Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ал-Аздий Сижистоний ҳужжат билан ҳукм қилувчи, ҳуффозларнинг саййиди, ҳадисларни таҳлил этувчи «Китоби Саҳиҳ» деб тан олинган олти муҳаддиснинг биридурлар. Нисбатлари Басра қишлоқларининг бири бўлган Сижистонгадир.
Бу зот 202 ҳижрий сана Басрада таваллуд топдилар. Ҳадисларни тўплашда Ироқ, Хуросон, Шом, Миср, Арабистон Жазираси каби юртлардаги уламолар ҳузурида бўлиб чиқдилар. 221 ҳижрий санада Куфага сафар қилдилар ва ана шу ердаги кишилардан ҳам ҳадисларни эшитиб ривоят қилдилар.
Уламолар бу зотда бўлган сифатларни кўп зикр қилишади. Амр ибн Али Боҳилий: «Имом Абу Довуд дуоси ижобат бўлувчи кишилардан эдилар»-деб айтади. Муҳаммад ибн Саъд Зуҳарий: «Бу зот обид, тақволи, фозил, солиҳ, пок кишилардан эдилар»-деб айтади. Абу Ҳотим ар-Розий: Бу зотдек тазарруъли ва бу кишидек ҳужжати ишончли кишини кўрмаганман» - деган.
Абу Довуднинг «Сунан» китоблари тўғрисида ҳам уламолар ғоятда мақтов фикрлар билдиришган: Закариё Соний айтади: «Қуръон Исломнинг асли, «Сунани Абу Довуд» Исломнинг аҳдидир». Улуғ зотлардан Хаттобий: «Бу китоб иккита саҳиҳ китобдан кўра фақиҳроқ ва ҳадис илмида бунинг сингари китоб тасниф этилмаган» -деб айтади.
Имом Абу Довуд ҳаммаси бўлиб 50000 ҳадис ривоят қилиб, булардан 4800-та саҳиҳ ҳадисни «Сунан» китобларига киритдилар. Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобларига кўплаб шарҳ ва мухтасарлар ёзилди.
Бу зот ҳадисларни Муслим ибн Иброҳим, Сулаймон ибн Харб, Абу Умар Ҳавзий, Абу Валид Тайолисий, Абу Муаммар ал-Муаққад, Абдуллоҳ ибн Маслама ал-Қаънабий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Усмон ибн Шайба, Амр ибн Авн, Ҳишом ибн Аммор Димашқий, Рабийъ ибн Нофиъ Ҳалабий, Аҳмад ибн Солиҳ Мисрий ва бошқа бир нечта жамоат кишилардан эшитдилар.
Имом Абу Довуддан Термизий, Насаий, ўғиллари Абдуллоҳ, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳорун, Али ибн Ҳусайн ибн Абд, Муҳаммад ибн Муҳаммад ад-Даврий, Исмоил ибн Муҳамад Саффор, Аҳмад ибн Салмон Нажжор ва бошқа бир неча кишилар ривоят қилишди.
Имом Абу Довуд ҳижратнинг 275 йили, Шаввол ойининг 16-кунида Басрада вафот этдилар.
Ҳадисшунослик илмида улуғ даражага кўтарилган аждодларимиз мероси ислом оламида ҳамиша қадрли саналади. Ал-Бухорий, Имом Муслим, Исо ат-Термизий ва шу каби бошқа илм аҳлларининг маънавий ва мантиқий қарашлари замонлар ошса-да, янги-янги тадқиқотларга асос бўлиб келмоқда. Шулар ичидан “Ҳадис илмида амир ал-мўминийн” деган шарафли номга сазовор бўлган Имом ал-Бухорий алоҳида эътиборга молик олимдир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида буюк муҳаддис бобомизнинг мажмуаси у кишининг ислом оламида тутган юксак мавқеи, салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Дарҳақиқат, мазкур мажмуа чин маънода нафақат Самарқанднинг, балки янги Ўзбекистоннинг дурдонаси бўлиб қад ростлади.
– Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга, – деди Имом Бухорий мажмуаси директори Шаҳобиддин Арзиқулов. – Майдони 45 гектарни ташкил этувчи мажмуада 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурият биноси, 154 устунли, миллий услубдаги муҳташам айвон қурилди. Шунингдек, тўрт юлдузли, уч юлдузли меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳ барпо этилди. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.
Мажмуа таркибида энг илғор ахборот технологиялари асосида 9 павильондан иборат ноёб инновацион музей барпо этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади.
Дарҳақиқат, ислом тарихини, маърифатини юртимиздан етишиб чиққан буюк олиму уламоларнинг номларисиз тасаввур этиб бўлмайди.
– Ҳадис илми ҳақида гап кетса, аввало заминимиздан етишиб чиққан уламолар мероси ёдимизга келади, – деди Имом Бухорий жоме масжиди имом ноиби Муҳаммадшокир Насриддинов. – Ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли илм-фанларни зўр қизиқиш билан эгаллаган Имом Бухорий ҳазратлари ўн ёшидан бошлаб ўз юртидаги турли ривоятчилардан эшитган ҳадисларни, шунингдек, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ва Вакий каби олимларнинг ҳадис тўпламларини мутолаа қилиб, ёдлаган, устози Шайх Доҳилий билан ҳадис ривоятчилари ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашган. 825 йили ўн олти яшар ал-Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Ҳижозга йўл олади. Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, ўз билимини янада ошириш мақсадида ўша пайтда илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларда яшайди. Ҳадис билан бир қаторда фиқҳ илмидан ҳам таълим олади, йирик олимлар даврасида илмий баҳслару мунозараларда қатнашади ва дарс ҳам беради. Имом ал-Бухорий ҳаётининг кўп қисми хорижий элларда, мусофирчиликда ўтади.
У зотнинг “Саҳиҳи Бухорий” китоби дунёда тан олинган энг мўътабар олтита ҳадис китобининг биридир. Аллома бобомиз 20 дан ортиқ асар ёзганлар. Улар то ҳануз дину диёнатимизни мустаҳкамлаш йўлида ислом умматига хизмат қилиб келмоқда. Имом Бухорий маънавий мероси эътиқодда улкан маънони акс эттиради. Ул зотнинг буюк изланишлари, билими, камолоти зиёратчилар, жумладан, ёшлар учун намуна бўлиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бу даргоҳни зиёрат қилиб, унинг маънавий муҳитидан баҳраманд бўлган инсон, айниқса, ёшлар ислом динининг асл маъносини англаб етади, тўғри йўлдан адашмайди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқуб МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА