1. Тавба Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор этади. “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).
2. Нажот топишига сабаб бўлади.
“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31-оят).
3. Банданинг амаллари қабул бўлиши ва гуноҳлари афв этилишига сабаб бўлади.
“Унинг Ўзи бандаларидан тавбани қабул қилур, гуноҳларини афв этур ва нима қилаётганингизни билур” (Шўро сураси, 25-оят).
4. Жаннатга кириш ва дўзахдан нажот топишга сабаб бўлади.
“Ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар” (Марям сураси, 60-оят).
5. Мағфират ва раҳматга сазовор этади.
“Гуноҳ ишларни қилганлар, ундан кейин тавба қилсалар ва иймон келтирсалар, албатта, Раббинг ундан сўнг мағфират қилгувчи ва меҳрибон Зотдир” (Аъроф сураси, 153-оят).
6. Гуноҳлар савобларга алмаштирилади.
“Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб)да хор бўлиб абадий қолур. Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир” (Фурқон сураси, 68–70-оятлар).
7. Барча яхшиликларга сазовор этади.
“Бас, агар тавба қилсангиз, у ўзингиз учун яхшидир” (Тавба сураси, 3-оят).
8. Иймон ва буюк ажрга эга бўлади.
“Магар тавба қилиб, солиҳ амаллар қилган, Аллоҳни маҳкам ушлаган ва Аллоҳ учун динга ихлос қўйганлар – ана ўшалар мўминлар ила биргадирлар. Аллоҳ, албатта, мўминларга улуғ ажр берур” (Нисо сураси, 146-оят).
9. Баракалар нозил бўлиши ва куч-қувватнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.
“Эй қавмим, Раббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади ва қувватингизга қувватни зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг” (Ҳуд сураси, 53-оят).
10. Тавба қилганлар ҳаққига фаришталар дуо қилади.
«Аршни кўтариб турадиганлар ва унинг атрофидагилар Раббларига ҳамд ила тасбеҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар ва иймон келтирганларга мағфират сўраб: “Эй Раббимиз, раҳматинг ва илминг ила ҳар бир нарсани қуршагансан, бас, тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин”» (Ғофир сураси, 7-оят).
11. Аллоҳнинг иродасини амалга ошириш.
“Аллоҳ сизнинг тавбангизни қабул қилишни хоҳлайдир” (Нисо сураси, 27-оят).
12. Аллоҳ таоло бандасининг тавбасидан суюнади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: “Аллоҳ таоло бандаси тавба қилганда жуда қаттиқ хурсанд бўлади. Агар бирортангиз саҳрога улови билан чиқиб адашиб қолса, устига озиқаси ва суви ортилган улови қочиб кетса, уни кетидан ахтариб топа олмагач, умидсизликдан бир дарахтнинг остига келиб ўтирса ва уйқуга кетса, сўнгра кўзини очганда устига озиқаси ва суви ортилган уловини турганини кўрса, хурсанд бўлганидан қичқириб юборади” (Имом Муслим ривояти).
Демак, банда тавба қилганида Аллоҳ таоло бундан-да қаттиқроқ суюнади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси