Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш мўмин ва мўмина аёлга фарздир”, деганлар. Бу ҳадисдан шу нарса маълум бўладики, Ислом дини аёл кишига ҳам илм талаб қилишни фарз қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса розияллоҳу анҳо онамизга уйланмоқчи бўлганларида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Ислом умматига юксак бир фазилатни кўрсатдилар. У ҳам бўлса, оталик масъулятини ҳис қилган ҳолда қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳони турмушга бериш олдидан унга ўқиш, ёзиш ва динга доир илмларни бердилар. Ҳаттоки қизларига ўқиш ва ёзишни таълим бериш учун Бани Адий қабиласидан бир аёлни ёлладилар. Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо ҳалиги аёлдан етарлича илм олганларидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқдилар.
Тўйдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Умардан ҳалиги Бани Адийлик аёлни келиб Ҳафсага қолган илмлардан ҳам дарс беришни давом эттиришлигини айтдилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ! Ҳафса илмни яхши эгаллаб олди”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Ҳафсани илмни мукаммалроқ эгаллашини хоҳлайман”, дедилар. Шундан сўнг ҳалиги аёл келиб дарсни давом эттирди.
Абдушукур МУРОДОВ
Манба: Муҳаммад Мутавалли Шаъровийнинг “Мусулмон аёл фиқҳи” номли китобидан. 15-бет.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло айтади: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Раъд сураси, 31 - оят).
Шарҳ: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар...».
Яъни, Аллоҳнинг ваъдаси - қиёмат келгунча уларнинг эс-ҳушини жойига келтирувчи мусибатлар бошларига тушиб туради. Бу мусибатлар уларнинг қилган ишлари туфайли тушади.
«...ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар».
Ёки ўша мазкур эс-ҳушни жойига келтирувчи мусибатлар дунёнинг бошқа жойларига тушади. Ўша кофир ва осий бандалар яшаётган диёрларга яқин жойларга тушади. Токи улар ўша мусибатларни кўриб, ваъз-насиҳат олиб, ўзларига келсинлар ва иймон келтирсинлар.
«Тафсири Ҳилол» китобидан