Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Янгиликлар

Ҳамдардлик

7.08.2024   3522   1 min.
Ҳамдардлик

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Шимолий Кавказ мусулмонларининг мувофиқлаштирувчи маркази раиси Исмоил Бердиевнинг вафоти муносабати билан Шимолий Кавказнинг барча мусулмонларига, раҳматли уламонинг оила аъзолари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.  

Шимолий Кавказдаги мўмин-мусулмон биродарларимизнинг ушбу улкан қайғу ва йўқотишларига шерик бўлган ҳолда, Аллоҳ таолодан уларга сабр-бардош тилаймиз. Зеро, Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…”, дейилган (Бақара сураси, 156-оят)

Яратган парвардигор таниқли уламо Исмоил Бердиевнинг Ислом дини равнақи йўлида олиб борган саъй ҳаракатлари, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматларини ҳусни қабул айлаб, улкан ажру савоблар ато этсин. 

Маълумот ўрнида Исмоил ҳожи Бердиев 1954 йили Қозоғистон Республикасининг Сайрам вилоятида таваллуд топган. У киши 1982–1988 йилларда Бухородаги Мир Араб мадрасасини, 1988–1992 йилларда Тошкент ислом институтини ва Миср Араб Республикасининг ал-Азҳар университетини тамомлаган.

 1989 йилда Ставропол ўлкаси мусулмонлари қозиёти раиси этиб сайланган. 1991 йилда Карачай-Черкес Республикаси ва Ставропол ўлкаси мусулмонлари диний бошқармаси раиси бўлган. 2010 йилдан Карачай-Черкес Республикаси мусулмонлари диний бошқармаси раиси бўлиб ишлаган.

 2004 йилдан умрининг охиригача Россия Президенти ҳузуридаги диний бирлашмалар билан ҳамкорлик масалалари бўйича кенгаш аъзоси бўлган.

Ҳақ таоло марҳум олимнинг сафдошлари, шогирдлари, яқинлари, аҳли оиласи, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум уламони ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ким УСТОЗ?

2.10.2024   729   24 min.
Ким УСТОЗ?

Ким УСТОЗ?

Аллоҳ  Таоло оламларни  бунёд этгандан cўнг унга сарвар қилиб Инсонни – Ҳазрати Одам Ато алайҳиссаломни яратди. Одам Ато қовурғасидан Момо Ҳавони яратиб, улардан фарзандларини кўпайтирди.

Ривоят этилишича, одамзотнинг кўнглига 3 нарса урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан. 

Биринчиси эр учун – аёл, аёл учун – эр. Чунки аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби, аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан.

Инсон кўнглига урмайдиган иккинчи нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан.  Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам, Одам Ато ва Момо Ҳаво  илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат килиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён.

Башарият фарзанди учун учинчи улуғ  нарса бу китоб экан. Зеро Қуръондаги дастлабки оят «Иқра!» («Ўқинг!») эканлиги, улуғ Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказганлари, мусулмонлар дилига сингдирганлари маълумдир.

Китобнинг Муқаддаслиги яна шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар, қандай сўзлаш, қандай яшаш зарурлигини, имон-эътиқодни асрашни биладилар.

Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи – Инсон, унинг ризқ-рўзи – Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.

Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавияти бўлмиш миллий ва диний қадриятларимиз эса буларнинг   ҳаммаси – ахлоқий, ақлий ва жисмоний мактаб эканлиги олтиндан қиммат, бебаҳо ва абадий қадриятларимиз, енгилмас кучимиздир!

 

Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан,  демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга  қаратилган таълим-тарбия»«маориф» деган маъноларни англатади.

Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат ИЛМ мавзусига доир масалалардан иборатдир.

 

Ислом дини пайдо бўлишини Яратганимиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали Арабистон ярим ороллигини ирода этган бўлса, ушбу Муқаддас, пок Ислом динимизни илму-фан, маърифат ила ривожланишини Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Бурҳониддин Марғиноний, Имом Баҳоуддин Нақшбандий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Маҳмуд Замахшарийлардек буюк алломалар орқали бизнинг жаннатмакон юртимизни (!) Ўз илоҳий ҳикмати  ила ихтиёр этди.

Яхшилик ва эзгулик, бағрикенглик ва тинчлик, яқинлари ва бегоналарига бирдек марҳаматли бўлиш, қон тўкмасликка чақирувчи, нафс васвасасига учмаслик, ота-онага улар ҳаёт эканларида меҳрибон ва сахийлик ила муносабатда бўлиш, дунёдан ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга, ватанни севишга даъват қилувчи муқаддас динимиз, айниқса мустақиллик йилларида ўз қадрини ҳамда ўзининг азалий вазифаси – эзгу мақсадларга чин маънода хизмат қилиш имкониятини топди.

Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси  бешикларидан бири бўлганини халқаро  жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда... Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига  айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, Ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг ҳизматлари беқиёс экани бизга улкан  ғурур ва ифтихор бағишлайди.

 

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони Каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:

1) ота;

2) она;

3) устоз (манфаатли илм ё касб-ҳунар ўргатган инсон);

4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);

5) Қуръони Каримдан хабардор киши;

6) мўйсафид одам;

7) адолатли раҳбар.

 

Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган ҳатто мақоллари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни ҳурматлашга тарғиб этади.

Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс.

Бизнинг доно халқимиз

è «Устоз – отангдек  улуғ»,

 

è «Уста борида қўлингни тий,

Устоз борида – тилингни»,

 

è «Уста бўлсанг, устозингни унутма!»,

 

è «Устозингга тик қарасангтўзасан,

Ҳурмат қилсангаста-аста ўзасан»,

деб бежизга айтмаган.

 

Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг ЭНГ Биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса,

“Аллоҳ Одам (алайҳис салом)га барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди”  (Қуръони Карим Бақара сураси 2/31 оят),

мусулмонларнинг инсонлар ичида ЭНГ Буюк Устози – ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР !

Ҳар бир инсон зоти учун эса ЭНГ Биринчи Устози – унинг ОТА-ОНАСИДИР ! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ, то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...

Шунинг учун ҳам ўзининг қадр-қимматини билган, ўзининг кимлигини тушуниб етган ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.   

Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар...

Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига серқиррали эътиборимизни беришимизда қуйидаги пурмаъноли, сермазмунли тарафини ҳам эътиборга олишимизни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.

Каломуллоҳ Қуръони Каримнинг ояти муборакларига ва Жаноби Пайғамбаримизнинг муборак ҳадиси шарифларига биноан «устоз»нинг мақомини мутафаккирларнинг мутафаккири Миралишер Навоий ҳазратлари қуйидагича тавсифлаганлар:

“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

Айламоқ керак онинг ҳаққин юз минг ганж ила”.

 

Шунчалик улуғ (!) даражага устознинг мавқеи кўтарилган.

“Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз УСТОЗ деб тушунишимиз лозим!

Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «Устоз» деб улуғлайди.

Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий

Сайр айламакни қилди ихтиёр.

Мулозимлар ила чиқдилар йўлга

Ва кичик болага келдилар дучор.

Ўшанда Навоий  отидан тушиб,

Ўша ёш болага қилибди таъзим.

Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол 

Бундай учрашувдан қолибдилар жим.

Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,

Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?

Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,

Салом бериши душвор!»

Навоий дебдики: “Мен кўрган бола

Устозим  боланинг бобоси эди.

Олисларда қолиб кетган дамларнинг

Узоқлардан келган садоси эди…

Устозим мен учун отадан улуғ!

Шунингчун болага қилдим мен таъзим.

Устозимдан қолган неварасига

Салом бермаслигим  гуноҳу азим!

Доно халқимиз ўз мақолларида ҳам “Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон домла Иномов

 

Мақолалар