1. ««Бақара» Қуръоннинг чўққисидир, унинг ҳар бир ояти билан саксонта фаришта тушган. «Бақара» сурасининг 255-ояти
اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ
Арш остидан чиқарилиб, «Бақара»га қўшилган». (Имом Аҳмад «Муснад»ларида Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.)
2. «Ким еттита узун сураларни ёдласа, у олимдир».(Имом Аҳмад ва имом Ҳокимнинг «Муснад»ларида Оиша онамиздан ривоят қилинган)
3. Язийд ибн Асвад айтади: «Кимки «Бақара» ва «Оли Имрон» сураларини кундузи ўқиса, то кечгача мунофиқликдан омон бўлади, ким у иккисини кечаси ўқиса, тонг отгунча мунофиқликдан омон бўлади». (Саъийд ибн Мансур, Байҳақий ва Абу Убайд ривоят қилганлар.)
4. «Ким «Оли Имрон» сурасини ўқиса, у бойдир». (Доримий ва Абу Убайд ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.)
5. «Киши кечанинг охирида ўқийдиган «Оли Имрон» сураси камбағалнинг қандай ҳам яхши хазинасидир». (Доримий, Абу Убайд ва Байҳақий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолатда ривоят қилганлар.)
6. «Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни соҳибларига шафоатчи бўлиб келади. «Заҳровайн» (икки гул) – «Бақара» ва «Оли Имрон»ни ўқинглар, чунки у иккиси қиёмат куни гўё икки булутдек, ёки икки соябондек, ёки сафланган қушларнинг икки бўлагидек бўлиб, соҳиблари ҳақида ҳужжат талашади (бу шафоат қилинишининг муболағали ифодасидир). «Бақара» сурасини ўқинглар, чунки уни олиш барака, тарк қилиш эса надоматдир, унга сеҳргарлар қодир бўлмайди (яни ўқувчисига зарар етказишга қодир бўлмайди)». (Имом Муслим, имом Термизий ва бошқалар Абу Умома Боҳилийдан марфуъ ҳолатда ривоят қилганлар.)
7. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам элчиларни жўнатдилар, улар бир неча нафар эдилар. Улардан Қуръон ўқишларини сўрадилар, улардан ҳар бир киши ўзи ёдлаган Қуръонини ўқиди, навбат ёши улуғларидан бўлган бир кишига келди. «Қанча Қуръон ёдлагансан, эй Фалончи?» дедилар. У: «Фалон, фалон ва «Бақара» сурасини ёдлаганман», деди. «Бақара сурасини ёдлаганмисан?» дедилар.У:«Ҳа», деди. «Бор, сен уларнинг амирисан», дедилар.Улуғларидан бўлган бир киши: «Аллоҳга қасамки,«Бақара» сурасини (таҳажжуд намозида) у билан қоим бўла олмай қолишимдан қўрққаним учунгина ўрганмадим, эй Аллоҳнинг Расули», деди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Қуръонни ўрганинглар, уни ўқинглар ва ўқитинглар.Чунки уни ўрганган, ўқиган ва у билан қоим бўлганучун Қуръон мисоли мушк тўлдирилган қопдир.Ҳидини ҳамма жойга таратади(яни қорининг кўкси қоп каби, ундаги Қуръон мушк кабидир.Агар Қуръонни ўқиса, унинг барокати ундан уйига ва эшитувчиларга етади). Ва Қуръонни ўрганиб, у қалбида бўлган ҳолатда ётган одамнинг мисоли мушк солиниб, оғзи ёпиб қўйилган қопга ўхшайди». (Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган)
8. «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Кеча Собит ибн Қайс ибн Шумоснинг уйи чироқлар билан ярқираб турганини кўрмадингизми?» дейилган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Балки у «Бақара» сурасини ўқигандир», дедилар. Собитдан сўралган эди, ««Бақара» сурасини ўқидим», деди». (Ибн Касир ва бошқаларнинг «Тафсир»ларида келганидек, Абу Довуд мурсал йўл билан ривоят қилганлар.)
9. Абу Мунибдан, у амакисидан ривоят қилади: «Бир киши «Бақара» ва «Оли Имрон»ни ўқиди. Намозини тугатганидан кейин Каъб унга: ««Бақара» ва «Оли Имрон»ни ўқидингми?» деди. У: «Ҳа», деди. Каъб: «Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, у иккаласида агар у билан дуо қилинса, ижобат бўладиган Аллоҳнинг исми бор», деди. У киши: «Менга унинг хабарини беринг», деди. Каъб: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, сенга унинг хабарини бермайман. Агар хабарини берсам, у билан мен ҳам, сен ҳам ҳалок бўладиган бир дуони қилишинг мумкин», деди. (Абу Убайд, «Фазоилул Қуръон», 126-бет)
10. Сулайм ибн Омирдан ривоят қилинади: «У Абу Умоманинг «Биродарингизга тушида тоғдаги узун, нотекис ёриқ оралиғида инсонларнинг кетаётгани, тоғнинг тепасида иккита яшил дарахт: «Орангизда «Бақара» сурасини ўқиган борми? Орангизда «Оли Имрон» сурасини ўқиган борми?» деб нидо қилаётгани, агар бир киши «Ҳа», деса, то осилгунича унга яшил шохлари билан яқинлашиб, уни тоғдан ўтказиб қўяётгани кўринди», деяётганини эшитди. (Абу Убайд, «Фазоилул Қуръон», 126-бет)
11. Абу Имрондан ривоят қилинади. У Умму Дардонинг шундай деяётганини эшитди: «Қуръон ёдлаганлардан бўлган бир киши қўшнисиникига бостириб кириб, уни ўлдирди. Қасос олиниб, ўзи ҳам ўлдирилди. Қуръон ундан сурама-сура чиқиб кета бошлади, «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари тўлалигича қолди. Сўнгра «Оли Имрон» ундан чиқиб кетди ва «Бақара» сурасининг ўзи тўлалигича қолди. Унга:
مَا يُبَدَّلُ الْقَوْلُ لَدَيَّ وَمَا أَنَا بِظَلَّامٍ لِلْعَبِيدِ
«Менинг ҳузуримда сўз ўзгармас ва Мен бандаларга зулм қилувчи эмасман» (Қоф сураси 29-оят) дейилди. У («Бақара» сураси) гўё улкан булутдек бўлиб чиқиб кетди».
Абу Убайд айтади: «Ўйлайманки, «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари уни муҳофаза қилиб ва унга улфат бўлиб, қабрида бирга бўлди. Ва иккаласи у билан қолган Қуръон сураларидан охиргиси бўлди». (Абу Убайд, «Фазоилул Қуръон», 127-бет)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ