Икки йўлдан одатда чиқадиган бавл, ахлат, ел, мазий, вадий, маний ҳамда ноодатий чиқадиган қурт, тош, озгина қон сингари нарсалар таҳоратни бузувчи эканлигида жумҳур уламолар иттифоқ қилишган. Фақатгина Имом Молик роҳимаҳуллоҳ одатдан ташқари ҳолда икки йўлдан чиқадиган қурт, тош, истиҳоза қони ва доимий сийдик томим туриши, ич кетиши, тинмай ел келиб туриши сингари нарсалар таҳоратни бузувчиларга кирмаслигини айтганлар.
Икки йўлдан бошқа жойдан чиққан нарсалар борасида эса мазҳаббошилар ўртасида ҳам ихтилофлар мавжуд.
Ҳанафий мазҳабига кўра икки йўлдан бошқа жойдан чиққан нарса нажосат бўлса ва у тананинг покланиши лозим бўладиган қисмига оқиб ўтса таҳорат бузилади. Буларга қон, йиринг кабилар киради. Бундай нажосатлар таҳоратни бузиши учун оқувчи бўлиши даркор.
Оқувчи бўлиш шарти жароҳат доирасидан ташқарига оқиб чиқадиган бўлишлигидир. Кўздан ва жароҳатдан чиққан қон кўз ва жароҳат доирасидан чиқмаса таҳорат бузилмайди.
Мазҳабимизга кўра оқувчи қон таҳоратни бузувчи саналади. Бошқа мазҳабларда ва айрим тоифаларда эса икки йўлдан бошқа ўриндан чиққан қон таҳоратни бузмаслигини айтишади. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ “кўп қон чиқса таҳоратни бузади”, деганлар.
Келинг, мазҳабимизни қўллаб қувватловчи далиллардан баъзиларини келтириб ўтайлик:
1) Росуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
الوضوء من كل دم سائل
яъни, “Ҳар бир оқувчи қондан таҳорат қилиш бор”, деганлар (Дороқутний ривояти, 581).
2) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таҳорат етти нарсадан қайта қилинади”, деганлар. Оғиз тўла қайт қилишни, оқувчи қонни, қаҳқаҳа отиб кулишни (намозда) ва ухлашни улар жумласидан санаб ўтганлар (Байҳақий ривояти).
3) Оиша онамиз розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда онамиз айтадилар: “Фотима бинту Абу Ҳубайш Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг росули мен истиҳоза қони кўраман. Ҳеч пок бўлмайман. Намоз ўқишни тарк қилиб турайинми?”, деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: “Йўқ, бу нарса ҳайз эмас, фақатгина томирдан келувчи қондир. Қачон одатда ҳайз кўрадиган кунларинг келса, намоз ўқимай турасан. У кунлар тугаса ўзингдан қонни ювиб ташлаб, (ғусл қилгач) ҳар бир намоз (вақти) учун алоҳида таҳорат оласан ”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим).
Бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳ васаллам таҳорат қилишни вожиб қилувчи иллатни баён қилиб берганлар. У эса аёлдан чиққан қон томирдан чиқувчи қон эканлигидир. Томирдан чиқувчи деб ифодаланиши икки йўлдан чиқувчи қонни ҳам икки йўлдан бошқа ўриндан чиқувчи қонни ҳам ўз ичига қамраб олади. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳ васаллам Фотима бинту Абу Ҳубайшга ҳар бир намоз учун таҳорат қилишга буюрдилар.
Шу ва шунга ўхшаш далиллар ҳамда ибодат масалаларида эҳтиётини олиш афзаллиги сабабли мазҳаббошиларимиз икки йўлдан бошқа ўриндан чиқувчи қон покланиши лозим бўлган жойга оқиб ўтса таҳоратни бузишлигига ҳукм қилганлар. Бошқа ўринга оқишлиги чиқувчи қон кўплиги маъносидадир. Зеро, укол қилишда шприцга қон тортилса, покланиши лозим бўлган жойга оқмасада таҳорат бузилади. Чунки тортилган қон оқувчи ҳукмига ўтади.
Аъзамжон Саминов,
“Ҳидоя” мадрасаси мударриси
(ваҳийнинг таърифи ва турлари)
Ҳадис Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳий ҳамда динда эргашилиши вожиб бўлган ҳужжат ҳисобланади. Бу хусусда Набий алайҳиссалом: “Менга Қуръон билан бирга унинг мислича (илм ва ҳикмат) берилди”, деб айтганлар. Шу боис суннатга саҳобалар давридан буён бутун уммат ижмо қилган (келишиб қабул этган) бўлиб, бирор олим унга на қарши чиққан ва на шубҳа қилган.
Бироқ кейинги асрларда бу масала бўйича шубҳа-гумонлар уйғотувчи турли гуруҳлар ва шахслар пайдо бўлди. Улар суннатни ваҳий санамай, унинг исломий қонунчилик манбаи эмаслигини даъво қилади. Бундай тоифа вакилларининг фикрича, гўё Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан бошқа ҳеч нарса нозил қилмаган.
Шундай бузуқ қараш эгалари бугун ҳам йўқ эмас. Демак, одамлар онгини уларнинг фитнакор фикрларидан ҳимоя қилиш, ботил даъволарнинг таги пуч экани кўрсатиб бериш бугун ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Хусусан, бу масалага бағишланган аввалги мақолада ҳадислар ҳам Куръони карим сингари Аллоҳнинг муҳофазасида экани нақлий ва ақлий далиллар орқали баён қилинган эди (https://muslim.uz/oz/e/post/47287-hadislar-ham-alloh-muhofazasidadir). Бундан келиб чиқадики, ҳадис ваҳийга асосланмаганда эди, уни охирзамонга қадар илоҳий ҳимояга олишга зарурат бўлмасди.
Ушбу мақолада ваҳийнинг таърифи ва турларига тўхталишга қарор қилдик. Бу сафар пайғамбарлик Китоб нозил бўлиши билан эмас, балки Аллоҳ танлаган бандасига ваҳий келиши билан амалга ошишини баён қиламиз. Шу асосда ваҳийнинг қироат қилинадиган (Қуръон) ва қироат қилинмайдиган (ҳадис) турларини шарҳлаб ўтамиз.
“Ваҳий” сўзи “махфий ва тезкор хабар бериш”, “ишора қилиш” ёки “илҳом бериш” маъноларини англатади. Пайғамбарлар ва валий зотлар ҳақидаги оятларда ишлатилган “ваҳий” сўзининг аксари шу икки маънога таянади.
Роғиб Исфаҳоний ўзининг “Муфрадот” асарида бундай дейди: “Ваҳийнинг асли (маъноси) “тезкор ишора” демакдир. Бу рамз ё ишора кўринишидаги сўз, бирор товуш, тана аъзолари ҳаракати ва ёки ёзув орқали содир бўлиши мумкин. Аллоҳ таолонинг набийлари ва валийларига йўллаган каломи ҳам ваҳий дейилади”. Шўро сурасининг 51-оятига кўра, ушбу жараён бир неча турга бўлинади: “Инсон билан Аллоҳ (бевосита) сўзлашиши жоиз эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Албатта, У (шаъни) олий ва ҳикмат соҳибидир”.
Демак, ваҳий расул ё набийга қуйидаги кўринишларда нозил бўлади.
Кўринадиган элчи орқали. Бунга Жаброил алайҳиссалом муайян суратда келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзларини эшиттириши мисол бўлади.
Бевосита сўзлашиш. Мусо алайҳиссалом каби сўзловчини кўрмай турган ҳолда, айтганларини тинглаш.
Қалбга солиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Руҳул қудс (Жаброил алайҳиссалом) қалбимга солди”, деганларидек.
Илҳом. Мусо алайҳиссаломнинг онасига эмизиш буюрилгани каби.
Туш орқали. Набий алайҳиссалом: “Ваҳий узилди, фақат башорат қолди. У – мўминнинг туши”, деб марҳамат қилганлар
Роғиб Исфаҳонийнинг сўзларига кўра, “ваҳий” илҳом ва тушни, “парда ортидан” ибораси сўзловчи кўрмасдан эшитишни, “элчи юбориб” эса Жаброил алайҳиссаломнинг муайян бир суратда келишини англатади. “Аллоҳнинг набийларга йўллаган каломи ваҳийдир” деган гапдан маълум бўладики, “ваҳий” сўзи ҳам хабар бериш жараёнига, ҳам юборилган хабарнинг ўзига нисбатан ишлатилади. Шундан келиб чиқиб, айрим олимлар ваҳийни бундай таърифлаган: “У – хоҳ бевосита, хоҳ билвосита бўлсин – айнан Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканлиги қатъий собит бўлган маърифатдир”.
Уламолар ваҳийнинг қирқдан ортиқ кўринишини санаб ўтишган бўлса-да, уларнинг барчаси Аллоҳ таоло Қуръони каримда белгилаган қуйидаги тўрт асосий шаклга бориб тақалади:
1. Жаброил алайҳиссаломнинг ўз аслий қиёфасида кўриниши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолатга икки марта дуч келганлар – бир марта Ерда, бир марта осмонда кўрганлар. Бу ҳақда Нажм сурасида баён қилинган.
2. Жаброил алайҳиссаломнинг инсон қиёфасида келиши. Уни бошқа одамлар ҳам кўрган. Кўпинча Диҳя Калбий розияллоҳу анҳу суратида, баъзан нотаниш аъробий кўринишида намоён бўлган.
3. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ваҳийни жойлаши.
4. Жаброил алайҳиссаломнинг одамларга кўринмай тушиши. Бу ваҳийнинг энг кўп учрайдиган тури бўлиб, бунда атрофдагилар фариштани кўрмаган, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги оғир ўзгаришлар сезган. У зот қаттиқ уйқуга кетгандек ҳолатга тушиб, ҳатто совуқ кунлари ҳам пешоналаридан тер чиқиб кетарди. Ўз сўзларига кўра, бундай ҳолат олдидан қўнғироқ овозига ўхшаш товуш эшитилган. Саҳобалар бу товушни асалариларнинг ғунғуллашига ўхшатган.
Қуръони каримнинг тўлалигича Жаброил алайҳиссалом воситасида нозил бўлган. Бунга Шуаро сурасининг 192-194-оятлари далил бўлади: “Албатта, (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад!) уни сиз (охират азобидан) огоҳлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга Руҳул-амин (Жаброил) нозил қилди”.
Ваҳий Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига йўллаган илоҳий хабари бўлиб, турли кўринишларда нозил қилинган. “Жаброил менга қўшни ҳақида шунчалар кўп насиҳат қилдики, “уни меросхўрлардан қилиб қўймаса эди” деб ўйлаб қолдим” ҳадисидан ҳам билиш мумкинки, Суннат шунчаки инсоннинг фикри эмас, Парвардигорнинг Ўз элчиси орқали қилган хитобидир, негаки, фаришталар фақат буйруқни ижро этади, ўз-ўзидан бирор ишга қўл урмайди. Қудсий ҳадислар ҳам бунга тасдиқ бўлади. Шундан келиб чиқадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳам Қуръони карим каби ваҳийга асослангани боис мусулмонлар учун ҳидоят ва шариат манбаи ҳисобланади.
Мазкур далиллар шуни кўрсатадики, исломни фақат Қуръон билан чеклаб, Суннатни инкор қилиш на илмий ва на шаръий асосга эга. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳий нафақат қироат қилинадиган Қуръон, балки умматга динни тушунтириб берувчи Суннат орқали ҳам етказилган. Шу сабабли ҳар бир мусулмон киши Қуръон ва Суннатни ҳидоятнинг бир бутун манбаи сифатида қабул қилиши лозим.
Нурмуҳаммад Маткаримов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 14 майдаги 4224 -сонли хулосаси асосида тайёрланди