Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қўлингиздаги ёки тўплаб қўйган мол-дунёингиз ҳақиқий бойлик эмасдир. Балки, ҳақиқий бойлик бу – вақтдир. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Эй Одам боласи, сен кунлардан иборатсан. Бир кун ўтса, сенинг бир бўлагинг кетади”.
Вақтнинг қадри баландлигидан Аллоҳ таоло Қуръони каримда вақт билан қасам ичган: “Туннинг қоплаб келаётган пайти билан қасам. Наҳорнинг тажалли пайти билан қасам” (Лайл сураси, 1-2-оятлар).
Қиёмат куни ҳам банда аввало умрини нималарга сарфлагани ҳақида сўралади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда “Киши Қиёмат куни умрини нима билан ўтказгани..... ҳақида ҳисоб-китоб қилинмагунча икки қадами жилмайди”, дейилади.
Агар Аллоҳ таоло бир бандасига яхшиликни ирода қилса унга вақтни ёрдамчи қилиб қўяди. Аммо Аллоҳ бир бандасидан юз ўгирса, уни фойдасиз ишлар билан машғул қилиб қўяди.
Ўтган солиҳлар вақтга жуда ҳарис бўлардилар. Масалан, Довуд Тоий раҳимаҳуллоҳ нон бўлакларини ивитиб қўярдилар ва: “Ивитилган бўлакни оғизга солиш билан нон ейиш орасида эллик оят ўқиш фарқи бор”, деб айтардилар.
Шогирд айтади: “Устозим ҳатто бемор бўлсалар ҳам бошларининг тепасига китоб қўйиб олардилар. Соғлиқлари бироз яхшиланиши билан уни олиб ўқирдилар. Агар соғлиқлари кўтармаса, китобни яна қайтариб жойига қўярдилар”.
Илм йўлидаги талаба асло дангасалик қилмаслиги, дарсларни “бироздан кейин ўқийман”, “ёдлайман” деб ортга сурмаслиги керак. Чунки ҳар бир кечиктириш катта йўқотишларга сабаб бўлади. Шунинг учун талаба вақтни ғанимат билиши, бекорчи-бефойда ишлардан ва гап-сўзлардан узоқ бўлиши лозим. Вақтни қадрига етмайдиган ношукрлардан бўлишдан сақланиш даркор. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўплари уларни бой бериб қўядилар – (улар) саломатлик ва бўш вақтдир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Баъзан айб ўзимиздан ўтса-да, кечирим сўрашга шошилмаймиз. Хўш, бизни боримизча суйган, ардоқлаган инсонлар билан арзимас майда-чуйдалар, жиловланмаган ҳиссиётлар ва сохта ғурур туфайли деворлар қураётганимизда, аслида ким ғолиб бўлади?..
Ҳаёт бизга узоқ бир сафардек туюлади, аммо у аслида жуда қисқа. Бугун кимгадир заҳрингизни сочаётган, жаҳл отига минаётган бўлсангиз, бир лаҳза тўхтанг... Эртага ўша инсонни бағрингизга босиш, овозини эшитиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлиб қолишингиз мумкинлигини ўйлаб кўринг.
Вақт — шафқатсиз ҳакам. Йиллар биз ўйлагандан ҳам шиддат билан учиб ўтади. Кўзни очиб юмгунча болаларимиз улғайганини, сочларига оқ оралаган ота-онамизнинг янада чўкиб, кексайиб қолганларини сезмай қоламиз. Ва бир куни... атрофимизни фақат совуқ ва сукунат қоплагандагина кеч англаймиз.
Гоҳида телефонингизга келган ўша оддий хабар ҳақиқатан ҳам энг охиргиси бўлади. Гоҳида «кейин гаплашамиз» дея айтилган сўздан сўнг, ўша «кейин» ҳеч қачон келмайди.
Ёнингиздаги инсонларнинг тириклигида, нафас олиб турганида қадрига етинг. Кўксингизни тўлдириб турган сохта ғурурни енгиб, биринчи бўлиб қадам ташланг: «Кел, урушмайлик, сен мен учун азизсан», дейишга куч топинг. Чунки бу дунёда ҳақ бўлиб чиқишдан кўра армонларсиз, бахтли яшаш муҳимроқдир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ