Ким динни маҳкам тутса, қадри юксалади, ким ҳаққа интилса, фахру иззати мукаммал бўлади.
Изоҳ: Аллоҳнинг Каломида бундай оят бор: “Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) Ҳақ Йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир” (Бақара сураси, 256-оят). Ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқа – диндир. “Албатта Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом динидир” (Оли Имрон сураси, 19-оят), – дейди Аллоҳ таоло яна бир оятида. Ростгўйлик, ҳалимлик, ҳушёрлик, закийлик, камгаплик, соддадиллик, мардлик, шижоат, ҳаё каби феъллар инсонни виқорли қилади. Шунинг учун ҳам шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирган инсон салобатли кўринади. Динни маҳкам ушлаган кишининг қадри юксалиши шундан. Чунки у мудом Ҳаққа юзланган, демак, юксаклик сари интилган бўлади. Бу мукаммал фахрга лойиқ интилишдир.
Агар сизга бир инсон яхшилик қилишингиздан олдин раҳмат айтса, унинг орзусини рўёбга чиқаринг. Шунда унинг бошланган ишини охирига етказиб қўйган бўласиз.
Изоҳ: Агар кимдир сиздан умидвор бўлиб, ҳали қилмаган ишингиз учун раҳмат айтса, умидини сўндирманг, истагини бажо қилинг. Шунда раҳмат билан бошланган иш раҳмат билан ниҳоясига етган бўлади. Сизга ҳожати тушган одамнинг олдиндан билдирган миннатдорлиги сиз билан унинг ўртасида умумий хайрни пайдо қилади. У сабаб бошланган хайрни тўла-тўкис қилиб қўйиш энди сизнинг зиммангизда!
Мусибатга куюниш ҳам мусибатдир
Изоҳ: Мусибат ўз номи билан мусибатдир. Тақдирнинг зарбаларини хотиржам ва совуққон кутиб олувчи инсон камдан-кам топилади. Бир тоифа кишилар бу зарбалардан гангиб, аста-секин ўзига келади. Яна бир тоифа эса бошига тушган мусибатни каттартириб, ўзи унинг тагида қолиб кетади. Бу жуда аянчли ҳолат, бошга тушган мусибатдан кўра ҳам аянчлироқ ҳолат! Нега? Сабаби, ҳар қандай яхшию ёмон ишни Аллоҳдан деб билмоқ ва унга рози бўлмоқ мусулмон кишининг эътиқодидир. Демак, бўлган ишни “яхши” ёки “ёмон” деган ном билан сифатлашимиз нисбий. Аллоҳ таоло айтади: “Сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сизлар учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сиз билмассиз” (Бақара сураси, 216-оят).
Шундай экан, бизга ёқмаётган мусибат яхшилик бўлса-чи? Шак-шубҳасиз яхшилик! Чунки бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди. Уйингиз ёниб кул бўлди. Бу мусибат. Лекин жон омон қолди-ку! Жонга талафот етгандан кўра уйнинг ёниб кул бўлгани яхшироқ. Демак, биз бошида мусибат деб санаган нарсамиз сўнгида яхшилик бўлиб чиқяпти.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Дабдабали уйда, бойликларингизга ишониб, мол-дунёнгизга алданиб яшаётган эдингиз. Қани сиз ишонган, сиз суянган нарсалар? Барчаси бир лаҳзада йўққа чиқди. Ана шу лаҳзада дунёнинг ўткинчи ва суяниб бўлмас нарса эканини, ҳақиқий суянч нимада эканини англадингиз. Бу яхшилик эмасми?
Арабчадан Рашид ЗОҲИД
таржимаси.
Покистоннинг “The Diplomatic insight” порталида Покистон тинчлик ва дипломатик тадқиқотлар институти ижрочи директори Муҳаммад Асиф Нур қаламига мансуб Ўзбекистоннинг маърифатпарвар мероси сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
“Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги фақат Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг маҳобатида эмас. Бу қадим юртнинг энг катта бойлиги инсониятга ҳисоблашни, даволашни, осмон жисмларини кузатишни, эътиқодни англашни, адолат билан бошқаришни ва тилга тамаддуний оҳанг бағишлашни ўргатган буюк тафаккур соҳибларининг ворислигидадир”, –деб ёзган муаллиф.
Муҳаммад Асиф Нурнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бугун Ўзбекистонда музейлар, илмий марказлар, ихтисослаштирилган мактаблар, китобхонлик дастурлари ва маданий дипломатия орқали Учинчи Ренессанснинг пойдеворига тамал тоши қўйиляпти.
“Бу мақсад 2026 йил 17 март куни Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг очилиши билан янада аниқ ифода топди. 1 июнга қадар марказга ярим миллион киши, жумладан, 150 дан ортиқ хорижий делегация ташриф буюрди. Қарийб 2 000 нафар олим 810 та тегишли лойиҳада иштирок этди, 1 000 дан ортиқ маданий ашё эса хориждан Ўзбекистонга қайтарилди. Расмий маълумотлар мамлакат хотирани таълим ва миллий ишончга айлантираётганини кўрсатади”, – дея қайд этилган нашрда.
Шунингдек, мақолада 2026 йилда Самарқанд яқинидаги Имом Бухорий мажмуаси қайта қурилиб, зиёратчилар учун очилгани эътироқ этилган. Унда 10 минг кишилик масжид, музей ва илмий-тадқиқот муассасалари барпо этилди. Мажмуанинг кунлик ташриф буюрувчиларни қабул қилиш имконияти 65 минг кишига етди ва биринчи ойнинг ўзида мажмуага бир миллиондан ортиқ одам ташриф буюрди. Бу маскан зиёратни билим, тадқиқот ва маънавий тарбия билан уйғунлаштиради.
Муаллиф ўз мақоласида Амир Темур ва Темурийлар меросининг Ўзбекистон тарихи ва тараққиётида тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратган.
“Темурийлар даври нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тамаддунида ҳам муҳим палла ҳисобланади. Амир Темур Самарқандни қудратли давлат марказига айлантирди ва меъморчилик, илм-фан ҳамда маданият тараққиётини қўллаб-қувватлади. 2026 йилда Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда, Темурийлар тарихи давлат музейи қайта реконструкция қилинди ва апрель – Амир Темур ойи деб эълон қилинди”, – дейилади манбада.
Асиф Нурнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда маърифатпарварлик ғоялари ҳеч қачон фақат қўлёзмалар билан чекланиб қолмаган. У маҳаллада, устоз ва кексаларга ҳурматда, устоз-шогирд анъаналарида ва меҳмондўстликда яшайди. У Шашмақом оҳангларида янграйди, Лазги рақсида намоён бўлади, Аския санъатида тилга киради, бахшилар ижросида ҳикоя қилинади, атлас ва адрас матоларида ўз ифодасини топади. ЮНЕСКО томонидан тан олиниши бу анъаналарнинг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини тасдиқлайди.
Муаллиф ўз мақоласини “Ўзбекистоннинг маърифатпарвар меросининг илдизлари қадимий – аммо унинг ҳақиқий манзили – келажакдир”, – деган сўзлар билан якунлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати