Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448
Мақолалар

Қизларни ”овлайдиган“ бузғунчилар бор...

21.08.2024   7886   3 min.
Қизларни ”овлайдиган“ бузғунчилар бор...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида саҳобалар у зотга мурожаат қилар ва билмаганларини сўраб олар эдилар.

У зотдан кейин кичик саҳобалар катта саҳобаларга мурожаат қилар ва билмаганларини сўраб олар эдилар. Улар ораларида ихтилоф содир бўлганда катта саҳобалар томонидан масалага ечим бериларди.

Тобеин ва табаа тобеинларда, яъни саҳобалардан кейинги даврларда Ислом аҳли етук уламоларга мурожаат қилар, билмаганларини улардан сўрашарди. Урва ибн Зубайр, Саид ибн Мусаййаб, Ато ибн Абу Рабоҳ, Муҳаммад ибн Сийрин, Ҳасан Басрий, Суфён Саврий, Абу Ҳанифа, Молик ибн Анас кабилар шулар жумласидан.

Демак, бугун ҳам бирор масалада ихтилоф пайдо бўлса, албатта, аҳли илмлар, юртимиз уламоларидан сўраш лозим. Аммо айрим ёшлар етук уламоларга эмас, балки устоз даражасига ҳам етмаган ёки илм ўқиса ҳам, ақидаси ўнг­ланмаган кимсаларга мурожаат этиб, алданиб қолишяпти.

Хавотирлиси, баъзи ғўр хотин-қизлар ҳам ўз юртларида асрлар давомида амал қилиб келинган мазҳаб­ларни тарк этиб, мутаассиблик билан хориждаги “Содиқ Самарқандий”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Юсуф Даврон”, “Аҳлиддин Новқатий”, “Маҳмуд Абдулмўмин”, “Абу Муовия”, “Абу Салоҳ” каби номлар остига яширинган сохта даъватчиларга ишониб, ўз эътиқоди, жони, моли ва шаънини хатарга қўймоқдалар.

Бу нобакор кимсалар турли услублар билан аёлларни ҳам ўз домига тортишмоқда. Уларнинг аёллардан бўлган малайлари ҳам қизларни “овлашда” уста бўлиб кетишган. Ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтлари орқали дастлаб “Муаллими соний”дан дарс берамиз, деб қизларнинг ишончига киргач, ўзларининг рисолаларини ўқита бошлайдилар. Улар ғўр қизларни тузоққа илдиришда тап тортмай ёлғон гапиради, ғийбат-бўҳтонни қалаштиради, ҳатто сеҳр-жоду каби куфр амалларни қилишдан ҳам тоймайди. Ҳолбуки, “жиҳод” қиламан, деб хорижга боргач, бу қизларнинг аҳволи қандай аянчли бўлишини жуда яхши билишади.

Шундай экан, фарзанд тарбиясига, уларнинг юриш-туришига бефарқ бўлмайлик. Ким фарзандида салбий ўзгаришни сезса, шубҳали шахсларнинг маърузаларини тинглаётганига гувоҳ бўлса, фурсат борида расмий имом-домлалар олдига олиб бориб, ёш авлодга оқу қорани танитсин.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Раб­би раҳматидан умид­вор бўлган одамга тенгми?! Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар» (Зумар сураси, 9-оят).

Аллоҳ таоло илм аҳлларини улуғлаб, даражаларини юксалтириб, билмаганларимизни биладиган олимлардан сўрашга буюрган.

Ихтилоф қилиш динимизга зарар келтиради, фитна уйғотади, бизни заифлаштиради, қалбларимизни хира қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Агар ихтилофларни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти). 

Дарҳақиқат, тўрт мазҳаб эгалари, аҳли сунна вал жамоа йўлидагилар жуда кўпчиликни ташкил этади. Демак, биз кўпчилик томонидамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватларига биноан тўғри йўлда бардавом бўлишни Яратган Раббимиз барчага насиб этсин! 

Жобир ЭЛОВ,

Бухоро вилояти
бош имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

10.08.2026   12826   1 min.
 ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

Сайёр йиғилиш

Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.

Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари