бизда кенг тарқалаётган “суррогат она” деган ибора ҳам ҳомиладор бўлиб, фарзанд туғишда онанинг ўрнига фойдаланилган аёл назарда тутилади. Бунда эрнинг спермаси ва хотинининг тухумҳужайрасидан бўлган эмбрионни ривожлантириш учун бошқа аёлнинг бачадонига ўтказилади. Кўпинча суррогат оналик пул эвазига, баъзан кўнгилли тарзда ҳам амалга оширилади.
Ушбу амалиёт шариатимизнинг умумий қоидаларига кўра ҳаром саналади. Бунда уни пул эвазига бажариладими ёки кўнгилли тарздами фарқи йўқ. Чунки ушбу амалиётда эркак билан бачадони ижарага олинган аёлнинг ўртасида никоҳ бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни васф қилиб бундай марҳамат қилган:
“Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Кимки шундан ўзгани истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар” (Муъминун сураси, 5-7 оятлар).
Агар никоҳ бўлган тақдирда (масалан, ўша аёл эркакнинг иккинчи хотини бўлса) ҳам мазкур амалиёт ҳалол бўлмайди. Чунки бу насабларни чалкашишига олиб келади.
Шу ва бундан бошқа омилларни ҳисобга олиб, замонамизнинг барча уламолари, кўплаб фатво уюшмалари суррогат оналикни ҳаром эканига фатво берганлар. Жумладан, Ислом Олами уюшмаси қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси 1402 ҳижрий (1982 милодий) йил ўтказилган йиғилишида ушбу амалиётни ҳаром деб қарор қабул қилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази