Пресс-релиз
Бизнинг мамлакатимиз азал-азалдан қадимий динлар ривож топган макон сифатида дунё цивилизацияси тарихида алоҳида мавқега эга. Бу муборак заминда бизнинг аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан қараганлар, мана шу юрт озодлиги йўлида улар билан бирга кураш олиб боргани, елкадош бўлиб меҳнат қилганини ҳеч ким инкор қила олмайди.
И.А.Каримов
Маълумки, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма хил динларга эътиқод қилувчи ва бир-бирига ўхшаш бўлмаган турли халқлар, миллатлар, яшаган ва яшаб келаётган ўлкадир. Қадим замонлардан бизнинг юртимизда зардуштлийлик, буддавийлик, яҳудийлик, насронийлик каби динлар мавжуд бўлган. VIII асрда Мовароуннаҳрга кириб келган ислом дини маҳаллий халқларнинг ахлоқ ғоялари, ҳуқуқий меъёрлари ва урф-одатлари билан уйғунлашиб, ҳозирги Ўзбекистон минтақасида ўз бағрикенглик хусусияти билан ажралиб турувчи ҳанафий мазҳаби таълимоти ҳамда ижтимоий-ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрлар узул-кесил қарор топди.
Мустақиллик йиллари Ўзбекистонда ушбу тарихий анъанага янгича рух бағишлаган ҳолда турли динларга мансуб қадриятларни авайлаб-асрашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда бошқа давлатларга намуна бўладиган бой тажриба орттирилди.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Тошкент ислом университетида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таркибидаги “ЮНЕСКО” Халқаро ташкилоти томонидан “16 ноябрь куни - Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинган кунига бағишлаб ташкил этилган “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик - жамият барқарорлиги гарови” мавзуидаги илмий-амалий анжуманда республикамизда турли миллат ва диний урф-одат ҳамда анъаналар ҳурмат қилинишини таъминлаш, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиш, тенгҳуқуқлилик ва ўзаро ҳамкорликни қарор топтириш соҳасида амалга оширилаётган салмоқли эзгу ишлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети, “ЮНЕСКО”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорликда ташкил этган мазкур тадбирда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган турли диний конфессиялар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари ва кенг жамоатчилик аъзолари иштирок этдилар.
Конференцияда сўзга чиққанлар томонидан Ўзбекистоннинг истиқлол йилларидаги ривожланиш тажрибаси кўп миллатли ва турли маданиятлар вакиллари истиқомат қиладиган ҳамда кўпконфессияли жамиятда нафақат динлараро тотувликка эришиш мумкинлиги, балки демократик ислоҳотлар ва бағрикенглик руҳини қарор топтиришнинг муҳим воситаси бўла олишини исботлаб келаётганини эътироф этдилар.
Бугун Ўзбекистонда 2239 та диний ташкилотлар, жумладан, 2065 та мусулмон, 157 та христиан, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий, 1 та Кришнани англаш ҳамда 1 та Будда ибодатхонаси ва Ўзбекистон Библия жамияти каби диний ташкилотларнинг ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик асносида фаолият юритиб келаётгани, давлатимиз томонидан юзлаб масжид, черков, ибодатхона, зиёратгоҳ ва осори-атиқалар асл кўринишида таъмирланиб, диний ташкилотлар ихтиёрига берилгани, диндорларимиз муқаддас зиёратларни бажаришлари учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб келинаётгани, диний таълим тизими изчил ривожланиши учун қулай шароитлар яратилгани юқоридаги фикрнинг ёрқин далиллари ҳисобланади.
Маҳаллий ва хорижий диний арбоблари ўз маърузаларида Ўзбекистон давлатининг дунёвийлик, диний бағрикенглик, барча динларга бир хилда муносабат, жамият тараққиётида эса динлар билан ҳамкорлик қилиш сиёсати барча фуқароларнинг диний эътиқоди ва дунёқарашидан қатъий назар, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тенг иштироки тамойили асосида амалга оширилаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Диний конфессия раҳбарлари республикамизда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини турли нотўғри ақидалардан сақлаш, дининг маънавий-маърифий салоҳиятини жамиятдаги барқарорлик, ижтимоий ҳамкорлик, конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга йўналтириш борасида изчил сиёсат юритилаётганини мамнуният билан таъкидладилар.
Анжуман қатнашчилари хулоса сифатида Марказий Осиёнинг жаҳон геосиёсий тизимидаги аҳамияти ортиб бораётган бугунги кунда минтақада муҳим ўрин тутган юртимизни динни сиёсатлаштираётган оқимларнинг таҳдидидан ҳимоя қилиш, фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб бериш, асл диний қадриятларни авайлаб-асраш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан бўлиб қолаётгани, ушбу масалаларни муваффақиятли ҳал этилиши ўлкамизда асрлар оша ҳукм суриб келаётган диний бағрикенгликнинг бундан буён ҳам жамиятимиз тараққиётини белгилаб берувчи муҳим омиллардан бўлиб қолишига мустаҳкам замин яратишини қайд этдилар.
Конференцияда республикамизда бугунги кунда динлараро тотувликни ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, жамиятда бағрикенглик руҳини мустаҳкамлашда эришилган ютуқ ва бой тажриба бошқа кўпмиллатли ва кўпконфессияли давлатлар учун намуна бўла олиши алоҳида эътироф этилди.
Тадбир доирасида мустақиллик йилларида республикамизда турли конфессиялар томонидан чоп этилган диний мазмундаги адабиётлар кўргазмаси ташкил қилинди.






Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Оқил хато қилса – афсусланади, аҳмоқ хато қилса – сафсата сотади.
Бу икки мисра инсон табиати, унинг маънавий даражаси ва ҳаётга муносабатини жуда теран ифода этади. Хато – инсон зотига хос. Аммо уни қандай қабул қилиш ва ундан қандай хулоса чиқариш – ҳар кимнинг ақли ва қалбига боғлиқ.
Ислом таълимотида ҳам хато қилиш айб эмас, балки ундан тавба қилмаслик ва сабоқ олмаслик айб экани таъкидланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни ва покланувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 222-оят).
Бу оятда инсоннинг хатодан қайтиши, афсусланиб, ўзини тузатиши Аллоҳ наздида қадрли экани очиқ баён этилган. Демак, оқил инсон хато қилганда уни тан олади, қалбида надомат туғилади ва тўғри йўлга қайтишга ҳаракат қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Барча одам боласи хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг энг яхшилари – тавба қилувчиларидир” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадис инсоннинг комиллиги хатосизликда эмас, балки хатодан кейинги ҳолатида эканини кўрсатади. Оқил киши ўз айбини тан олиб, уни тузатишга интилса, аҳмоқ эса ўз хатосини оқлаш, ҳатто уни ҳақиқат деб кўрсатишга уринади.
Халқимизда шундай мақол бор: “Айбини билган – донишманд, айбини яширган – нодон”. Бу ҳикматли сўзлар юқоридаги фикрларнинг халқона ифодасидир. Чунки айбини тан олган инсон ўзини тарбия қилиш имконига эга бўлади. Айбини инкор этган эса ўз камчилиги билан яшашда давом этади. Яна бир ҳикматда айтилади: “Нодоннинг тили узун, ақллининг эса йўли узун”. Аҳмоқ инсон кўп гапиради, баҳона топади, сафсата сотади. Аммо оқил инсон ортиқча сўздан қочиб, амал билан ўзини исботлайди.
Хато бу – йиқилиш эмас, балки туриш учун берилган имкониятдир. Оқил инсон ҳар бир хатосини ўқитувчи деб билади. У ўзини таҳлил қилади, камчиликларини англайди ва янада мукаммал бўлишга интилади. Аҳмоқ эса хатосини тан олмасдан, бошқаларни айблаш билан овора бўлади. Шу боис, ҳар биримиз ўз нафсимизни сўроққа тутишни ўрганишимиз лозим. Чунки ҳақиқий камолот – ўз хатоларини тан олиш ва улардан сабоқ чиқаришдадир. Ҳаёт йўлида адашмаслик учун инсонга ақл, виждон ва тавба эшиги берилган. Бу эшикни оча билган инсон – бахтли инсон.
Хулоса қилиб айтганда, оқиллик – хатосизликда эмас, балки хатодан тўғри хулоса чиқаришдадир. Аҳмоқлик эса – хатони тан олмаслик ва уни сафсата билан беркитишдир. Инсонни улуғлайдиган нарса – унинг тавозеси ва ўзини ислоҳ қилишга бўлган интилишидир.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.