بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Бугун жаннатмакон юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрамини дилда қувонч ва катта шодиёналар билан кутиб олиш тараддудида турибмиз. Бу кунларни кўриш орзусида бир неча авлод вакиллари умид ва хасратда дунёдан ўтиб кетишди. Дархақиқат, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, аҳоли фаровонлигининг, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда. Шунингдек, ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар яратилди.
Халқимиз ўз ҳаётини буюк аждодларимизга муносиб тарзда ўтказиш имкониятига эга бўлди. Муқаддас динимиз ботил мафкуралар ва даҳрийлик тазйиқидан ҳалос бўлди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади. Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бўлмиш Истиқлол шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди.
Кўп йиллар давомида даҳрийлик сиёсатини ўтказиб, фуқароларни диндан узоқлаштиришга қилинган хатти-ҳаракатларга барҳам берилиб, юртимизда ислом дини таълимоти, буюк аждодларимиз, диний арбоб ва уламоларимиз меросининг қайта тикланишига эришилди.
Ҳақиқат қиёсда очилади, деган машҳур ақида бор. Истибдод йилларида халқимизнинг Рамазон ва Қурбон ҳайитларини қандай нишонлаганлигини бир эслайлик. Масжидда ҳайит намозини ўқиш, мозорларга бориб, яқинларини қабрини зиёрат қилиш қанчалар мушкулот билан амалга оширилган ва бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин.
Истиқлол туфайли мамлакатда ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Барча миллий-диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шароитлар яратилди. Рўза хайити (Ийдул-фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийдул-адҳа)ларнинг биринчи кунлари дам олиш кунлари деб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда икки мингдан зиёд масжид фаолият кўрсатмоқда. Ҳар йили беш минг нафар ҳамюртимиз Исломнинг асосий арконларидан Ҳаж ибодатини, минглаб ватандошларимиз умра зиёратини адо этишга муяссар бўлмоқдалар.
Юртбошимиз ташаббуслари билан Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро марказнинг фаолият бошлаши ҳам мамлакат маънавий ҳаётида ката воқеа бўлди. Бу ерда ҳадис илми бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда, турли халқаро илмий анжуманлар ўтказилмоқда, масжидлар имом-хатибларининг малакаси оширилмоқда.
Жаҳон ислом ҳазорасига, фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланди, қадамжолари обод қилинди, асарлари нашр этилди. Ўтган ушбу давр мобайнида диний-маърифий мазмундаги бир қанча адабиётлар нашр этилди. Қуръони карим ва унинг маънолари, ҳадислар тўпламлари бир неча марта чоп қилинди.
Булардан ташқари ойлик “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газеталари кўп сонли тиражда мусулмонлар ҳукмига хавола этиб келинмоқда, Телевидение орқали “Ҳидоят сари” ва “Зиё” дастурлари мунтазам равишда бериб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг халқаро алоқалари кундан-кунга ривожланиб, бугунги кунда 30дан зиёд мамлакат билан ҳамкорлик ришталарини ўрнатган, унинг вакиллари, диний ходимлар жаҳоннинг турли мамлакатларида бўлиб ўтаётган турли, халқаро анжуман ва йиғилишларда иштирок этмоқдалар.
2007 йилда Ислом конференцияси ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича АЙСЕСКО ташкилоти Тошкентни Ислом маданиятининг пойтахти, деб эълон қилгани Ўзбекистоннинг ислом оламидаги нуфузи ва обрўси ошиб бораётганининг яна бир ёрқин кўриниши бўлди.
Азизлар, мустақиллик йилларимизда мамлакатимизда амалга оширилган барча соҳадаги ислоҳот ва ўзгаришларга диққат билан назар солсак, уларнинг марказида инсон манфаатлари, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти, фарзандларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги каби бир-биридан буюк мақсадлар турганига гувоҳ бўламиз.
Бинобарин, бундай ёндошув мазмун-моҳиятига кўра ислом дини таълимотларида ҳам ўз аксини топгандир. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни ер юзида бошқа жонзотлардан устун қилиб яратган.
Агар биз мана шу ато этилган Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борсак, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ояти каримада:
... لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ... (سورة إبراهيم/7
яъни: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” – деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир.
Муҳтарам азизлар! Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Албатта, бу Аллоҳ таолога ҳуш келади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида:
قال النبي صلى الله عليه وسلم: "من أصبح منكم آمناً في سربه، معافى في جسده عنده قوت يومه، فكأنّما حيزت له الدنيا" (رواه البخاري والترمذي
яъни: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, - деганлар (Имом Термизий ривояти).
Давлатимизнинг ислом динига нисбатан ғамхўрона муносабатига жавобан, биз ҳам, ўз навбатида ислом динининг мусаффолигини сақлаш, унинг асл моҳиятини халққа тушунтириш, ёш авлодни турли ғаразли кучлар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган фаол тарғибот олиб бормоғимиз, турли зарарли ҳаракатлар динимизга ёт эканини, муқаддас ақидамизда бегуноҳ инсонларни ўлдириш ёки уларнинг ўлимига сабаб бўлиш ҳаром эканини барчага етқазмоғимиз лозим.
Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.):
" مَنْ لَّمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللهَ " (رواه الترمذى
яъни: “Кимики инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмаган экан, демак Аллоҳга шукр қилмабди”, - деганлар.
Муҳтарам жамоат! Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар:
" نِعْمَتاَنِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ ، اَلصِّحَّةُ وَ الْفَرَاغُ"
яъни: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”.
Халқимизнинг янг яхши кўрган ва энг кўп такрорлайдиган дуоси “Илоҳо, хонадонларимизни тинч ва осойишта, юртимизни обод қил” деган дуодир. Доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, “Тинчлигинг – хурлигинг”, “Уруш томошабинга осон” каби мақолларда ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади. Оқсоқоллар насиҳатида, оналар айтган аллаларида бежизга тинчлик, хотиржамлик кўп тилга олинмайди.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувват-ларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ (سورة البقرة/208
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.
Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Бундан ташқари мусулмонлар Парвардигорлари олдида бошқа одамларни жиноят содир қилишдан қайтаришга масъулдирлар. Ҳар бир имонли кишининг бурчи – “ер юзида бузғунчиликка” йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириш учун курашишдан иборат.
Яна бир хадису шарифда айтилганидек, “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар”. Дарҳақиқат, қўпорувчи кучларнинг фитналарига учиш, қизиққонлик ва жоҳиллик оқибатида азиз юртимизнинг тинч-осуда ва гўзал ҳаёти, мусаффо осмонини бир лахзада йўқотиш, оилаларга ўлимдай мусибат келтирувчи офатга дуч келиш мумкинлигини асло унутмаслигимиз даркор. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:
إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрар ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтарур. ...” (Наҳл, 90). Кўриниб турибдики, Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда жаннат аҳлининг абадий ҳаёти тинчлик, осудалик ва саломатликда кечиши ҳақида шундай марҳамат қилган:
ادْخُلُوهَا بِسَلَامٍ آَمِنِينَ
яъни: “У (ер)га соғ-саломат, тинч-омон кирингиз!” (Ҳижр,46).
Демак, бу оят бизга тинчлик ва омонлик нафақат бу дунёда қадрли, балки жаннатда ҳам жуда улуғ неъмат эканини ҳамда Ер юзи инсониятнинг фаровон, ўзаро тотув ва ҳамжиҳат яшаши учун яратилганини билдиради. Шунинг учун ҳам бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, вазминлик ҳар қачонгидан кўра муҳимдир.
Қадрли намозхонлар! Истиқлолнинг илк кунлариданоқ жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда. Барчамиз она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссамизни қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун қайғуриб умргузаронлик қилайлик.
Жамият тараққиёти ва фаровонлиги миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Яратганга минг шукрким, мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, улар тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ҳаётнинг барча соҳаларида тараққиётга эришиш, камолотга етишиш бирданига бўлиб қолмайди. Бунинг учун фарзандларимизни сабр-бардошли бўлишга, илм йўлларини осонлаштиришга, илм олишга қизиқтириш, рағбатлантириш томонларига ҳам катта аҳамият беришимиз даркор.
Азизлар, яхшилик қилишдан чарчамайлик. Ҳақиқий инсонийлик сифати Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муяссар этади. Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат савобли амал ва яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса фақат жаннатдир.
Муҳтарам жамоат! Албатта, юртимизда бўлаётган бу юксалиш ва тараққиётимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва ҳотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслигини унутмаслик керак.
Мана шундай саодатли кунда жаннатмакон диёримизда яшовчи барча юртдошларимизни мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таолодан бу улуғ байрамни барчамиз учун хурсандчилик, шоду хуррамлик ва ҳамжиҳатликда ўтказишликни сўраймиз.
Аллоҳ таоло жаннатмонанд юртимиз тинчлигини барқарор айлаб, халқларимизнинг фидокорона қилаётган меҳнатларига муносиб ажр-мукофотлар ато этсин! Омин.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов билан суҳбат
– Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, одамни борига рози бўлиб, йўғига сабр қилишга ундайдиган гўзал фазилат – қаноат ҳақида гаплашсак. Аввало, қаноат деганда нимани тушунамиз?
– Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ. Қаноат – инсонга берилган неъматларни қадрлаш, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиш, бор нарсага шукр қилиш ва ҳалол йўл билан ҳаёт кечиришдир.
Қаноат – бу қўл қовуштириб ўтириш, меҳнат қилмаслик, бирор касбнинг бошини тутмаслик ёки “борига шукр” деб тараққиётдан ортда қолиб кетиш эмас. Мусулмон киши, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, дунё ишларида ҳаракат қилади, ризқини излайди, касб-ҳунар ўрганади, оиласи учун меҳнат қилади. Аммо қалбида: “Менга берилган неъматнинг эгаси Аллоҳ таолодир”, деган эътиқодда бўлади.
Инсон қанча бой бўлмасин, агар қалбида қаноат бўлмаса, ўзини камбағал ҳис қилиши мумкин. Аксинча, мол-дунёси кўп бўлмаган инсоннинг қалби хотиржам, шукр қилувчи бўлса, у чинакам бойдир. Шу боис уламолар қаноатни қалбг бойлиги, деб таърифлашган.
– Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қаноат ҳақида нима дейилгани ҳам ўқувчиларга қизиқ, албатта.
– Ҳа, шундай. Ислом таълимотида қаноат улуғ фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят), деб марҳамат қилган.
Ислом дини инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эриштирувчи дастуриламал, ҳаёт манҳажидир. Аммо динимизнинг асл моҳиятини, унинг таълимотлари барча замон ва маконларга мувофиқ келишини англаб етмаган кишилар уни таркидунёчиликка айлантириб қўядилар, динга амал қилиш учун дунёдан ажралиб чиқиш керак, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Парвардигори олам инсонга ато қилган барча неъматлари ҳам охиратни, ҳам дунёдаги насибани излаш воситаси эканини айтмоқда.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг обидроғи бўласан. Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан. Ўзингга ёққанини одамлар учун ҳам яхши кўр, мўмин бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, муслим бўласан. Кулгини кўпайтирма. Чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонни ўзига берилган неъматларни қадрлашга тарғиб этганлар.
Баъзан инсон ўзидан бойроқ кишига қараб: “Унинг машинаси бор, уйи катта, кийими яхши, имконияти кўп”, деб ўзини камбағал ҳис қилади. Лекин ўзидаги неъматларга қарамайди. Бошқа бир инсон эса касал бўлиб ётибди, соғликка муҳтож. Яна бири фарзандли бўлишни орзу қилади. Демак, биз кўпинча ўзимизда бор нарсаларнинг қадрини уларни бой бергачгина англаб етамиз. Шу боис мўмин инсон ҳар куни: “Аллоҳ таоло менга қанча неъматлар берган-а. Ўзига шукр”, деб ҳамду сано айтиши керак.
– Демак, қаноат инсоннинг бахтли яшашига ҳам сабаб бўлар экан-а?
– Албатта. Қаноат билан бахт ўртасида катта боғлиқлик бор. Бугунги кунда инсоннинг кўзи кўп нарсага тушади. Телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларнинг ҳаётини кўрамиз. Кимдир янги машина харид қилганини, кимдир янги иморат қурганини, кимдир чет элга саёҳат қилганини кўрамиз.
Агар инсон ўз ҳаётини доимо бошқаларнинг ҳаёти билан солиштираверса, қалбида норозилик пайдо бўлади: “Нега менда йўқ? Нега унда бор? Нега унинг ҳаёти яхши?” деган саволлар кўпайиб боради. Бу эса инсоннинг хотиржамлигини йўқотади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий масалаларда инсон ўзидан пастроқ ҳолатдаги кишиларга қарашини ўргатганлар. Яъни инсон ўзидан бойроқ кишига қараб ҳасрат қилмасдан, ўзидан камроқ имкониятга эга бўлган кишиларни кўриб, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсин.
– Айримлар қаноатли кишининг ҳаётга интилиши паст, деб тушунадилар. Бунга динимиз қандай қарайди?
– Бу қаноат тушунчасини нотўғри англашдан келиб чиқади. Мусулмон киши меҳнаткаш бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнат қилишга, ҳалол ризқ топишга тарғиб этганлар.
Деҳқон ерга уруғ сепиб, кейин “Аллоҳ ризқ беради”, деб уйида ўтирмайди. У ер ҳайдайди, уруғ сочади, суғоради, меҳнат қилади ва натижасини Аллоҳдан кутади. Тадбиркор ҳам ҳаракат қилади, талаба ўқийди, ҳунарманд ҳам меҳнат қилади. Қаноат шу ҳаракатдан кейин инсоннинг қалбидаги ҳолатдир. Яъни, қўлимиз меҳнатда, қалбимиз Аллоҳга боғланган бўлиши керак.
– Бугунги ёшлар орасида “кўпроқ пул топиш”, “бой бўлиш”, “қиммат машина олиш” каби мақсадлар кучайиб бормоқда. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?
– Мол-дунёга эга бўлиш ёмон эмас. Ислом бойликни ҳаром қилмаган. Ҳаром қилингани – бойликнинг инсон қалбини эгаллаб олиши, уни ҳаромга бошлаши ва Аллоҳ таолонинг зикридан, тоат-ибодатидан унуттиришидир.
Ҳалол меҳнат билан бойиган инсон жуда кўп хайрли ишлар қилиши мумкин. Камбағалларга ёрдам беради, масжидлар ва мадрасалар қуради, илмга хизмат қилади, етимларни қўллаб-қувватлайди. Мол-дунё қўлда бўлса – неъмат, қалбда бўлса синовдир.
Ёшларимизга шуни ўргатишимиз керак: катта мақсад қўйиш мумкин. Аммо мақсад ҳалол бўлиши керак. Ризқ ҳалол бўлиши керак. Меҳнат ҳалол бўлиши керак. Энг муҳими, инсон дунёвий мақсадга эришаман деб охиратни бой бермаслиги лозим.
– Фарзандларимизга қаноатни қандай ўргатишимиз мумкин?
– Энг яхши тарбия намуна бўлишдир. Ота-она “қаноатли бўл” деб, ўзи доимо бошқаларнинг мол-дунёсини муҳокама қилиб юрса, бола гапга эмас, амалга қарайди. Фарзандларимизга кичиклигидан: “Нон – неъмат. Уни исроф қилма”, “Ота-онангнинг меҳнати қадрига ет”, “Бошқаларга ҳасад қилма”, деган тушунчаларни сингдириш керак.
Боланинг истаган ҳамма нарсасини муҳайё қилавериш тўғри эмас. Чунки инсон хоҳлаган нарсасига осонгина эришаверса, берилган неъматнинг қадрини билмай қўйиши мумкин. Баъзида фарзандга: “Ҳозир имконимиз йўқ, сабр қиламиз”, дейиш ҳам тарбия, ҳам унинг қаноатли бўлишига замин яратади.
– Қаноат билан тақдирга рози бўлишни қандай тушунтирган бўлардингиз?
– Мўмин киши Аллоҳ таолонинг тақдирига иймон келтиради. Лекин тақдирни баҳона қилиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларини ташлаб қўймайди. Касал инсон: “Тақдир экан”, деб даволанишдан воз кечмайди. Ризқ излаётган киши меҳнат қилишни ортга сурмайди. Талаба ўқишни тўхтатмайди. Биз сабабларни қиламиз, натижасини Аллоҳдан кутиб яшаймиз. Агар натижа биз кутгандек бўлмаса, “Нега бундай бўлди?” деб Аллоҳнинг тақдирига норози бўлмаймиз. Мана шу ҳолат инсон қалбига катта хотиржамлик беради.
– Сўнгги савол: инсон қаноатли бўлиши ва шу фазилатга эга бўлиши учун нима қилиши керак?
– Бунинг учун, аввало, шукрни канда қилмаслиги керак. Ўзини ҳадеб бошқалар билан солиштирмаслиги зарур. Чунки ҳар кимнинг тақдири, ризқи ва ҳаёт йўли ҳар хил бўлади.
Ҳалол меҳнат қилиб, исрофдан тийилиши шарт. Инсон кўп нарсага эга бўлиш билан бахтли бўлиб қолмаймиз. Керакли нарса билан кифояланишни ўрганишимиз лозим.
Эҳтиёжманд инсонлар ҳолига қараш керак. Инсон ўзидан камроқ имкониятга эга кишиларни кўрса, ўзининг неъматларини янада чуқурроқ ҳис қилади.
Аллоҳ таоло билан муносабатимизни мустаҳкамлашимиз шарт. Намоз, дуо, Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор инсоннинг қалбини поклайди. Қалби Аллоҳга боғланган инсон дунёвий нарсаларга ҳаддан зиёд боғланиб қолмайди. Ва ўшанда қиноат битмас хазина эканини англаб етади.
Т.НИЗОМ суҳбатлашди.